«Made in Uzbekistan»: маҳаллий брендларни хорижда тарғиб қилиш.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги тўғрисида низом тасдиқланди (бундан кейин – Агентлик, ВМнинг 6.05.2019 йилдаги 373-сон қарорига қаранг).
Эслатиб ўтамиз, Агентлик Миллий банк ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси негизида ташкил этилган (20.12.2018 йилдаги ПҚ–4069-сон қарорга қаранг).
Агентлик зиммасига қуйидаги асосий вазифалар юклатилган:
- экспортни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш соҳасида давлат сиёсати амалга оширилишида иштирок этиш, экспорт салоҳиятини ривожлантириш давлат дастурлари амалга оширилишига кўмаклашиш;
- экспорт қилувчиларни, шу жумладан чет элда, маркетинг, нарх белгилаш, транспорт логистикаси, сертификатлаш, стандартлаштириш ва сифат назорати, солиқ ва божхона маъмуриятчилиги, чет эл бозорларига «ягона дарча» принципи орқали кириш масалалари бўйича ахборот ва маслаҳат билан қўллаб-қувватлаш;
- хорижий харидорни излашга кўмаклашиш ва экспорт контракти тузиш, шу жумладан уни тайёрлаш босқичигача музокаралар жараёнига кўмаклашиш;
- миллий маҳсулотларни хорижга экспорт қилиш бўйича вазирликлар, республика идоралари, вилоятлар ва туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари билан ўзаро ҳамкорликни таъминлаш ҳамда экспорт қилувчиларга экспортни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари, мавжуд имтиёзлар ва преференциялар, ваколатли давлат ҳокимияти органларининг вазифалари ва функциялари ҳақидаги маълумотлар билан танишиш имконини яратиш;
- электрон ташқи савдо платформасини юритиш, маҳаллий экспорт қилувчилар, ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар ва хизматлар ҳақидаги маълумотлар базасини юритиш, ишлаб чиқариш ва экспорт фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига етакчи халқаро электрон савдо майдонларига киришда кўмаклашиш;
- маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг сифатли маҳсулотларни ишончли етказиб берувчи эканлигини тасдиқлаш учун ўзбек брендлари ва маҳсулотларини хорижда тарғиб қилиш бўйича «Made in Uzbekistan» дастурини амалга ошириш, шу жумладан «Made in Uzbekistan» миллий кўргазмасини, тармоқ ва минтақавий кўргазмаларни ва товарлар ярмаркаларини ҳар йили ўтказиш, шунингдек халқаро кўргазмалар ва тақдимотларда иштирок этиш орқали амалга ошириш;
- экспорт қилувчи ташкилотлар учун ўқув семинарлари ва тренинглар ҳамда хорижий мамлакатлардаги тадбиркорлик субъектлари учун ташқи савдо фаолияти масалалари бўйича бизнес-форумлар ташкил этиш ва ўтказиш;
- экспорт қилувчи ташкилотларга ҳам республикада, ҳам хорижда стандартлаштириш ва сертификатлаштиришнинг халқаро тизимларини жорий этишга, хорижий ваколатли органларда миллий маҳсулотларни ҳамда кўргазма стендларини рўйхатдан ўтказишга, республика ташкилотларининг халқаро кўргазма-ярмаркаларда иштирок этишини, шу жумладан анъанавий миллий маҳсулотлар ва брендларни потенциал сотиш бозорларига киритишда тақдимотлар ва реклама кампаниялари ўтказилишига молиявий кўмаклашиш.
Агентликка инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг тақдимномаси бўйича Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва ундан озод қилинадиган директор бошчилик қилади. Директорнинг бир нафар ўринбосари бўлади, уни инвестициялар ва ташқи савдо вазири лавозимга тайинлайди ва ундан озод қилади.
Агентликнинг хориждаги ваколатхоналари ташкил этилади. Уларни инвестициялар ва ташқи савдо вазири билан келишган ҳолда Агентлик директори очади.
Ҳужжатда Агентликнинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги, унинг раҳбарларининг асосий функционал вазифалари, фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ва ишчи индикаторлари ҳам белгиланган, шунингдек уни молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш, унинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш масалалари тартибга солинган.
Агентлик жойлашган манзил: Тошкент шаҳри, Тарас Шевченко кўчаси, 34-уй.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 6.05.2019 йилдан кучга кирди.
10.05.2019
15:11