Президент соврини учун анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган кўрик-танловнинг Самарқанд шаҳар босқичи бўлиб ўтди.
Шаҳарда саноат ишлаб чиқариши, хизмат кўрсатиш ва сервис тармоғини ривожлантириш, тадбиркорлик ва ҳунармандчилик борасида бошқаларга ибрат бўлаётган 90 нафар ишбилармон қатнашган танловда энг яхшилар эътироф этилиб, танловнинг вилоят босқичига йўлланма олди.
“Самарқанд ЕвроАзия текстиль” масъулияти чекланган жамияти директори Аслиддин Салоҳиддинов “Саноат соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори” деб топилди.
– Корхонамизда асосан эркаклар кўйлаги, чойшаблар ва турли хил матолар ишлаб чиқарамиз, – дейди “Самарқанд ЕвроАзия текстиль” масъулияти чекланган жамияти менежери Жасур Ғаниев. – Маҳсулотларимиз кўпроқ хорижга экспорт қилинади. Яқинда корхонамизга 100 миллион доллар миқдорида инвестиция киритиб, Хитойдан янги, замонавий ускуналар келтирдик ва 400 га яқин иш ўринлари яратдик. Марказий Осиёда ягона бўлган бу технология мато сифатини яхшилаб, чидамлилигини оширади. Натижада қисқа вақтда яқин ва узоқ чет давлатларга 100 минг долларлик маҳсулот экспорт қилдик.
Танловда “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори” йўналишида биринчилик “Амонов мебель текстиль” оилавий корхонаси раҳбари Шаҳрам Амоновга насиб этди. INNOVA “VRSUS Mediсal” масъулияти чекланган жамияти директори Шерзод Муҳиддинов “Хизмат кўрсатиш соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори”, якка тартибдаги тадбиркор Савлат Раҳмонов “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” йўналишларида ғолибликни қўлга киритди.
Бундан ташқари, бир қатор қўшимча номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, ташкилотчилар томонидан рағбатлантирилди.
Танловнинг туман, шаҳар босқичини 15 майга қадар якунлаш, вилоят босқичини эса жорий йилнинг 8 июнь куни Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номли марказий истироҳат боғида ўтказиш режалаштирилган.
17.05.2019
11:23