Ўз ССП да Ўзбекистон – Россия ишбилармонлари бизнес-форуми бўлиб ўтди.
“Россия таянчлари” Умумроссия кичик ва ўрта тадбиркорлиги жамоатчилик ташкилоти васийлик кенгаши раиси Сергей Борисов бошчилигидаги делегациянинг мамлакатимизга ташрифи доирасида 27 май куни Ўзбекистон – Россия ишбилармонлари бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Форумнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси биринчи ўринбосари Ислом Жасимов Россия Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий, инвестициявий соҳалар бўйича ишончли ҳамкори экани, икки давлат раҳбарларининг мунтазамлик касб этган мулоқотлари туфайли стратегик шериклик муносабатлари янги босқичга кўтарилганини таъкидлади. Олий даражадаги ташрифлар чоғида эришилган келишувлар барча йўналишларда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш имконини бераётгани қайд этилди.
Тадбирда Россиянинг туризм ва меҳмонхона хўжалиги, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларга ихтисослашган компаниялари Ўзбекистонда ўз фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича ҳамкорликка тайёр эканини билдирди.
С.Борисов мамлакатимизда амалга оширилаётган “Ҳар бир оила – тадбиркор” Давлат дастурига юқори баҳо берди. Мазкур дастур ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар ва тўпланган миллий тажриба билан яқиндан танишиш истагида эканини қайд этди.
– Икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини амалий мазмун билан бойитишга қаратилган мазкур ташриф Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ташаббуси билан ташкил этилди, – дейди С.Борисов. – Ўзбекистон дипломатларининг мамлакат иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб этиш борасидаги ушбу интилишлари россиялик элчилар учун ҳам намуна эканини қайд этиш жоиз.
Тадбирда мамлакатимиз инвестициявий салоҳияти ва “Россия таянчлари” Умумроссия кичик ва ўрта тадбиркорлиги жамоатчилик ташкилоти фаолиятига бағишланган тақдимотлар намойиш этилди.
– Ташкилотимиз 2003 йилдан бери фаолият кўрсатиб келмоқда, – дейди “Россия таянчлари” Умумроссия кичик ва ўрта тадбиркорлиги жамоатчилик ташкилоти вице-президенти Николай Дунаев. – Ташкилотимиз мамлакат бўйлаб 450 мингдан зиёд тадбиркорлик субъектларини ўз атрофида бирлаштиради, 100 дан зиёд соҳавий ассоциациялар ва уюшмаларга эгамиз. Бугунги кунда ташкилотимиз Россия ишбилармонларини ҳуқуқий, инвестициявий масалаларда қўллаб-қувватлаш билан бирга, ёшлар ва хотин-қизлар бизнес лойиҳаларини муваффақиятли амалга оширишига кўмак бериб келмоқда. Ушбу ташриф икки мамлакат кичик ва ўрта бизнес вакиллари ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш, улар манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган фаолиятни ташкил этиш масалаларини муҳокама қилиш имконини бергани билан аҳамиятли.
Бизнес-форум доирасида икки мамлакат ишбилармон доира вакиллари ўртасида “B2B” учрашувлари ташкил этилди.
Ўз ССП Ахборот хизмати ва ЎзА
28.05.2019
14:36