“Савдонинг рақамли экотизимини шакллантириш: тўсиқларни олиб ташлаш ва экспорт қилишда транзакцион харажатларни қисқартириш”
2019 йил 3 июлда “Alternatus” мунозаралар майдонининг навбатдаги “Савдонинг рақамли экотизимини шакллантириш: тўсиқларни олиб ташлаш ва экспорт қилишда транзакцион харажатларни қисқартириш” мавзусига бағишланган мунозаралари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикасининг 2017-2021 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар стретегиясида белгиланган вазифаларни амалга оширишда барча иштирокчилар учун тенг имкониятларни таъминлашга қаратилган рақобат сиёсатининг сифати ва самарадорлиги ошириш, шунингдек, истеъмолчилар учун маҳсулот ва хизматларнинг пастроқ нархлардаги сифати ва турларининг кенгайиши муҳим аҳамият касб этади. Шу муносабат билан самарали рақобат сиёсатини, жумладан, давлат-хусусий шерикчилик ва хусусийлаштириш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, мамлакатда электрон тижоратнинг тўла-тўкис бозорини яратиш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг товарлари(хизматлари)ни хорижий бозорларга тўсиқларсиз чиқишини кенгайтириш долзарб.
Юқоридагиларга асосан, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида, Тадбиркорлик фаолияти асосларига ўқитиш республика маркази, USAID “Марказий Осиёда рақобатбардошлик, савдо ва иш ўринларини ташкил этиш” лойиҳаси ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда «ALTERNATUS” мунозаралар майдонида «Савдонинг рақамли экотизимини шакллантириш: тўсиқларни олиб ташлаш ва экспорт қилишда транзакцион харажатларни қисқартириш» мавзусида навбатдаги мунозаралари ташкил этилмоқда.
Мунозаралар давомида электрон тижорат соҳасини ҳуқуқий тартибга солиш тизими, электрон тижоратнинг аҳолининг кенг қатламлари ва тадбиркорлик субъектлари учун фойдаланиш имкониятларининг мавжудлиги, хорижий бозорлардаги рақобат масалалари, ички бозорнинг рақамли экспорт имкониятлари ва рақобатбардошлиги, шунингдек, экспорт жараёнида тадбиркорларнинг харажатларини оптималлаштириш масалалари муҳокама қилинади.
Булардан ташқари, мунозаралар давомида ахборот-коммуникация технологияларини тадбиқ этиш, рақамли иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш, мамалакатимиз тадбиркорлик субъектларининг электрон савдо соҳасидаги халқаро ташкилотлар билан тўлақонли ҳамкорлиги, электрон тижоратнинг қулайлиги ва қийматини тарғиб қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинади.
Маълумот учун: Марказ томонидан Республикамизда 2019 йил ярим йиллигида жами 300 та бепул ўқув курслари ташкил этилган. Ташкил этилган ўқув курсларида 7312 нафар тадбиркорлик субъекти вакиллари ва аҳоли бепул ўқитилган бўлиб, уларнинг 6118 нафари сертификатлар билан тақдирланганлар. Ўқувлардан кейинги кузатишлар шуни кўрсатмоқдаки, жорий йилнинг Марказ тингловчиларидан 383 нафари тадбиркорлик фаолиятини янгидан бошлаган бўлса, 244 нафар тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятларини янада кенгайган.
Бунинг натижасида 1325 тадан ортиқ янги иш ўринлари яратилишига эришилган. Шунингдек, Марказ тингловчилари томонидан тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва янада кенгайтириш мақсадида жами 21,6 млрд. сўм миқдоридаги банк кредит маблағлари олинган. Олинган маблағлар асосан жойларда саноат кластерларини ташкил этиш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, дурадгорлик устахоналари, тикув цехларини очишга йўналтирилган, шунингдек асаларичилик, чорвачиликни кенгайтиришга, ўқув маркази очиш ҳамда савдо шаҳобчалари ташкил қилишга сарфланган.
ЎзССП Ахборот хизмати
03.07.2019
16:04