Давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳатти-харакатлари юзасидан тадбиркорлар мурожаатлари
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан 2019 йилнинг I-ярим йиллиги мобайнида давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳатти-харакатлари юзасидан тадбиркорлар қилган мурожаатларини кўриб чиқиш аҳволи тўғрисида маълумот берилди.
Палатанинг Суд, ҳуқуқни мухофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилиш бошқармасига 2019 йилнинг I-ярим йиллиги мобайнида 310 та назорат ҳужжатлари келиб тушди. Шундан 59 тасини тадбиркорлик субъектларининг суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, назорат қилувчи ва махаллий давлат хокимияти органлари мансабдор шахсларининг ҳатти-харакатлари (ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги)дан норозилик билдириб ёзган мурожаатлари ташкил этади.
Палатага келиб тушган мурожаатлардан 17 таси Тошкент шаҳри, 5 тадан Самарқанд, Тошкент, Қашқадарё ва Жиззах вилоятлари, 4 тадан мурожаат Хоразм ва Сирдарё вилоятлари хиссасига тўғри келади, қолган 11 та мурожаат бошқа вилоятлардан юборилган.
Давлат органлари қарорларига нисбатан келиб тушган мурожаатлар кўриб чиқилиб, уларда баён этилган масалалар атрофлича ўрганиб чиқилганидан сўнг 56 таси Бош прокуратурага юборилди. Мазкур мурожаатларда кўтарилган масалалар ваколатли давлат органлари томонидан ўрганиб чиқилиб, жавоб хатлари олинди.
Бош прокуратурага йўлланган мурожаатлардан 33%да кўтарилган масалалар тадбиркорлар фойдасига хал этилди, 57% мурожаатларда тадбиркорлар томонидан келтирилган важлар ўз тасдиғини топмади, 10% мурожаатлар бўйича ваколатли органлардан жавоб хати олиш муддати етиб келмаган.
Шунингдек назорат қилувчи органлари қарорларига нисбатан келиб тушган 3 та мурожаат ўрнатилган тартибда суд идораларида кўриб чиқилди. Шундан 1 та ҳолатда Тошкент туманлараро иқтисодий суди томонидан Тошкент шаҳар ДСБнинг даъво аризаси бўйича “Megaplast” МЧЖга нисбатан солинган 74 млн. сўм жарима апелляция инстанциясида Палата ходими иштирокида кўриб чиқилиб, 1-инстанция судининг хал қилув қарори бекор қилинди.
Тадбиркорларга нисбатан юритилган иш материалларидан 2 таси судлар иш юритувида, яъни “Янгийўл ёғ-мой” АЖга нисбатан иш материали Тошкент шаҳар Яшнобод туман маъмурий суди ва “Сирдарё иккиқорамет” МЧЖга нисбатан иш материали жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди иш юритувида.
Тошкент шаҳар Чилонзор туманида 2 та ҳолатда фаолият юритаётган “Чилонзор таом” ва “Осиё МК” МЧЖларга нисбатан туман ДСИ томонидан ВМнинг 04.09.2018 йилдаги 3928-сон қарорига асосан фойдаланилмаётган бинолар учун ер ва мол-мулк солиқларини икки карра тўлаш таъсир чораси қўлланилганлиги шаҳар прокуратураси томонидан ўрганилганида, аслида ушбу биноларда тадбиркорлар фаолият юритаётганлиги аниқланиб, ушбу таъсир чоралари бекор қилинган.
Тадбиркорларнинг аксарият мурожаатларида томонидан кўтарилган масалалар улар фойдасига хал этилмаганининг асосий сабаблари – улар томонидан қонунчилик талаблари билиб-билмай бузиш, бир қатор ҳолатларда эса назорат қилувчи органлар мансабдор шахслари билан ўртада зиддият юзага келиши, тадбиркорлар фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш, айрим холларда тадбиркор фойдасига чиқарилган суд қарорлари ижросини таъминламасликдан иборат.
Мисол учун, 2017 йил март ойида Шайхонтохур тумани ДСИ томонидан “Ozmaloyl” МЧЖ ҳисоб рақамидан 377 млн.400 минг сўм ундириб олинган. Жамият туман ДСИ ва ДСҚдан ушбу маблағ Вазирлар Маҳкамасининг сир тутилган қарори асосида ундирилганлиги тўғрисидаги жавоблардан норози бўлиб ундирилган маблағларни қайтариш тўғрисидаги мурожаати Бош прокуратура томонидан алоҳида назоратга олиниб, “Ozmaloyl” МЧЖдан ундириб олинган маблағлар жамият фойдасига тўлиқ қайтарилиши таъминланган.
Ўртачирчиқ туманида фаолият юритаётган тадбиркор Б.Ёқубованинг туман ДСИ ходимлари фаолиятига тўсқинлик қилаётганидан норози бўлиб ёзган мурожаати асосида Тошкент вилоят прокуратураси кўрсатмасига асосан туман ДСИда хизмат текшируви ўтказилиб, натижада солиқ ходими Х.Мелиев ўзига бириктирилган ҳудудда ноқонуний савдога чек қўйиш, тадбиркорлар фаолиятини назорат қилиш борасида ўзига юклатилган вазифаларни тўлақонли амалга оширмаганлиги боис эгаллаб турган лавозимидан бўшатилган.
Бекобод туманида фаолият юритаётган “Боқиева Назира” ф/х раҳбари Н.Бақиеванинг суд қарорига асосан унинг фойдасига “Кучлик нефть базаси” УКдан 6 млн.700 минг сўм ундириш бўйича Ўртачирчиқ туман МИБ ходимлари харакатларидан норозилик билдириб ёзган мурожаати Бекобод туман прокуратураси томонидан алоҳида назоратга олиниб, 04.02.2019 йилда қарздор ҳисоб рақамига банд солиниб, 13.05.2019 йилда “Н.Бақиева” ф/х хисоб рақамига 6 млн.700 минг сўм тўлиқ ўтказиб берилиши таъминланган.
Ўз ССП Ахборот хизмати
03.07.2019
17:19