Россия Федерациясига мева-сабзавот маҳсулотларини “Яшил йўлак” тизими орқали Ўзбекистон Республикасидан соддалаштирилган тартибда экспорт қилиш имкониятлари
Россия Федерацияси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ўртасида 2017 йил феврал ойида Ўзбекистон Республикасидан Россия Федерациясига юқори фитосанитар хавфли мева ҳамда сабзавотларни олиб киришда фитосанитария талабларига риоя қилиш тўғрисида баённома имзоланган.
Ушбу ҳужжатга биноан, Ўзбекистоннинг мева ва сабзавот маҳсулотлари Россия ҳудудига фитосанитар сертификати асосида олиб кирилиши ва ўсимлик карантини пунктларининг махсус жойларида текширилиши белгиланган.
Мазкур баённомадан келиб чиқиб, божхона расмийлаштируви
ва фитосанитар назорат жараёнларини янада тезлаштириш мақсадида ҳозирги кунда “Яшил йўлак” тартибида фитосанитар кўригини ўтказиш пунктлари сони 12 тага етказилди.
Мазкур ҳужжатга кўра Ўзбекистон Республикасидан Россияга экспорт қилинаётган мева-сабзавот маҳсулотлари учун “Яшил йўлак” тартибида соддалаштирилган божхона кўригидан ўтказишга мазкур маҳсулотларга Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган тартибда фитосанитар сертификати расмийлаштирилган тақдирда рухсат берилади.
Бунда фитосанитар сертификатнинг “Олиб кириш белгиланган манзил” графасида Россиянинг давлат чеграсида ўтказиш пункти тўғрисидаги маълумот киритилган бўлиши лозим.
Россияга “Яшил йўлак” орқали соддалаштирилган тартибда олиб кириладиган мева-сабзавот маҳсулотлари қадоқланган идишларда тегишлича маркировка қилинган бўлиши ва унда мазкур маҳсулотни ишлаб чиқарувчи ва экспортер тўғрисида маълумот киритилган бўлиши лозим.
“Яшил йўлак” тизими орқали фитосанитар сертификати мавжуд бўлган мева-сабзавот маҳсулотлари юкланадиган транспорт воситаси, контейнер, қадоқловчи материаллар уларга маҳсулотлар жойлаштирилишидан аввал фитосанитар хавфни келтириб чиқармаслиги учун ўрнатилган тартибда тозаланиши ёки зарарсизлантирилиши лозим.
“Яшил йўлак” тартибида Россияга экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари бўйича расмийлаштирилган фитосанитар сертификатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини Давлат инспекцияси томонидан алоҳида реестр юритилади ва барча берилган фитосанитар сертификатлар тўғрисидаги маълумот ушбу реестрда акс эттирилади.
Шунингдек, Россия томони билан келишувга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчилар рўйхатини юритиб боради.
Бундан ташқари “Яшил йўлак” тизимига киритилмаган Россиядаги бошқа давлат чегарасида ўтказиш пунктлари ва вақтинчалик сақлаш омборлари орқали мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш одатдагидек тартибда амалга оширилиши белгиланган.
Қўшимча маълумот олиш учун Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини давлат инспекциясига (манзил: 100100, Тошкент шаҳри, Бобур кўчаси, 17-уй) (+99871) 253-66-02 телефон рақами бўйича мурожаат қилиш ёки https://www.karantin.uz/ веб-сайтига кириш мумкин.
Ўзбекистон Республикасидан мева-сабзавот маҳсулотларини фитосанитар сертификатлари расмийлаштирилган ҳолда соддалаштирилган тартибда олиб кириладиган Россия Федерациясидаги “Яшил йўлаклар” РЎЙХАТИ
02.10.2019
12:32