Ўзбекистонлик фермерлар олмазорлар яратишнинг замонавий усулларини ўрганадилар
Ўзбекистон савдо-саноат палатаси ва БМТ Тараққиёт Дастури ҳамкорликдаги лойиҳаси “Ўзбекистон бизнес-форуми (III-фаза)” нинг инклюзив ва барқарор иқтисодий ривожланиш йўналиши доирасида замонавий интенсив олмазор боғлар яратиш бўйича маҳаллий ўзига хосликлар инобатга олиниб тузилган амалий қўлланма ишлаб чиқилди. Шунингдек, бу мавзуда ўзбекистонлик фермерлар учун тренинглар ташкил этиш мўлжалланган.
Ўзбекистонда 261,8 минг гектар боғ майдонларидан 120,5 минг гектарини уруғлик мевазорлар ташкил этади. Шунинг 95%и олмазор боғлардир. Бу мамлакатдаги боғларнинг тахминан 44%ини олмазорлар ташкил этади, демакдир. Олма дарахтларининг кенг тарқалганлиги унинг турли тупроқ ва иқлим шароитларига мослашувчанлиги, чидамлилиги, ҳосилдорлигини кўп йиллар давомида сақлаб қолиши, мевасининг фойдалилиги ва товар маҳсулоти сифатидаги тижорий қиммати билан изоҳланади.
Президент И. Каримов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йил учун мўлжалланган иқтисодий дастурнинг устувор йўналишларига бағишланган йиғилишида “Замонавий агротехнологияларни жорий этиш ва фермерларни юқори унум билан ишлайдиган қишлоқ хўжалиги техникаси билан таъминлаш ҳисобидан қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида интенсив усулларга ўтиш ушбу соҳани барқарор ва самарали ривожлантиришда энг муҳим йўналиш ҳисобланади” деб таъкидлаган эди.
Бугунги кунда мамлакатда қишлоқ хўжалик экинларини парваришлашнинг ҳосилдорликни 2-3 баравар ошириш имконини берувчи интенсив усулларини жорий этиш бўйича фаол иш олиб борилмоқда. Бунда, мисол учун, анъанавий усулда парваришланган мевали дарахтларнинг ҳосилга кириши учун 4-5 йил керак бўлса, интенсив боғдорчиликда дарахтлар иккинчи ва учинчи йилларданоқ мева бера бошлайди.
Бироқ Ўзбекистонлик фермерларда олмазор боғларни яратишдаги замонавий технологиялар борасида билимларнинг етишмаслиги кўп ҳолларда ҳосилдорликнинг пасайиши, маҳсулотнинг товар сифатидаги таннархининг юқори бўлиши, шунингдек, рақобатбардош маҳсулот экспорти имкониятларининг тушишига олиб келади.
Фермерларнинг бу борадаги билимларини ошириш мақсадида лойиҳа доирасида Ўзбекистон шароитида олмазорларни интенсив усулларга таяниб парваришлаш бўйича амалий қўлланма ишлаб чиқилди.
Йўриқнома интенсив олмазор боғларни яратишнинг кўчат ўтқазиш, кесиш, ўғит солиш, зараркунанда ҳашаротлар ва касалликлардан ҳимоялаш, ҳосилни йиғиштиришдан тортиб, тайёр маҳсулотни бозорга чиқаришгача бўлган босқичлардаги самарали технологиялар ҳақидаги ахборотни ўз ичига олади. Фермерларга ёрдам сифатида қўлланмада бир гектар ер майдонида олмазор боғ яратишнинг бизнес-режаси ҳам келтирилган.
Қўшимча тарзида кенг тарқалган олма навлари, олма дарахтига тушиши мумкин бўлган касаллик ва заракунандалар ҳамда уларга қарши кураш чоралари ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган “чўнтак карточкалари” ҳам ишлаб чиқилди. Ихчам ҳажмдаги, иллюстрациялаштирилган карточкалар – маълумотларни етказишнинг қўлланилиши қулай шаклидир.
Мазкур қўлланма “Sasol” компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, шунингдек, Германия иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш федерал вазирлиги (BMZ) молиявий кўмагида Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) GmbH нинг “Ўзбекистоннинг танланган ҳудудларида иқтисодиёт ривожланишини қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси доирасида нашр этилди. Чоп этилган материаллар Ўзбекистонлик фермерларга бепул тарқатилади.
Бундан ташқари, фермерлар учун олмазорлар яратиш масалаларига бағишланган тренинг машғулотлари ўтказилади. Ҳамкорликдаги лойиҳа доирасида ташкил этиладиган тренинг машғулотларида Ўзбекистоннинг олти вилоятидан 400дан ортиқ фермерлар, шу жумладан, аёллар ҳам соҳа бўйича билимларини мустаҳкамлаши режалаштирилган.
Амалга оширилаётган ушбу тадбирлар фермерларнинг олма дарахтлари культивацияси, қишлоқ хўжалиги соҳасига замонавий технологияларни жорий қилиш ҳамда интенсив боғдорчилик усулларидан фойдаланиб, боғлар ҳосилдорлигини ошириш борасида билим ва малакаларини оширишга хизмат қилади. Бу ўзгариш ва такомиллаштиришлар қишлоқ жойларида янги иш ўринлари яратиш, аҳолини доимий даромад билан таъминлаш, турмуш даражасини ошириш, шунингдек, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги секторининг халқаро бозордаги рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
***
“Ўзбекистон бизнес-форуми (III-фаза)” лойиҳаси ССП ва БМТТДнинг қўшма ташаббуси бўлиб, лойиҳа онлайн хизматларни жорий қилиш, ме‘ёрий-ҳуқуқий асосни такомиллаштириш ҳамда инклюзив бизнес-моделларни ривожлантириш орқали мамлакатда қулай бизнес-муҳитини шакллантиришга қаратилган.
03.05.2016
16:08