Бизнес муҳитини яхшилаш учун яна бир муҳим қадам
Ҳурматли Тадбиркорлар! Бугунги кунда Ўзбекистон жахоннинг кўпгина давлатлари билан турли соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилмоқда, тадбиркорлик фаолиятига аҳолининг кенг қатламлари жалб этилмоқда.
Мамлакатнинг барча жабҳаларида олиб борилаётган кенг ислоҳотлар тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий хужжатларга ўз вақтида тегишли қўшимча ва ўзгариштиришларни киритиб боришни тақозо этмоқда ва ушбу жараёнда соҳага оид тартиб-таомиллар қайта кўриб чиқилиб, бугунги кун талабига мос келмайдиган ғовлар ва бюрократик тўсиқлар бекор қилинмоқда, тадбиркорликка тўсқинлик қилаётган ҳолатлар бартараф этилмоқда.
Мамлакатимизда бизнес юритиш учун янада қулай шарт-шароитларни яратиш, иқтисодиётга хорижий ва маҳаллий инвестицияларни кенг жалб этиш ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида Давлатимиз Раҳбари томонидан жорий йил 20 ноябрь куни “Мамлакатда бизнес муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4525-сон Қарор имзоланди.
Мазкур қарорда жамиятимизда рўй бераётган ижобий ўзгаришлар нуфузли ҳорижий давлатлар ҳамжамияти томонидан тан олинаётгани билан бирга, хорижий экспертлар томонидан тайёрланган жорий «Бизнес юритиш» ҳисоботи рейтингида Ўзбекистон 69-ўрини эгаллаганлиги ва энг жадал ривожланаётган 20 та давлат қаторида жой олганлиги эътироф этилган.
Мазкур Қарорга асосан, тадбиркорларнинг фаолиятини енгиллаштириш мақсадида 2020 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги талаблар бекор қилинмоқда:
- тадбиркорлик субъектлари – юридик шахслар ўртасидаги кўчмас мулк олди-сотди шартномаларини тарафлардан бирининг талаби бўйича нотариал тасдиқланганда коммунал хизматлар бўйича қарздорликларни текшириб олиш;
- солиқ органларига солиқ тўловчилар томонидан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг аризани ҳамда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказувчи органлар томонидан тегишли ҳудудда жойлашган ер участкаси ва бошқа кўчмас мулк, унинг мулкдорлари тўғрисидаги маълумотни қоғоз кўринишда тақдим этиш;
- мева-сабзавот ва тўқимачилик маҳсулотлари ва буюмларини экспорт қилиш (пахтадан ташқари) учун зарур рухсатнома ва сертификатларни расмийлаштиришда тадбиркорлик субъектларидан тўлов ундириш.
2020 йил 1 февралдан:
- экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва сертификатлар «Ягона дарча» божхона ахборот тизими орқали расмийлаштирилади, ваколатли органларнинг автоматлаштирилган ахборот тизимлари ушбу тизимга интеграция қилинади;
- санитария-эпидемиология ва ветеринария, фитосанитария ва экологик назорат ўтказиш учун ундириладиган тўловлар миқдори ваколатли органнинг мазкур ҳужжатни бериш учун қилган харажатлари доирасида Молия вазирлиги томонидан келишилган ҳолда белгиланади;
- юридик шахслар томонидан даъво аризаси ва унинг иловаларини жавобгар ҳамда иқтисодий судга солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон тарзда юбориш мумкин.
2020 йил 1 октябрдан бошлаб қуввати 140 кВт гача бўлган электр ускуналарини электр тармоқларига тадбиркорлик субъектининг хоҳишига кўра, давлат хизматлари марказларига техник шартларни олиш учун мурожаат қилиш билан бир вақтда берилган сўровномасига асосан «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ маблағлари ҳисобидан уланади. Харажатлар тадбиркорлик субъектлари фойдаланган электр энергияси қийматига қўшиладиган устамалар ҳисобидан 1 йил давомида ундириб олинади.
Шу билан бирга, бошқа вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда Савдо-саноат палатасига ҳам бир қатор муҳим вазифалар юклатилган.
Улар жумласига:
- лицензиялаш ва рухсатнома бериш тизимини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини танқидий қайта кўриб чиқиб, уларни замон талабларига мослаштириш ва тизимлаштириш;
- лицензиялар ва рухсатномаларни расмийлаштиришда талаб этиладиган ҳужжатларни хатловдан ўтказиб, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ҳамда уларнинг муқобил шаклларини, хабардор этиш тартибини жорий этиш;
- Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорацияси “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботининг қурилиш учун рухсатномалар олиш, электр таъминоти тизимига уланиш, мулкни рўйҳатдан ўтказиш ҳамда халқаро савдо индикаторлари бўйича “давлат хизматларининг сирли мижози” институти қўлланилиши;
- Жахон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботининг ҳар бир индикатори бўйича батафсил маълумотлар акс этган махсус портал сифатида Интернет тармоғидаги businessinfo.uz сайтидан фойдаланиш ва уни доимий янгилаб бориш;
- Жахон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботининг ҳар бир индикатори бўйича амалга оширилган ислоҳотлар юзасидан кенг қамровли тарғибот ишларини ўтказиш режасини тасдиқлаш ва амалга ошириш.
Мазкур Қарор мамлакатимизда тадбиркорликни кенг ривожлантириш, кўплаб фуқароларни иш билан банд қилиш, республика худудларида ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, инвестициявий жозибадорликни ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
26.11.2019
17:54