Макка шаҳрида Ўзбекистон - Саудия Арабистони ишбилармон доираларининг Бизнес-форуми бўлиб ўтди
2019 йил 25 ноябрь куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг Саудия Арабистонидаги элчихонаси билан ҳамкорликда Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида Ўзбекистон - Саудия Арабистони ишбилармон доираларининг Бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Мазкур Бизнес-форум Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Саудия Арабистони Савдо палаталари кенгаши, Макка шаҳар Савдо-саноат палатаси ва Саудия Арабистони Инвестицияларни жалб этиш бош бошқармаси кўмагида ташкил этилди.
Ўзбекистондан мазкур бизнес-форумда 30 нафардан ортиқ маҳаллий тадбиркорлик субъектлари ҳамда 90 нафар Саудия компаниялари иштирок этдилар.
Тадбирни кириш сўзи билан Макка шаҳар Савдо-саноат палатаси Президенти Ал Каккий ҳамда Ўзбекистон томонидан Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Д.Ахадов очиб бердилар.
Саудия Арабистони компаниялари ва салоҳиятли инвесторлари эътиборига Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси бошқарма бошлиғи Ғ.Усмонов томонидан “Республикамизнинг инвестицион имкониятлари ва экспорт салоҳияти” мавзусида тақдимот қилинди.
Тадбир иштирокчиларига Саудия Арабистони Инвестицияларни жалб этиш бош бошқармасининг Халқаро ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи Ал Мифгаий томонидан Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги инвестициявий ҳамкорлик истиқболлари тўғрисида маълумот берди.
Бизнес-форум доирасида Наманган вилоятининг инвестициявий салоҳияти тўғрисида видеоролик намойиш этилиб, вилоятда амалга ошириш истиқболли саналган лойиҳалар тўғрисида Наманган вилоят ҳокимининг инвестиция масалалари бўйича ўринбосари О.Иномов томонидан тақдимот қилинди.
Шунингдек, тадбирда Саудия Арабистони Инвестицияларни жалб этиш бош бошқармаси масъул ходими Райан Бинсадиқ томонидан Саудия Арабистонини ривожлантиришнинг 2030 йилга мўлжалланган стратегияси тўғрисида батафсил тақдимот ўтказилди.
Бизнес-форум якуни бўйича Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ишбилармон доиралари ўртасида В2В форматида бизнес учрашув ташкил этилди. Мазкур учрашувда озиқ-овқат, тўқимачилик, нефть ва газ саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, ҳунармандчилик, транспорт ва логистика, кўчмас мулк масалаларида томонлар ўртасида музокаралар ўтказилди.
26.11.2019
19:24