“Ҳунарманд” уюшмаси матбуот анжумани
2019 йил 6 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4539-сонли қарорида белгиланган чора-тадбирлар юзасидан Матбуот анжумани ўтказилди.
Матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси А.Икрамов, "Ҳунарманд" уюшмаси раиси У. Абдуллаев., шунингдек, “Халқ банки”, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси, Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари милий ассоциацияси, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси масъул ходимлари, ҳунармандлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.
Анжуманни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.И.Икрамов кириш сўзи билан очиб берди.
Ўз нутқида Адхам Икрамов “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш, ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-5242 сонли Фармони қабул қилинганидан сўнг эришилган натижаларга тўхталиб ўтдилар. Хусусан, “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоларига 42 турдаги турли хил имтиёзлар берилганлиги, уюшма аъзолари сони 2.5 баробарга ошгани ва бугунги кунда улар сони 32 минг нафарга етганлиги хамда 53.5 минг нафар шогирдлар тайёрланишига эришилганлиги хақида таъкидлаб ўтдилар.
Шунингдек, “2018-2019 йилларда Ўзбекистон Республикасида ҳунармандчиликни ривожлантириш ҳисобига амалга ошириладиган лойиҳаларнинг йиғма дастури” тасдиқланиб, дастурга мувофиқ республикада 405.1 млрд. сўмлик 12 402 та ҳунармандчилик лойиҳаларига тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар ажратилди ва 46.4 мингта янги иш ўринлари яратилди”. 2018-2019 йилларда жами 18 млн. АҚШ доллари миқдорида ҳунармандчилик маҳсулотлари экспорти амалга оширилди.
Матбуот анжуманида "Ҳунарманд" уюшмаси раиси Улуғбек Абдуллаев Давлатимиз раҳбарининг “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4539-сонли қарорининг мазмун ва мохияти билан иштирокчиларни таништириб ўтди.Республика ҳудудлари 38 та туман (шаҳар) ҳунармандчилик фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича ихтисослаштирилди ва уларга Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналарини бириктирилди.
Қарорга кўра:
- Халқ амалий санъати усталарининг Миллий каталоги ташкил этилади ва 2020 йил 1 январдан бошлаб Миллий каталог очиқ ва умум фойдаланиладиган веб-сайт кўринишида ишга туширилади.
- Халқ амалий санъати усталарининг миллий каталогига киритиладиган номзодларни танлаш бўйича “Ҳунарманд” уюшмаси раиси раҳбарлигида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Бадиий академияси раҳбарлари ва масъул ходимларидан иборат бўлган Кенгаш тузилади.Миллий каталогга киритилган ҳунармандларга шогирдлар сони бўйича чекловлар ҳам бекор қилинади.
- Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси “Ҳунарманд” уюшмаси билан биргаликда туризм соҳасида фаолият юритаётган ҳунармандлар реестрини жорий этиши белгиланди.
- “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоларига ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун асбоб-ускуна, эҳтиёт қисмлар ва хомашё материалларини харид қилиш, ҳунармандчиликни ривожлантириш марказлари, “уста-шогирд” мактабларини ташкил этиш, уй-музей ва устахоналар қуриш ёки шу мақсадларда бино ва иншоотлар сотиб олиш, айланма маблағларини тўлдириш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаш ставкасидан ошмаган ҳолда 18 ой муддатга, базавий ҳисоблаш миқдорининг 250 бараваридан ошмаган миқдорда кредитлар ажратиши белгиланганлигини айтиб ўтди.
- 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб ҳунармандчиликка ихтисослашган ҳудудларда ҳунармандчилик ва халқ амалий санъати йўналишлари бўйича болалар мусиқа ва санъат мактаблари, “Баркамол авлод” болалар марказлари ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимидаги касб-ҳунарга ўқитиш марказларида ўқув курслари ташкил этилади.
- Икки ой муддатда йирик савдо мажмуалари ва деҳқон бозорлари ҳудудларида алоҳида “ҳунармандлар расталари”ни ташкил этилиши белгиланди. “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлган ҳунармандлар доимий равишда “ҳунармандлар расталари”га жойлаштириб борилади. Шу билан бирга Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг туман ва шаҳарларида миллий ҳунармандчиликнинг барча йўналишларини ўзида мужассам этадиган замонавий “ҳунармандлар бозори” ташкил этилади.
- Хунармандларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида “Сузук ота” мажмуаси мисолида ихтисослаштирилган ҳунармандчилик мажмуаларини ташкил этиш чораларини кўриш белгиланган.
- Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва “Ҳунарманд” уюшмаси билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида ҳамда Тошкент шаҳрида халқ амалий санъати ва ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазма заллари ва галереяларини ташкил этиши белгиланган.
- Республикада ҳунармандчилик соҳасининг ривожланишини баҳолаш учун тегишли индикаторларни Давлат статистика қўмитаси, Савдо-саноат палатаси ва “Ҳунарманд” уюшмаси билан биргаликда ишлаб чиқади ва уларнинг 2020 йилдан бошлаб ҳар чоракда оммавий ахборот воситаларида чоп этиб борилади.
- Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари мазкур қарорда белгиланган чора-тадбирлар ҳамда туман ва шаҳарларнинг ҳунармандчилик йўналишлари бўйича ихтисослашувидан келиб чиққан ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 2020-2021 йилларда ҳунармандчиликни ривожлантириш стратегияларини ишлаб чиқади ва ишлаб чиқилган стратегиялар бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида тақдимот ўтказади ҳамда тегишли тартибда тасдиқланади.
- Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ҳунарманд” уюшмаси билан биргаликда оммавий ахборот воситаларида ҳунармандчилик ва халқ амалий санъати тарихи ҳамда бугунги ривожини кенг тарғиб қилиб бориш мақсадида “Маданият ва маърифат” телеканалида мунтазам намойиш этиладиган ҳунармандчиликка оид телекўрсатувларни ташкил этилади.
Матбуот анжумани сўнгида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларини бердилар ва кониқарли жавоблар олишга мувоффақ бўлдилар.
06.12.2019
19:48