Нефть-газ соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари
“Ўзэкспомарказ”да “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU-2016” йигирманчи халқаро кўргазмаси доирасида “Ўзбекистон нефть-газ тармоғи: технологиялар, инвестициялар ва тараққиёт” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди.
“Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси томонидан “ITE Uzbekistan”, “ITE” компаниялар гуруҳи ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда ўттизга яқин мамлакатдан тўрт юздан зиёд олим ва мутахассис иштирок этди.
Конференцияда “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси бошқаруви раиси А.Султонов, Энергетика масалалари бўйича Европа комиссияси вице-президенти М.Шефчович ва бошқалар Ўзбекистонда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида иқтисодиётнинг кўплаб тармоқларида, жумладан, нефть-газ саноатида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар юксак самаралар бераётганини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон улкан углеводород захираларига эга. Мамлакатимизда нефть-газ саноатининг янги иншоотларини барпо этиш, мавжудларини реконструкция ва модернизация қилиш ишлари жадал давом этмоқда. Жаҳондаги етакчи инвесторлар иштирокида ўнлаб юқори технологик лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилаётир. Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 4 мартдаги “2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” бир неча йиллардан буён “Лукойл”, “Газпром”, “Петромаруз” (Россия), “KNOC”, “Kogas”, “Lotte Chemical” (Корея Республикаси), CNODC (Хитой), “PetroVietnam” (Вьетнам), “Sasol” (Жанубий Африка Республикаси) каби нуфузли компаниялар билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Биргаликда геология-қидирув ишларини ўтказиш, нефть ва газ конларини ўзлаштириш борасида қатор йирик сармоявий лойиҳалар амалга оширилаётир. Хусусан, шу йил 19 апрель куни Бухоро вилоятида “Лукойл” компанияси билан ҳамкорликда Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси қурилиши бошланди. “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси томонидан 2015-2019 йиллар давомида чет эллик ишбилармонлар билан ҳамкорликда 54 сармоявий лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Жорий йилда умумий қиймати 20,6 миллиард долларлик 38 инвестиция лойиҳасини бажариш режалаштирилган.
“Ўзбекнефтгаз” корхоналари Ўзбекистон Фанлар академияси институтлари ва олий ўқув юртлари билан янги технологияларни жорий этиш бўйича кўплаб лойиҳаларни амалга оширмоқда. Мамлакатимиздаги илмий-тадқиқот институтлари томонидан ишлаб чиқаришга татбиқ этилаётган инновацион лойиҳалар туфайли нефть ва кимё соҳасида ҳам кўплаб янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилишига эришилмоқда. Маҳсулотлар сифати янада яхшиланиб, жаҳон бозоридан мустаҳкам ўрин эгалламоқда.
– Ўзбекистон табиий газ қазиб олиш ва қайта ишлаш борасида улкан салоҳиятга эга, – дейди Халқаро газ иттифоқи бош котиби Пол Расмуссен. – Мазкур конференция ушбу соҳадаги ютуқлар, анъана ва йўналишлар билан танишиш имконини берди. Шу билан бирга, нефть-газ саноатини янада ривожлантиришга, фойдали бизнес алоқаларини ўрнатишга, соҳада халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Конференцияда Ўзбекистон нефть-газ саноатининг сармоявий салоҳияти, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, қўлга киритилаётган ютуқлар, янги имкониятлар, углеводород базаларини кенгайтириш, нефть ва газ конларини аниқлаш ва қазиб олиш самарадорлигини янада ошириш, халқаро ҳамкорликда ҳаётга изчил татбиқ этилаётган қўшма лойиҳалар, муқобил ва қайта тикланадиган энергия манбалари, энергия самарадорлигини оширишга доир масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди, маърузалар тингланди.
– “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU” халқаро кўргазмасида мунтазам иштирок этиб келамиз, – дейди Жанубий Кореянинг “KwangShin Machine” компанияси бош менежери Хо Жин Со. – Компаниямиз ҳаво ва газ компрессорлари, автомобилларга газ тўлдириш станциялари учун асбоб-ускуналар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Ўзбекистонда нефть-газ саноати соҳасида яратилган қулай сармоявий муҳит янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш имконини бермоқда. Мазкур кўргазма ва конференция ўзбекистонлик ҳамкорларимиз билан кўп йиллик алоқаларимизни янада кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Тадбир иштирокчилари Ўзбекистонда нефть ва газ қазиб олишни кўпайтириш ҳамда энергетик хавфсизликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, мамлакатимиздаги эркин индустриал ва иқтисодий зоналарда яратилган қулай сармоявий муҳит ва имкониятлар, инновацион технологиялар, шунингдек, юртимизда давом этаётган кенг кўламли хусусийлаштириш жараёни, иқтисодиётимизни ривожлантириш йўлида изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар билан танишди.
Анжуманда нефть-газ саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, замонавий технологияларни кенг жорий этиш, соҳага сармоя киритиш, хизмат кўрсатиш, углеводород конларини ўрганиш ва ўзлаштиришни такомиллаштириш, муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, Ўзбекистон ҳудудида янги конларни аниқлаш, ишга тушириш, газни қайта ишлаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш, халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.
20.05.2016
11:04