Ёш тадбиркорлар билимини мустаҳкамлади
Тошкент молия институтида “Ёш тадбиркор – юртга мададкор” танлови доирасида тарғибот семинари бўлиб ўтди.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, ишбилармон ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Давлатимиз раҳбарининг 2010 йил 28 июлдаги “Таълим муассасаларининг битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларда дастуриламал бўлмоқда.
“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, тижорат банклари, Савдо-саноат палатаси, Фермерлар кенгаши, “Ҳунарманд” уюшмаси ҳамкорлигида ўтказиб келаётган "Ёш тадбиркор – юртга мададкор" танлови ёшларнинг тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, оилалар иқтисодий барқарорлигига эришишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Семинарда мутахассислар тадбиркорлик соҳасида ўз ғоя ва ташаббусларига эга бўлган ёшларга мамлакатимизда кичик бизнес вакилларини қўллаб-қувватлаш борасида яратилган ҳуқуқий кафолатлар, бизнес-режа тузиш, банк кредитларидан фойдаланиш бўйича маълумотлар берди. Кичик бизнеснинг юридик мақомини танлаш, кредит сиёсати, корхона маркетинг стратегиясини ишлаб чиқиш каби мавзуларда фикр алмашилди.
18.05.2016
12:27