Яна бир қарор лойиҳаси юзасидан Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 878 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Истеъмол этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини реализация қилиш тартибини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
1. Лойиҳанинг 2-банди биринчи хатбошига кўра, “Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузурида Этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини лицензиялаш комиссияси тузилиши белгиланган.
Ушбу комиссия таркибига кўра, идоралараро комиссия шаклида бўлиши назарда тутилган.
Аммо, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 сентябрдаги ПФ-5185-сонли Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар Концепциясининг II-боби 3-бандига кўра, “Тегишли ваколатларни аниқ давлат органларига ўтказиш ва уларга қабул қилинаётган қарорларнинг натижаси учун жавобгарликни юклаш орқали давлат-ҳокимият ваколатлари берилган идоралараро коллегиал органларни (комиссиялар, кенгашлар, ишчи гуруҳлар ва бошқалар) тубдан қисқартириш” белгиланган.
Шунингдек, лицензияловчи органнинг бу каби шаклларда ташкил этилиши ушбу соҳада ортиқча бюрократик тўсиқлар пайдо бўлишига ҳамда лицензия олишда бир қатор муаммоларнинг келиб чиқишига олиб келиши мумкин.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 августдаги “Идоралараро коллегиал органларни тубдан қисқартириш ва янада оптималлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5527-сонли Фармони 4-бандига кўра, “Шундай тартиб белгилансинки, унга асосан қуйидагилар:
идоралараро коллегиал органларга давлат-ҳокимият ваколатларини бериш, қонунда белгиланган ҳоллар бундан мустасно;
амалий аҳамиятга эга бўлмаган, шунингдек, давлат бошқарувида, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида бюрократизм, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларнинг юзага келишига сабаб бўладиган идоралараро коллегиал органларни ташкил этиш ва фаолият юритиши;
идоралараро коллегиал органларга давлат органлари вазифа ва функцияларининг ўрнини эгаллашга, қабул қилинаётган қарорлар ва аниқ натижаларга эришиш учун жавобгарликнинг сусайишига олиб келувчи такрорловчи ва параллел функцияларни юклаш;
идоралараро коллегиал органлар ишига уларнинг фаолият соҳасига бевосита алоқаси бўлмаган давлат органлари ва ташкилотларини жалб этиш тақиқланади”.
Бундан ташқари, “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасига асосан, “Лицензияловчи органлар — қонун ҳужжатларига мувофиқ лицензиялашни амалга оширувчи махсус ваколатли органлар”дир.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, лойиҳанинг 2-бандини чиқариб ташлаш ҳамда шунга мос равишда лойиҳанинг бошқа бандларига ҳам тегишли ўзгартиришлар киритиш мақсадга мувофиқ.
2. Лойиҳанинг 3-бандига кўра, “Алкоголь ва ликёр-ароқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича мавжуд йиллик ишлаб чиқариш қувватларидан 60 фоиздан кам бўлмаган миқдорда фойдаланиш лицензион талаб сифатида белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Бунда, биринчи ярим йил якуни бўйича ароқ ва ликёр-ароқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватларидан 30 фоиздан кам миқдорда фойдаланиш лицензион талабнинг бузилиши сифатида баҳоланади”, - деб белгиланган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 августдаги 707-сонли қарори билан тасдиқланган “Истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 7-банди “п” ва “р” кичик бандларида юқоридаги каби шартлар лицензия талаблари сифатида белгиланган.
Аммо, ишлаб чиқаришга бундай талабларнинг қўйилиши биринчи навбатда, бюрократик тўсиқ ва коррупция ҳолатларига шароит яратиб берадиган ҳолат сифатида баҳоланиши лозим.
Чунки, ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражасини ўрганиш инсон факторини юзага келтириб, ҳар қандай суиистеъмолликларга олиб келиши аниқ.
Бундан ташқари, лицензиатнинг ўзи ишлаб чиқариш қувватларидан тўлиқ фойдаланишга интилади, акс ҳолда у зарар билан ишлаб, банкротлик ҳолатига тушиб қолади.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳанинг 3-бандини чиқариб ташлаш, шунингдек, лойиҳанинг 3-иловаси тегишли бандига Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 августдаги 707-сонли қарори билан тасдиқланган “Истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 7-банди “п” ва “р” кичик бандларини ва 40-бандини чиқариб ташлашни назарда тутувчи норма киритилиши тавсия этилади.
3. Лойиҳанинг 4-бандига кўра, “Инспекцияга Комиссия номидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор қилиш шарти билан истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи ҳамда алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналарни уларнинг молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда лицензион талабларнинг бажарилишини режали равишда ҳар 6 ойда бир мартадан кўп бўлмаган ва 5 кундан ошмаган муддатда текшириш ҳуқуқи берилади”, - деб белгиланган.
Бунда, тадбиркорлик субъектлари фаолияти устидан текширишларни ўтказишда режали текширишлар ўтказилиши ҳамда уни ўтказиш тегишли ваколатли органни хабардор қилиш тартибида амалга оширилишини белгилаш назарда тутилган.
Бироқ, юқоридаги Қонуннинг 21-моддасига асосан, лицензияловчи орган “лицензиатлар лицензия талаблари ва шартларига риоя этаётганлиги устидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишларни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли орган билан келишилган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда текширувлар ўтказиш” ҳуқуқига эгалиги белгиланган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил
27 июлдаги “Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5490-сонли Фармонининг 4-бандига кўра, 2018 йил 1-сентябрдан бошлаб тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар бекор қилинган.
Шунингдек, ушбу Фармоннинг 5-бандига асосан, “Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ташаббуси билан чиқиш тегишли тадбиркорлик субъектлари томонидан қонунбузарлик содир этиш хавфи даражасидан келиб чиқиб, текширувни ташаббус қилишни назарда тутувчи «хавфни таҳлил этиш» тизими натижалари асосида амалга оширилади”, - деб белгиланган.
Шу боис, лойиҳанинг 4-бандини чиқариб ташлаш тавсия этилади.
4. Лойиҳанинг 5-банди “б” кичик бандига кўра, “2020 йил 1 мартдан бошлаб алкоголь маҳсулотларини чакана савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтказилади”, - деб белгиланган.
Аммо, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги ПФ-5468-сонли Фармонининг 2-банди “в” кичик бандига мувофиқ, “йиллик обороти (тушуми) 1 миллиард сўмгача бўлган солиқ тўловчилар учун оборотдан (тушумдан) солиқни 4 фоиз миқдордаги базавий ставкадан келиб чиқиб ҳисоблаш ва тўлаш тартибини ҳамда қўшилган қиймат солиғини ихтиёрий равишда тўлаш имкониятини белгилаш” назарда тутилган.
Шу сабабли, лойиҳанинг 5-бандидан “в” кичик бандни чиқариб ташлаш тавсия этилади.
5. Лойиҳанинг 3-иловаси 2-бандига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 8 июндаги 474-сонли “Алкоголь ва тамаки бозорини самарали тартибга солишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори 1-иловаси
8-бандининг “ж” кичик бандини қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдириш белгиланган:
“алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг чакана савдоси билан шуғулланувчи ташкилотларда маҳсулотларнинг айланмаси ҳақиқий ҳажмларининг назоратини амалга оширади”.
Бунда, Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси томонидан алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг чакана савдоси билан шуғулланувчи ташкилотларда маҳсулотларнинг айланмаси ҳақиқий ҳажмларининг назоратини амалга оширилиши белгиланган.
Бироқ, юқоридаги қарор 1-иловаси 8-бандининг “б” кичик бандида мазкур Инспекция:
“истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг айланмаси ҳажмларини ҳисобга олиш ахборот тизимини ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажми ва айланмасини назорат қилиш учун яратади, жорий этади ва мувофиқлаштиради;
ахборот-коммуникация тизимлари орқали истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг ҳақиқий ишлаб чиқариш ҳажмлари ва айланмасини мониторинг қилади”, - деб белгиланган.
Кўриниб турганидек, амалиётда мазкур масалалар қонунчиликда аниқ белгиланган ва уни яна қайтадан мазкур лойиҳада назарда тутиш эҳтиёжи мавжуд эмас.
Шу боис, лойиҳанинг 3-иловасидан юқоридаги нормани чиқариб ташлаш тавсия этилади.
6. Лойиҳа 3-иловасининг 3-банди “б” кичик бандига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 августдаги 707-сонли қарори билан тасдиқланган “Истеъмол ва этил спирти, алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 7-бандини қуйидаги мазмундаги “х” кичик банд билан тўлдириш белгиланган:
“истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқаришда қўлланиладиган хомашё ва ёрдамчи материаллар сарфининг белгиланган меъёрларига риоя этиш”.
Бунда, мазкур талабни истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқаришда лицензия талабларидан бири сифатида белгилаш назарда тутилган.
Аммо, юқоридаги Низомнинг 7-банди “а” кичик бандига кўра, “истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқаришда(шу жумладан, сифати, сақланиши ва айланмасига риоя қилиш) қонунчиликка ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга қатъий риоя қилиш” лицензия талабларидан бири сифатида белгиланган.
Мазкур норма ушбу масалаларни ҳам тўлиқ қамраб олганлиги ҳамда уни алоҳида белгилаш зарурати мавжуд бўлмаганлиги сабабли лойиҳанинг 3-иловаси 3-бандидан ушбу нормани чиқариб ташлаш тавсия этилади.
7. Лойиҳа 3-иловасининг 3-банди “б” кичик бандига кўра, юқорида келтирилган Низомнинг 11-бандини қуйидаги мазмундаги “е1” кичик банд билан тўлдириш белгиланган:
“истеъмол этил спиртидан (узум ва резавор мева этил спиртидан ташқари) ароқ ва ликёр-ароқ маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар узумнинг техник навларини етиштириш учун камида 100 гектар ер майдони мавжудлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси маълумотномаси”.
Бунда, мазкур маълумотномани лицензия олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлардан бири сифатида бегилаш назарда тутилган.
Аммо, бу ортиқча ва кераксиз талаб бўлиб, амалиётда субъектда ер майдони мавжудлигини аниқлашнинг бошқа усуллари мавжуд.
Шу сабабли, мазкур нормани чиқариб ташлаш тавсия этилади.
8. Мазкур лойиҳа орқали Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 августдаги 707-сонли қарори билан тасдиқланган “Истеъмол ва этил спирти, алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида”ги Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган.
Шу боис, мазкур низомнинг бугунги кунда тадбиркорлик субъектларига нисбатан ортиқча талаб ва шартларни назарда тутувчи қуйидаги нормаларини чиқариб ташлаш таклиф этилади:
а) ушбу низомнинг 7-банди “с” кичик бандини. Унга кўра, “узумнинг мевали техник навларини етиштириш учун камида 100 гектар плантацияси ва вино-коньяк маҳсулотларини сақлаш ва етилтириш учун эман бочкалари мавжуд бўлган ташкилотлар томонидан табиий вино, виноматериаллар ва коньяк спиртлари ишлаб чиқариш ҳамда узумни қайта ишлаш фаолиятини амалга ошириш” лицензия талабларидан бири сифатида белгиланган.
Мазкур норма аниқ ифодаланмаган, ундан аниқ норма англашилмаган. Бундан ташқари, ушбу талаблар кераксиз ва ортиқча талаблар бўлиб, тадбиркорлик фаолиятини чеклайди.
Чунки, лицензиат хомашёни нафақат ўзи етиштириши, балки бошқа етиштирувчилардан сотиб олиши мумкин.
б) юқоридаги низомнинг 28-банди ва унга мос равишда бошқа нормалар. Мазкур нормаларга кўра, истеъмол ва этил спирти, алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини лицензиялашда лицензияни берганлик учун йиллик лицензия тўловлари ва унинг миқдорлари белгиланган.
Бироқ, “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Қонуннинг 26-моддасига кўра, “Лицензия берганлик ва лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтирганлик учун давлат божи ундирилади”.
Бундан кўринадики, амалдаги қонунчиликда лицензияни берганлик учун йиллик лицензия тўловлари назарда тутилмаган.
Бу борадаги фаолият давом этмоқда.
23.12.2019
13:08