Хоразм вилоятида саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси ўтказилди
Маълумки, 2019 йил йил 17 ноябр куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев раҳбарлигида тармоқ ва ҳудудларда маҳсулот ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва кооперация алоқаларини кенгайтиришга бағишланган видеоселектр йиғилишида республикамизда маҳаллийлаштириш борасида олиб борилаётган ишларни янада ривожлантириш ва кооперация алоқаларини кенгайтириш механизмларини жорий этиш мақсадида саноат ярмаркаси ва кооперация биржасини ўтказиш бўйича кўрсатма берилган эди.
Шу муносабат билан, Хоразм вилояти ҳокимлиги, Савдо-саноат палатаси, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги биргаликда Хоразм вилоятида саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси ташкил этилди.
Мазкур Саноат ярмаркаси ва кооперация биржасининг очилиш маросими ташкил этилиб, ушбу маросимда Хоразм вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Қ.Қ. Эгамбергинов, Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Ж.А. Мамажанов ва иқтисодий комплекс идоралари раҳбарлари иштирок этди.
Мазкур тадбирда 150 дан ортиқ Хоразмлик маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий Самарқанд вилоятларидан меҳмон тадбиркорлар ўзларининг машинасозлик, автомобилсозлик, электротехника, қурилиш, металлургия, кимё, нефт ва газ, озиқ-овқат ва енгил саноат, фармасевтика каби йўналишлардаги маҳсулотлари билан иштирок этишди.
Шу билан бирга, Хоразм вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан вилоятда бўш турган давлат мулк обектлари ва ер участкалари тақдимоти ҳам тадбиркорлар эътиборига ҳавола қилинди.
Хоразм вилоятида ташкил этилган ушбу тадбир жорий йилнинг 25 январ кунига қадар давом этади.
24.01.2020
17:34