«Pure Origin & Pure London 2020» кўргазмасида Ўзбекистон маҳсулотлари намойиш этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни ривожлантириш агентлиги, «Ўзтўқимачиликсаноат», «Ўзбекипаксаноат», «Ўзчармсаноат» ва «Ҳунарманд» уюшмалари вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси «Pure Origin & Pure London 2020» халқаро мода кўргазмасида иштирок этиш мақсадида Буюк Британияда бўлиб турибди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
«Pure Origin & Pure London 2020» замонавий урфдаги кийимлар ва улар жиҳозлари савдоси бўйича йирик тадбирлардан биридир. Йилида икки бор — февраль ва июль ойларида ўтказиладиган халқаро тадбирда 700 дан ортиқ бренд ва дизайнер ўз маҳсулотларини намойиш этади.
Ўтган йилги кўргазмада «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси ва бир қатор маҳаллий тўқимачилик компаниялари вакилларидан иборат мамлакатимиз делегацияси иштирок этган эди. Унда Наманган вилоятидаги «Vakkoni Collection» компанияси ва «The Notting Hill Gate Shopping Bag» дўкони ўртасида ҳар ойда 10 минг донадан Ўзбекистон пахтасидан тайёрланган кийимларни Британияга етказиб бўйича шартнома имзоланганди.
Бу йилги «Pure Origin & Pure London 2020» кўргазмасида мингдан ортиқ британиялик ва халқаро брендларнинг энг яхши кийим-кечак, поябзал ва жиҳозлари тақдим этилган.
Кўргазмада Ўзбекистон тўқимачилик ва тикувчилик корхоналари маҳсулотлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда. У биринчи навбатда табиийлиги ва атроф-муҳитга нисбатан уйғунлиги билан ажралиб туради. Бугунги кунда мода оламида нафақат кийимнинг умумий услуби, балки у қандай матодан тайёрланиши ҳам жуда муҳим.
Тадбирда мамлакатимизнинг тўқимачилик ва чарм саноатидаги савдо-иқтисодий, экспорт ва сармоявий салоҳиятига бағишланган видеофильм намойиш этилди.
Кўргазма доирасида мамлакатимиз делегацияси Халқаро чарм маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари кенгаши ва Буюк Британия Чарм маҳсулотлари федерацияси бош котиби Пол Пирсон билан самарали музокаралар ўтказди. Ҳамкор томон Ўзбекистон чарм маҳсулотларини Британия бозорига олиб киришга тайёр эканини билдирди.
Халқаро брендларнинг мамлакатимиз юқори сифатли чарм хомашёсига бўлган талабини инобатга олиб, Ўзбекистонда замонавий чарм буюмлар ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, уларни халқаро бозорга олиб чиқиш имкониятлари муҳокама қилинди..
Кўргазма доирасида мамлакатимизнинг Лондондаги элчихонаси кўмагида Ўзбекистон делегацияси билан Буюк Британия ва Европа давлатларининг салоҳиятли импортчилари, улгуржи савдо вакиллари, дизайнерлари ўртасида музокаралар ташкил қилинди.
«Westmark Retail Ltd», «Moje Fit, Splitit», «SIPPO», «Caprice», «Extras Group», «Alpe», «The Leather Mob», «Smiling Faces UK», «Jenttman» каби компаниялар вакиллари билан учрашувларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш имкониятлари ўрганилмоқда.
Манбаа: https://dunyo.info
11.02.2020
14:01