Бошқирдистон Республикаси делегациясининг Фарғона вилоятига ташрифи доирасида 3.2 млн. АҚШ долларлик шартнома имзоланди.
Жорий йилнинг 14 феврал куни савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, ўзаро манфаатли узоқ муддатли ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш, кластерларни яратиш ва ривожлантириш тажрибасини ўрнатиш мақсадида Бошқирдистон Республикаси Савдо ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Давлат Қўмитаси раиси Алексей Гусев бошчилигидаги делегация Фарғона вилоятига ташриф буюрди.
Фарғона вилояти ҳокимлигида Бошқирдистон Республикасининг делегацияси билан вилоят ҳокимининг ўринбосари М.Абдураҳмонов ва Савдо-саноат палатаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи О.Атабаевлар иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалаларини кўриб чиқдилар ва келгусида амалга ошириладиган чора-тадбирлар режасини белгилаб олдилар ҳамда Савдо-саноат палатаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси ва Бошқирдистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Ушбу учрашув давомида Фарғона вилоятида Бошқирдистон Республикаси Савдо уйини очиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Ташриф доирасида Делегация вакиллари Фарғона вилоятида фаолият кўрсатувчи ишлаб чиқариш корхоналари, интенсив боғлар ва мева-сабзавотларни қайта ишлаш корхоналари фаолияти билан таништирилди.
Бундан ташқари, Бошқирдистон Республикаси ва Фарғона вилоятидаги “Uz-Segang” МЧЖ ҚК ва “Agro Service Asia” МЧЖ каби йирик логистика корхоналари ўртасида 9 та ҳамкорлик шартномалари имзоланди.
Келгусида ташкилий ва савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш мақсадида Бошқирдистон Республикаси жамоат овқатланиш уюшмаси ва Фарғона вилояти Қувасой шаҳри ва Олтиариқ тумани ҳокимликлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик шартномалари имзоланди.
Ташрифнинг натижасида мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича 3,2 миллион AҚШ доллари миқдорида шартнома имзоланди.
17.02.2020
16:04