“Бизнесни яратиш йўлидаги етти қадам” мавзусида ўқув семинарлар ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга мурожаатномасидан келиб чиқиб, Учқўрғон туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинларида аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш, уларнинг иқтисодий саводхонлигини ошириш мақсадида “Бизнесни яратиш йўлидаги етти қадам” мавзусида уқув семинар ўтказилди.
Мазкур график асосида жорий йилнинг 12 феврал кунига қадар тумандаги 16 та маҳаллаларда семинарлар ўтказилди.
Ўтказилган семинарларда Савдо-саноат палатасининг вилоят ҳудудий бошқармаси, Тадбиркорлик асосларига ўқитиш республика маркази вилоят филиали ҳамда “Ҳунарманд” уюшмасининг вилоят бошқармаси вакиллари томонидан тумандаги аҳолига, аввало маҳаллалар эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилиши мумкин бўлган тадбиркорликни ташкил этиш, бунда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, иссиқхона, паррандачилик, чорвачилик, балиқчилик, асаларичилик, тикувчилик ва маиший хизмат кўрсатиш ҳамда ҳунармандчилик фаолият турлари, ҳунармандларга белгиланган имтиёзлар бўйича кенг тушунтириш ишлари олиб борилди. Ушбу семинарларда жами 400 нафардан зиёд фуқаро ва тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этиб, семинар жараёнида мавзу доирасида ўзларининг қизиқтирган савол ва таклифларини билдирдилар.
Жумладан:
- “Озод” МФЙ худудидаги аёллар томонидан ушбу ҳудудда ташаббускорлар томонидан 1 та тикувчилик цехини ташкил этиш орқали, ишсиз аёлларни иш билан таъминланишини;
- “Саноат” МФЙда яшовчи фуқаролар эса тижорат банклари томонидан берилаётган микрокредитларни тикувчилик фаолиятини бошлаш учун, фақат махсулот хом-ашёларини сотиб олишда нақд пул кўринишида беришни йўлга қўйиш таклифларини билдирдилар.
Шунингдек, “Учёғоч” маҳалласидаги аҳоли томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, ҳудудда етказилган мева-сабзавотларни сақлаш, музлатгич омборхоналар ташкил этиш, маҳсулотларни тайёрлов корхоналарига бевосита сотишни уюштириш юзасидан ҳам бир қатор таклифлар келиб тушди.
“Бизнесни яратиш йўлидаги етти қадам” мавзусидаги қисқа муддатли ўқув семинарларини ўтказишдан асосий мақсад, тумандаги аҳолининг ўз ҳонадонидаги шароит ва мавжуд имкониятлардан келиб чиққиб самарали фойдаланишга ўргатиш, шунингдек, бевосита маҳалла ичига кириб, маҳаллада яшовчи ахолини “руҳлантириш” асосида оилада қўшимча даромад манбаини шакллантиришнинг йўл –йўриқларини ўргатиш ҳамда уларни оилавий тадбиркорликка кенг жалб этишдан иборатдир.
Учқўрғон туманида юқоридаги каби ўқув семинарларини маҳаллалар кесимида кунма-кун ўтказиб бориш йўлга қўйилди ва амалга оширилган ишлар юзасидан қўшимча ахборотлар тақдим этиб борилади.
18.02.2020
10:28