Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тим Торлот Фарғона вилоятига ташриф буюрди
2020 йил 19 февраль куни Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Тим Торлот расмий ташриф билан Фарғона вилоятида бўлди.
Ташриф доирасида Тим Торлот ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Отабек Атабаев ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Музокарада қатор йўналишларда, айниқса савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий йўналишларда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Савдо-саноат палатаси фаолиятининг асосий йўналишлари, шунингдек, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш тизими ва бизнесни ташкил этиш, юритиш ва ривожлантиришда ёрдам бериш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Музокарада ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди.
20.02.2020
14:49