Савдо-саноат палатасида Палата ҳузуридаги ҳуқуқий масалалар бўйича Эксперт кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди
Ўзбекистон Республикаси Президенти 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида тадбиркорлик соҳасидаги лицензия ва рухсатномаларни камида 2 баробарга қисқартириш лозимлигини таъкидлаб ўтди. Ушбу масала юзасидан тадбиркорлик субъектлари фикрларини аниқлаш мақсадида жорий йилнинг 4 март куни Савдо-саноат палатасида Палата ҳузуридаги ҳуқуқий масалалар бўйича Эксперт кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилиш видеоконференция шаклида бўлиб ўтди ҳамда унда 200 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари иштирок этди.
Йиғилишда банк, микрокредит ташкилотлар, қимматли қоғозлар бозори, суғурта, лотерея соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлар мазкур соҳаларда мавжуд бўлган лицензия ва рухсатномаларни қисқартириш, уларни бериш жараёнини соддалаштириш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини ҳамда бир қатор таклифларни билдиришди. Хусусан, микрокредит соҳасида фаолият юритаетган айрим тадбиркорлар ушбу фаолият учун лицензия шарт деган фикрни билдирган бўлсалар, шу соҳанинг бошқа вакиллари эса лицензиялаш тартибини соддалаштириш ҳамда лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш, шунингдек бекор қилишни фақат суд тартибида амалга оширилишини белгилаб қўйиш лозим деган фикрни билдиришди. Шунингдек, тадбиркорлар ломбардлар фаолияти учун лицензияни бекор қилган ҳолда хабардор қилиш тартибини жорий қилиш бўйича таклифларни билдириб ўтишди.
Бундан ташқари, суғурта соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлар томонидан мазкур йўналишда лицензия зарурлиги, бироқ суғурта брокери учун лицензияни бекор қилиш лозимлиги таъкидланди.
Йиғилиш якунида Савдо-саноат палатаси Раисининг биринчи ўринбосари И.Жасимов тадбиркорларнинг таклиф ва мулоҳазалари йиғилиш Байнига киритилишини ҳамда тегишли ташкилотларга юборилишини маълум қилди.
05.03.2020
13:57