Самарқанд вилоятида тадбиркорлар қабули ўтказилди
2020 йилнинг 9 март куни Ўзбекистон савдо-саноат палатаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармасида Самарқанд вилоятинининг ҳокимлиги томонидан тадбиркорликни ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган муаммоли масалаларни кўриб чиқиш, бюрократик тўсиқларни бартараф қилиш, тадбиркорларнинг мурожаатларини тинглаш орқали уларга тезкор ечим топиш мақсадида тадбиркорлар билан учрашув ўтказилди.
Ўтган ҳафта давомида савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқармасига тадбиркорлар ва тадбиркорлик субъектлари томонидан 27 та мурожаат келиб тушди. Учрашувга қадар ишчи орган тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда 15 нафар тадбиркорларни қийнаб келаётган масалаларга амалий ёрдам кўрсатилди.
Масъул мутасаддилар томонидан тадбиркорни қаноатлантирувчи ечим топилмаган ёхуд ижроси муддат талаб этиладиган 12 та масалалар бевосита тадбиркорлар билан учрашувда атрофлича муҳокама этилди. Тадбиркорлар томонидан кредит ажратиш, мулкка эгалик ҳуқуқини олиш, ер майдони ажратиш, лицензия ва рухсатнома олиш билан боғлиқ масалалар кўтарилди.
Баъзи мурожаатларга аниқ муддат билан масъуллар бириктирилган бўлса, баъзиларига ҳуқуқий тушунчалар берилди. Яна баъзилари бўйича прокуратура идоралари томонидан ўрганиш олиб борилиши белгилаб олинди.
Шунингдек, учрашув давомида вилоят ер ресурслари давлат кадастри бошқармаси бошлиғи С.Ҳакимов, Самарқанд тумани ҳокимининг ўринбосари И.Комилов, вилоят кичик саноат зоналари дирекцияси бошлиғи А.Юсупов ва мутасаддиларнинг ўз вазифаларини бажаришдаги қўпол хатоликлари ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига белгиланган муддатларда муносабат билдирмаганликлари учун тегишлилиги бўйича жавобгарлик масалалари кўриб чиқилиши маълум қилинди.
09.03.2020
21:07