Фарғона вилоятида “Ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси” ўтказилмоқда
Саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда тармоқлараро ва ҳудудлараро кооперацияни ривожлантириш, хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик учун қулай шарт-шароитлар яратиш орқали саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш ва кичик тадбиркорлик субъектларини саноат кооперациясига кенг жалб этиш мақсадида жорий йилнинг 16-18 март кунлари Фарғона вилоятида “Ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси” ўтказилмоқда.
Саноат ярмаркасида вилоятда фаолият кўрсатувчи 150 дан зиёд саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи тармоқ ва ҳудудий корхоналар 800 дан ортик ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулотлар намуналари, ўзлаштирилиши режалаштирилаётган маҳсулотлар, саноат кооперацияси оркали маҳаллийлаштиришга таклиф қилинаётган маҳсулотлар турлари ҳамда истикболли лойиҳалари билан қатнашадилар.
Шу билан бирга ярмаркада йирик саноат корхоналари, кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳаси вакиллари, хўжалик бирлашмалари, қўшни давлатлар Тожикистон ва Қирғизистон Республикалари савдо-саноат палаталари вакиллари ҳамда мамлакатдаги ишбилармон доиралар вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.
Ярмарка кун тартибида саноат маҳсулотлари кўргазмалари, электрон кооперация биржаси портали (cooperation.uz) фаолияти, саноат кооперациясини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, маҳаллий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилишини янада кенгайтириш, кичик бизнес субъектларини саноат фаолиятига кенг жалб қилиш, инвестицион имкониятлар, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда тармок ва худудларда саноат салохиятини оширишга қаратилган тақдимотлар, “В2В” учрашувлар ва музокаралар каби тадбирлар жой олган.
Шу муносабат билан, жорий йил 16-18 март кунлари Фарғона шаҳар, Ўзбекистон кўчаси 58-уй манзилида жойлашган “Бизнес маркази”да бўлиб ўтадиган “Ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси”га маҳаллий тадбиркорлик субъектларини таклиф этамиз.
12.03.2020
15:23