ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши бошқаруви мажлиси бўлиб ўтди
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) 15 йиллик фаолияти давомида нуфузли минтақавий тузилма, самарали ва очиқ кўп томонлама бирлашма сифатида ном қозонди. Хусусан, хавфсизлик соҳасида аъзо-давлатларнинг ўзаро манфаатли иқтисодий алоқаларни жадал ривожлантиришга оид умумий манфаатларининг мос келиши ШҲТ ютуқлари ҳамда унинг жаҳонда тезкор суръатларда ўзгариб бораётган вазиятга узвий мослашувининг омилларидан бирига айланди.
ШҲТ таркибига Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси киради. Шунингдек, Белоруссия, Мўғулистон, Ҳиндистон, Эрон, Покистон ва Афғонистон кузатувчилар мақомига эга. 2015 йилда ШҲТ тизимида ташкилот таркибига Ҳиндистон ва Покистонни қабул қилиш тартиб-тамойили ишга жорий этилди.
2015 йилнинг 11 июлидан бошлаб ШҲТга Ўзбекистон Республикаси раислик қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси ШҲТга раислиги даврида раислиги даврида изчил мустаҳкамлаш, ўзаро ривожлантириш, ШҲТга аъзо давлатларнинг манфаатларига жавоб берадиган ҳамкорлик тамойилларига асосланиб, Ташкилотнинг халқаро майдондаги нуфузи муттасил равишда ўсишини таъминлаш бўйича тизимли ишларни давом эттирди.
Жумладан, ШҲТ фаолиятини янада такомиллаштириш, Ташкилот доирасида сиёсат, хавфсизлик, иқтисодиёт соҳаларида ўзаро ҳамкорликни ва гуманитар алоқаларни чуқурлаштиришга доир салмоқли ишлар амалга оширилди.
Ташкилотга аъзо давлатларнинг бирдамликдаги саъйи-ҳаракатлари билан Ташкилот доирасида, аввало, замонавий хавфсизликка таҳдидлар ва даъватларга қарши курашиш соҳасида ўзаро манфаатли кўп тармоқли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга қаратилган босқичма-босқич иш олиб борилмоқда.
Қайд этиш керакки, Ўзбекистон илдамлик билан савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш, ШҲТ давлатларининг бозорларида талаб этилган саноат маҳсулотларининг ўзаро таъминотларини кенгайтириш, ўзаро савдони рағбатлантириш учун қулай шароитларни шакллантириш, мазкур соҳада бошқа тадбирларни амалга ошириш каби масалаларни илгари суриш билан бир қаторда, ШҲТ давлатлари ўртасида инвестициявий ҳамкорликнинг тубдан ривожланиши, ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ва тармоқларида, аввало, ҳозирча сезиларсиз даражада ўзлаштирилган, улкан салоҳиятлар мавжуд юксак технологик соҳада ўзаро манфаатли лойиҳалар ва дастурларнинг амалга оширилишини кўзламоқда.
Бу борада ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши имкониятларидан тўлақонли фойдаланишга катта эътибор берилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 январдаги ПҚ-2476 сонли “Тошкент шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо-давлатлар раҳбарларининг Кенгаши мажлисига, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг ШҲТда раислиги доирасида бошқа тадбирларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, жорий йил 23 июнь куни ШҲТ саммити арафасида Тошкентда ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши Бошқарувининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Ишбилармонлар кенгаши 2006 йил 14 июнда Шанхай шаҳрида (Хитой) таъсис этилган бўлиб, ШҲТга аъзо давлатларнинг бизнес-жамиятлари вакилларини бирлаштиради. Ташкилотнинг мақсади ишбилармонлик ва молия доиралари ўртасида иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, тўғридан-тўғри алоқалар ва мулоқотни йўлга қўйиш, кўп томонлама лойиҳаларнинг амалий илгари сурилишини қўллаб-қувватлашдан иборат.
ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши Бошқаруви мажлиси ишида ШҲТ Бош котиби Р.Алимов, ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши Ижрочи котиби С.Канавский, ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши миллий қисмлари раислари – Ўзбекистон Республикасидан А.Шайхов, Қозоғистон Республикасидан Р.Баталов, Қирғизистон Республикасидан М.Шаршекеев, Хитой Халқ Республикасидан Х.Мэйцин, Россия Федерациясидан С.Катирин ва Тожикистон Республикасидан С.Шариф иштирок этди.
2016 йилда ШҲТ мулоқоти бўйича аъзо давлатлар, кузатувчилар ва ҳамкорларнинг бизнес тузилмалари вакилларининг Ташкилот фаолиятига фаол қўшилиши ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши фаолиятининг асосий йўналишига айланди.
Йиғилиш давомида фаолиятни ривожлантириш истиқболлари, жумладан, минтақа давлатларининг иқтисодий салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали яқин истиқболда ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш устуворликлари ва асосий йўналишлари муҳокама қилиниб, шунингдек, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, транспорт ва логистика, инновациялар, ахборот-коммуникация технологиялари, кўргазма ва ярмаркалар фаолияти, қишлоқ хўжалиги, туризм соҳаларини ҳамкорликда ривожлантириш орқали кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг турли жиҳатлари кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, кенгаш иштирокчилари томонидан ШҲТ давлатларида ўтказиладиган қўшма тадбирлар, хусусан, мунтазам равишда халқаро форум, кўргазма ва ярмаркаларни ташкиллаштириш ва уларда бизнес вакилларининг иштирокини таъминлаш орқали, ШҲТ давлатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш аҳамияти қайд этилди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси
Матбуот хизмати
24.06.2016
09:20