«COVID-19 Challenge 2020»
Ўзбекистонда COVID-19 пандемияси оқибатларини юмшатишга қаратилган инновацион ечимлар онлайн танлов ўтказилади.
“COVID-19 Challenge 2020" – бу COVID-19 пандемияси оқибатларини юмшатишга қаратилган инновацион воситалар ва ечимлар учун онлайн танлов бўлиб, унда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан инноваторлар COVID-19 пандемиясидан азият чекканларга ёрдам бериш учун билим, технология, тиббиёт ва тадбиркорликни бирлаштириб, ҳамкорликда инновацияларни яратишлари мумкин.
Коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистон ҳукумати инфекциянинг тарқалишига қарши курашиш учун бир қатор чеклов чоралари қабул қилингани туфайли, кўплаб одамлар ишсиз қолишди. Ҳозирда фуқароларнинг алоҳида тоифалари, шунингдек муайян ҳамжамиятлар ва корхоналар ёрдам ва қўллаб-қувватлашга муҳтож.
Шу маънода мазкур танловни ўтказиш – бу инноваторлар жорий инқирозни енгишга ёрдам берадиган янги воситалар ўйлаб топадиган, тажриба ўтказадиган ҳамда технологиялар ва рақамли ечимларни яратадиган онлайн платформа яратишга ҳаракатдир.
Тармоқли ва ўзаро ҳамкорлик ёндашув билан муҳим муаммоларга технологик ечимларни сафарбар қилиш, уларни аниқлаш ва жорий этиш орқали COVID-19 инқирозининг ижтимоий ва иқтисодий оқибатларини барчага, айниқса аҳолининг ҳимояга муҳтож гуруҳларига таъсирини камайтириш ва юмшатиш мазкур танловдан кўзланган бош мақсад ҳисобланади. Танлов тез жорий этса бўладиган ва миллий кўламда жадал оммалашадиган технологик ечимларни излашга қаратилган.
Танлов ташкилотчилари: БМТТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, ИТ-Парк, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи ва Инновацион Ривожланиш Вазирлиги қошидаги Ёшлар Академияси, Ўзбекистон савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш маркази, “Рақамли ишонч” жамғармаси, Жаҳон Банки ва ЙҲҲТ.
Шуни қўшимча қилиш мумкинки, танлов ташкилотчилари бир нечта лойиҳа жамоалари ўртасида фаолият ва аксалоқа йўналишида ёрдам кўрсатадиган экспертлар вазифасини бажарадиган менторлар билан елкама-елка ишлайдилар. Уларнинг мақсади бир вақтнинг ўзида муҳим ва амалга татбиқ этишга лаёқатли ечимларни яратишдан иборатдир. Ҳар бир йўналишга 4-5 нафар ментор жалб этилади.
ТАНЛОВ ҚУЙИДАГИ ЙЎНАЛИШЛАРДА БОʻЛИБ ЎТАДИ:
- СОҒЛИКНИ САҚЛАШ
- ЁРДАМГА МУҲТОЖ АҲОЛИГА КЎМАКЛАШИШ
- КИЧИК БИЗНЕС ВА БАНДЛИКНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ
- ЖАМОАТЧИЛИКНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ
- ТАЪЛИМ
- ХАБАРДОРЛИКНИ ВА ХУЛҚ-АТВОРНИ ЯХШИЛАШ
- БЎШ ВАҚТНИ САМАРАЛИ ЎТКАЗИШ
- БОШҚАЛАР
Танловда юқоридаги мавзуларда қамраб олинмаган ечим ва ғояларни ҳам таклиф қилиш мумкин.
Биз сизнинг фикрингизча муҳим ва танловга киритилиши лозим деб ҳисобланган ҳар қандай бошқа мавзулар бўйича инноваторларни ечимларни илгари суришга таклиф қиламиз. Ғояларни олға суринг ва ностандарт фикрлашдан уялманг!
Танловда исталган киши қатнашиши мумкин. Қизиқувчилар ва компаниялар рўйхатдан ўтиш ва таклиф этилаётган технологик ечим ғоясини онлайн шаклни тўлдириш орқали тақдим этишлари сўралади. Аризалар қабул қилингандан кейин лойиҳалар кўриб чиқилади. Муваффақиятли ғоя ва лойиҳалар муаллиф ва жамоалари онлайн суҳбатга таклиф этиладилар. Суҳбатдан муваффақиятли ўтган новаторлар менторликдан (онлайн модерация ва ақлий ҳужум) ўтадилар ҳамда якуний саралаш ва шартнома тузилишидан аввал лойиҳани ҳимоя қиладилар.
Камида 5-та истиқболли лойиҳа синовдан ўтказиш ва таклиф қилинган технологик ечимларни амалга татбиқ этиш учун ҳамкорлар томонидан тақдим этилган 10 000 АҚШ долларигача бўлган молиявий маблағ билан таъминланади.
Ташкилотчилар энг самарали ечимлар келгусида молиялаштирилиши ва жорий инқироз пайтида имкон қадар максимал эҳтимолий самарага эришиш йулида қўлланилишини таъминлаш мақсадида COVID-19 тарқалишининг олдини олиш бўйича Республика махсус комиссиясига мурожаат қиладилар.
Танловда қатнашиш талаблари, танлов қоидалари ва қўшимча маълумот қуйидаги ҳаволада тақдим этилган: http://covid-19challenge.it-park.uz/
08.04.2020
12:03