МЕДИАЦИЯНИ РИВОЖЛАНИШ МУАМММОЛАРИ ҲАҚИДА ФОЗИЛЖОН ОТАХОНОВ ФИКРИ
- Медиацияни ҳуқуқий асослари яратилганми?
- Ҳа, яратилган. 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида низоларини муқобил ҳал этиш усулларидан бири сифатида медиация тушунчаси, мақсади, вазифалари, механизмини белгиловчи “Медиация тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди.
Қонунга мувофиқ медиация суддан ташқари тартибда, суд жараёнида, суд ҳужжатини қабул қилиш учун суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киргунига қадар, шунингдек суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш ва ҳакамлик судида кўриш жараёнида ўтказилиши мумкин.
“Медиация тўғрисида”ги Қонун нормаларини ишлашини таъминлаш учун Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси, “Давлат божи тўғрисида”ги, “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги, "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги қонунларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан «Профессионал медиаторлар реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисида”ги Низом ва “Медиаторларни тайёрлаш дастури” қабул қилинди. Қонун ижросини таъминлаш мақсадида Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш марказида янги касб сифатида медиаторларни бир ойлик ўқитиш жараёни бошланди. Ҳозирги кунга қадар ушбу курсларни 41 нафар шахслар муваффақиятли тугатдилар.
Медиация институти АҚШ, Австрия, Буюк Британия, Германия, Сингапур, Хитой, Япония, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатларда муваффақиятли қўлланиб келинмоқда. Хусусан, АҚШда иқтисодиёт соҳасидаги, Японияда оилавий низоларнинг биронтаси медиация жараёнисиз ҳал қилинмайди. Медиацияни қўллаш натижасида 80-90 фоиз низоли ҳолатлар суд муҳокамасигача ҳал этилади.
Суд статистикаси таҳлилига кўра, биргина фуқаролик ишлари бўйича судларда кўрилган ишларнинг сони 2019 йилнинг 9 ойи мобайнида 199 244 та ташкил қилган, иқтисодий судларда шу давр мобайнида 140 050 та ишлар кўрилган. Бундай ҳолат эса судьялар иш ҳажмининг юқори даражада эканлигини ва бу ўз навбатида, улар томонидан қабул қилинаётган ҳал қилув қарорларининг сифатига салбий таъсир кўрсатаётганлигини қайд қилишга асос бермоқда.
Медиация тўғрисидаги қонунни қабул қилинишидан кўзда тутилган асосий мақсад низоларни ҳал этишнинг муқобил усулларини қўллаш, судларнинг иш ҳажмини камайтириш орқали одил судловни самарали амалга ошириш учун зарур шароит яратишдан иборат.
- Медиацияни ривожланишига нималар тўсиқ бўлаяпти?
- Медиацияни кенг миқёсда қўллаш орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишга тўсқинлик қилаётган қатор омиллар мавжуд. Хусусан:
биринчидан, махсус қонун қабул қилинганига бир ярим йилдан кўп вақт ўтганига қарамай мамлакатимизда фақатгина 41 та профессионал медиаторлар тайёрланди халос, бунга сабаб ўқув жараёни бир ой муддат қилиб белгиланганлиги ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида ҳақ олинаётганлиги;
иккинчидан, Адлия органлари томонидан Профессионал медиаторлар реестри юритила бошланди, аммо ушбу реестр уларнинг расмий веб-сайтларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг расмий веб-сайтига ҳанузгача жойлаштирилгани йўқ;
учинчидан, медиация институтининг мазмун-моҳияти ва афазалликларини аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида, шунингдек оммавий ахборот воситалари, интернет ресурсларида фойдаланган ҳолда тизимли равишда тарғибот ва ташвиқот қилиш ишлари амалга оширилмаяпти;
тўртинчидан, Ўзбекистонда медиаторлар фаолиятини мувофиқлаштириш, уларга услубий ёрдам кўрсатиш, медиацияга оид халқаро конвенцияларга қўшилиш бўйича илмий-амалий тавсиялар бериш, медиаторлар касб этикаси қоидаларини жорий қилиш ва бошқа вазифаларни амалга оширилишини таъминлайдиган нодавлат-нотижорат ташкилот тузилмаган;
бешинчидан, профессионал медиаторлар ўз фаолиятларини бошлаши учун медиация марказларини ташкил қилиш ва уларга зарур моддий-техника базасини, шу жумладан бино ва судларда алоҳида хоналар ажратиш бўйича ташкилий масалаларни ҳал қилинмаган;
олтинчидан, давлат органлари ва судларда профессионал медиаторлар тўғрисидаги маълумотлар мавжуд эмас;
еттинчидан, Қонунни қўллашда юзага келаётган баъзи муаммолар, хусусан, Қонунинг 12-моддасида “давлат вазифаларини бажариш учун ваколат берилган ёки унга тенглаштирилган шахс” медиатор бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган. Бу норма қандай тоифадаги давлат хизматчиларига тааллуқли деган ҳақли саволни беришга асос бўлмоқда. Агар у барча давлат хизматчиларига тегишли бўлса, давлат олий таълим муассасалари педагогларига ҳам тегишли бўлади. Аксинча медиация ривожланган мамлакатларда профессионал медиатор сифатида аксарият ҳолларда университетлар ва коллежларнинг педагоглари (профессор-ўқитувчилари) фаолият юритадилар.
Бундан ташқари Қонунда нопрофессионал медиаторлар ҳисобини юритиш масаласи ҳам очиқ қолдирилган.
- Медиацияни ривожлантириш учун қандай ташкилий-ҳуқуқий чоралар кўриш керак?
- Мамлакатимизда медиация институтини жадал ривожлантириш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш ва унда қуйидагилар назарда тутилиши мақсадга мувофиқ:
медиация институтини жадал ривожлантириш бўйича “Йўл харитасини” тасдиқлаш ва унда жумладан амалдаги Қонунга ва кодексларга тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш масаласини киритиш;
тарафлар ўртасида фақат профессионал медиатор иштирокида медиатив келишув тузилган бўлса, ариза кўрмасдан қолдирилиши ва давлат божи қайтарилиши;
нодавлат-нотижорат ташкилот мақомига эга бўлган, профессионал ва нопрофессионал медиаторларнинг аъзолигига асосланган Ўзбекистон медиаторлар палатасини ташкил этиш ва унинг асосий вазифаларини белгилаш;
Олий таълим муассасаларида, Судьялар олий мактаби, Бош прокуратура Академияси, Ички ишлар Академияси, Юристлар малакасини ошириш марказида медиация бўйича ўқув курсларини киритиш;
барча суд биноларида медиация хоналарни ташкил қилиш ва Профессионал медиаторлар реестрига киритилган медиаторлар тўғрисидаги маълумотларни кўргазмали жойлаштириш:
медиация институтни ривожлантиришнинг долзарб муаммоларига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция ташкил қилиш ва ўтказиш;
низоларни муқобил ҳал қилиш усули сифатида медиациядан фойдаланиш ва унинг афзалликлари ҳақида оммавий ахборот воситалари ва Интернет орқали кенг кўлами тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш ва бошқа ташкилий-ҳуқуқий масалалар.
10.06.2020
10:35