Савдо-саноат палатаси раиси бошчилигида Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлар ва ОАВ вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Икрамов ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси Қ.Сариев бошчилигида Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида тадбиркорлар ҳамда оммавий-ахборот воситалари ходимлари билан учрашув ташкил этилди. Шунингдек учрашувда Нукус шаҳрининг тегишли сектор раҳбарлари ва мутассадди ташкилот ходимлари ҳам иштирок этишди.
Учрашувни Савдо-саноат палатаси Раиси А.Икрамов ўз нутқи билан очиб берди ва Қорақалпоғистонда тадбиркорлик соҳасини янада ривожлантириш борасида амалга оширилиши керак бўлган ишларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Тадбир давомида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг биринчи ўринбосари - Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Тажетдинов Айбек Алтинбекович Қорақалпоғистонда саноат корхоналари фаолияти, биринчи ярим йиллликда амалга оширилган ишларнинг таҳлиллари, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ўсиш кўрсаткичларини янада яхшилаш ва ҳудудда тадбиркорликни ривожлантириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида тақдимот орқали ҳисботларни тақдим этди.
Шунингдек учрашувда Қорақалпоғистон Республикасининг Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ҳамда Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси бошлиғи иштирок этиб, ҳудуддаги мавжуд вазият бўйича ҳисоботларни тақдим этишди.
Шу билан бирга мазкур учрашув дебат шаклида ташкил этилиб унда тадбиркорларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берилди. Ҳамда кўмакка муҳтож оилаларга ёрдам бериш, “темир дафтар”га киритилган оилаларга алоҳида эътибор қаратиш масалалари кўриб чиқилди. Учрашув якунида оммавий-ахборот воситалари ходимлари билан суҳбат ташкил этилди. Шу каби учрашувлар Республикамизнинг барча вилоятларида ташкил этилиши режалаштирилмоқда.
04.09.2020
17:52