“Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги Қонун Сенат томонидан маъқулланди
2020 йил 11 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг еттинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисда ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Парламент юқори палатаси аъзолари томонидан 16 та масала, шу жумладан, 7 та қонун кўриб чиқилди. “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам муҳокама қилинди ва сенаторлар томонидан маъқулланди.
Қонун билан қуйидаги масалалар қамраб олинган:
- халқаро арбитражни ташкил этиш ва тугатиш тартиби, низолар турлари, давлат судларининг арбитраж суди фаолиятига аралашиш чегараси;
- арбитраж муҳокамасини юритиш тартиби;
- арбитраж ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижро этиш асослари ҳамда бошқа масалалар.
Ушбу қонун:
- илк бор Ўзбекистонда халқаро тижорат низоларини кўриб чиқишнинг ҳуқуқий асослари яратади;
- хорижий инвесторлар ва маҳаллий тадбиркорлик субъектларининг низолари хорижий давлатларда эмас, балки ортиқча сарф-харажатсиз ўзимизда ҳал этилишига имкон яратади;
- мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга ва хорижий инвесторларнинг қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилади;
- ташқи иқтисодий шартномалардан келиб чиқадиган низоларни кўришда бир қатор қулайликлар яратиб, муддатлар ва суд харажатларини қисқартиришга имкон беради
- хорижий инвесторларнинг мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимига нисбатан ишончини янада оширади.
Маъқулланган Қонун Президент томонидан имзоланиб, белгиланган тартибда эълон қилингач расмий кучга эга бўлади.
12.09.2020
13:17