Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 599 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳамда умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголь маҳсулотларини сотишни хабардор қилиш тартибида амалга ошириш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тўғрисида”ги Қарори (ID-21172) лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
1. Лойиҳа 1-иловасининг 18-банди биринчи хатбошисига кўра, “Юридик шахснинг номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, шунингдек, ихтисослашуви ва жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда, хабардор қилувчи ўн иш куни мобайнида тегишли маълумотларни давлат хизматлари марказларига тақдим этади”.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 августдаги ПФ-6044-сон Фармони билан 2021 йил 1 январдан бошлаб лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари“Лицензия” ахборот тизими орқали амалга оширилиши белгиланган.
Бунда, юридик шахснинг номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, шунингдек, ихтисослашуви ва жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда, бу маълумотларни ваколатли орган ўзаро электрон ахборот алмашиш тизими орқали олиши мумкин. Яъни, “Лицензия” ахборот тизимини тадбиркорлик субъектларини давлат рўйҳатидан ўтказувчи орган электрон ахборот тизимига интеграциялаш орқали амалга ошириш мумкин.
Юқоридагиларни инобатга олиб, лойиҳа 1-иловасининг 18-банди биринчи хатбошисини чиқариб ташлаш мақсадга мувофиқ.
2. Лойиҳада назарда тутилган нормалардан англашилмоқдаки, тадбиркорлик субъекти ваколатли органни хабардор қилгандан сўнг тасдиқнома олиши лозим. Яъни тадбиркорлик субъекти хабардор этиш тартибидаги фаолиятни ваколатли органнинг тасдиқномасини олгандан сўнг амалга ошириши мумкин.
Бироқ, шуни эътиборга олиш лозимки, хабардор қилиш тартибида тадбиркорлик субъекти ваколатли органни хабардор қилгандан сўнг амалга ошириши мумкин.
Шу билан бирга, хорижий тажриба, жумладан Қозоғистон Республикасининг “Рухсатнома ва хабарномалар тўғрисида”ги Қонуни 46-моддаси 4-бандида ариза берувчи тегишли хабарномани юборганидан сўнг фаолиятни ёки маълум ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳани тадбиркорлик субъекти ваколатли органга хабарнома юборган вақтдан бошлаб фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга эканлигини назарда тутувчи банд билан тўлдириш лозим.
3. Лойиҳа 2-иловаси 1-банди “а” кичик бандида Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари 57-бандини қуйидаги таҳрирда баён қилиш таклиф этилмоқда:
“Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш белгиланган тартибга ваколатли органни хабардор қилганлиги тўғрисидаги тасдиқнома асосида ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда онлайн назорат-касса машиналари ёки виртуал кассалардан, шунингдек банк пластик карточкаларидан тўловларни қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминалларидан, шунингдек, электрон ҳисоб-фактурадан мажбурий тартибда фойдаланган ҳолда юридик шахслар томонидан амалга оширилади.
Маҳаллий пиво маҳсулотлари, кўпикланадиган ва табиий винолар алкоголь маҳсулотларини реализация қилиш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома бўлмасдан туриб барча савдо ташкилотлари - юридик шахслар томонидан амалга оширилиши мумкин.
Тамаки маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда онлайн назорат-касса машиналари ёки виртуал кассалардан, шунингдек банк пластик карточкаларидан тўловларни қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминалларидан, шунингдек, электрон ҳисоб-фактурадан мажбурий тартибда фойдаланган ҳолда юридик шахслар томонидан амалга оширилади”.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 05 февралдаги ПФ-5656-сонли “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг айланмасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш ҳамда узумчилик ва виночиликни ривожлантиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони 3-бандига мувофиқ маҳаллий пиво маҳсулотлари, кўпикланадиган ва табиий виноларни реализация қилишда барча савдо корхоналари, шунингдек, меҳмонхоналар хизматларини, ҳамда умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар учун алкоголь маҳсулотларини реализация қилиш ҳуқуқини берувчи рухсат этиш гувоҳномасини олиш талаби бекор қилинган.
Таъкидлаш лозимки, ушбу Фармонда “барча савдо корхоналари” бу фақат юридик шахслар эканлиги белгиланмаган.
Шунингдек, Якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан миллий валютадаги банк карталаридан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Низом (Адлия вазирлигида 1 04.09.2008 йилда 1850-сон билан рўйхатдан ўтган) 1-банди бешинчи хатбошисига кўра, “савдо ва хизмат кўрсатиш корхонаси - эквайер банк билан тузилган битимга мувофиқ товар (иш ёки хизмат)лар учун банк карталаридан фойдаланган ҳолда амалга оширилган тўловларни қабул қилиш мажбуриятини олувчи маҳсулот сотувчи, иш бажарувчи ёки хизмат кўрсатувчи юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор”.
Бундан ташқари, маҳаллий пиво маҳсулотлари, кўпикланадиган ва табиий виноларни реализация қилиш яширин иқтисодиёт ҳиссасини камайтириш имконини бериши мумкин.
Юқоридагиларни инобатга олиб, маҳаллий пиво маҳсулотлари, кўпикланадиган ва табиий виноларни реализация қилиш ҳуқуқини якка тартибдаги тадбиркорларга ҳам бериш лозим.
4. Алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳамда умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголь маҳсулотларини сотишни хабардор қилиш тартибида амалга ошириш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти лойиҳаси 1-иловасида тадбиркорлик субъектининг бир қатор маълумотларни тақдим қилиши белгиланган.
Таъкидлаш лозимки, бу навбатдаги бюрократик тартиб-таомилни назарда тутмоқда.
Ваҳоланки аксарият маълумотларни ваколатли орган тадбиркорлик субъектининг давлат рўйҳатидан ўтган рақами ёки СТИР орқали олиши мумкин.
Шу сабабли, лойиҳада тадбиркорлик субъектининг фақат СТИР ёки давлат рўйҳатидан ўтган рақамини тақдим этишини белгилаб қўйиш мақсадга мувофиқ.
15.09.2020
10:14