Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси делегацияси Тожикистон Ҳунармандлар уюшмаси раҳбарияти билан учрашув ўтказди
2020 йил 19 сентябрда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Ф. Усманов бошчилигидаги делегация Тожикистон Ҳунармандлар уюшмаси раиси Муфарраҳ Мухаббатов билан учрашди.
Учрашувда томонлар икки мамлакат ҳунармандчилигининг долзарб йўналишларини биргаликда ривожлантириш борасида Ўзбекистон ҳунармандлари уюшмаси ва Тожикистон ҳунармандлари иттифоқи ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятларини муҳокама қилдилар.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси қўл санъатлари ва халқ амалий санъати соҳасини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, аҳоли, айниқса ёшлар, аёллар ва кам таъминланган оилаларни иш билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳунармандчиликнинг турли мактаблари ва соҳаларини ривожлантириш учун яратилган шароит ва имтиёзлар, гилам тўқиш, каштачилик, ипак тўқиш, миниатюра, кулолчилик каби соҳаларда ноёб меросни сақлаш бўйича "Уста-Шогирд" тизимини ривожлантиришда кўрилган чоралар тўғрисида маълумот берди.
Учрашувда Ф. Усманов тожик томонига 2019 йил сентябр ойида Қўқонда бўлиб ўтган дунёнинг 83дан ортиқ мамлакатларидан ҳунармандлар ва амалий санъат усталари иштирок этган Биринчи Халқаро ҳунармандлар фестивали тўғрисида ҳам хабар берди. Шу билан бирга, ушбу фестивални ҳар икки йилда бир марта Қўқон шаҳрида ўтказишга қарор қилинганлиги таъкидланди ва бу нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиё ва бутун дунёда ҳунармандчиликни оммалаштириш, сақлаш ва қайта тиклаш учун шароит яратади.
Тожикистон Ҳунармандлар уюшмаси раиси М.Мухаббатов Тожикистонда ҳунармандчилик соҳасининг ривожланиши ва Тожикистон ҳунармандлари уюшмаси томонидан мамлакатда ҳунармандчиликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди.
Тожикистон томони икки мамлакат ҳунармандлари ўртасида тажриба алмашиш, ҳунармандчиликнинг турли йўналишлари бўйича тренинглар ва маҳорат дарсларини ташкил этиш учун шарт-шароитлар яратишда қўшма ҳамкорликни ривожлантиришни таклиф қилди, шунингдек таниқли ҳунармандларни Тожикистон ва Ўзбекистонга таклиф қилиш орқали алоҳида ҳунармандчилик мактабларини ривожлантириш, тош ўймакорлиги, керамика буюмлари тайёрлаш, қўлда гилам тўқиш каби соҳаларда ҳунармандчиликни ташкил этиш имкониятини яратишга алоҳида тўхталиб ўтди.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида ҳунармандчилик соҳасида яқин алоқаларни давом эттириш ва ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисида келишиб олдилар, шунингдек миллий ҳунармандларга маҳсулотларнинг янги турларини ишлаб чиқаришда амалий ёрдам кўрсатишга, ҳунармандлар ўртасидаги кооперация алоқаларини ва ҳунармандчилик маҳсулотларини ташқи бозорга чиқаришга алоҳида эътибор бердилар.
20.09.2020
19:28