Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 648 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Суғурта соҳасида аджастер, сюрвейер ва ассистанс хизматларини кўрсатиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори (ID-22120) лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
- Лойиҳа иловасининг 1-бандида аджастер, ассистанс ва сюрвейер тушунчаларига таъриф келтирилган бўлиб, унга кўра ушбу субъектлар юридик ёки жисмоний шахс бўлиши мумкинлиги белгиланган.
Бироқ, лойиҳа иловасининг турли нормаларида мазкур субъектлар турлича номланган. Хусусан, бир нормада аджастер, ассистанс ёки сюрвейер ташкилоти, яна бир нормада аджастер, ассистанс ва сюрвейер хизматлари бошқа нормада эса, жисмоний ва юридик шахслар деб келтирилган. Бундан кўринадики, уларнинг аниқ ҳуқуқий мақоми йўқ.
Шунингдек, лойиҳа иловасида жисмоний шахслар томонидан аджастер, ассистанс ва сюрвейер фаолиятини амалга ошириш тартиби аниқ белгиланмаган, бунга оид масалалар очиқ қолдирилган. Хусусан, бунинг натижасида амалиётда қуйидаги муаммолар ва саволлар келиб чиқиши мумкин:
Аджастер, ассистанс ва сюрвейер жисмоний шахс сифатида, яъни тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан ўз фаолиятини амалга ошириши мумкинми? Лойиҳа иловасида мазкур масала аниқлаштирилмаган. Қолаверса, ушбу фаолият турлари ўзини ўзи банд қилиш мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатига ҳам кирмайди.
Бундан ташқари, аджастер, ассистанс ва сюрвейер фаолият турлари тижорат фаолияти бўлиб, даромад олишни назарда тутади. Демак, ушбу фаолият турлари билан шуғулланадиган жисмоний шахс якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиши керакми? Аммо, ЯТТ шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатида ҳам ушбу соҳалар киритилмаган. Қолаверса, агар улар ЯТТ сифатида рўйхатдан ўтса, шу рўйхатдан ўтишнинг ўзи фаолиятни бошлаш учун етарлими?
Аджастер, ассистанс ва сюрвейер фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахс деганда, мустақил тарзда фаолият юритадиган жисмоний шахс назарда тутиладими ёки улар аджастер, ассистанс ва сюрвейер ташкилотлари штатларида фаолият юритишлари шартми? Масалан, риэлтор риэлторлик ташкилоти штатида ишлайдиган жисмоний шахс.
Лойиҳа иловаси 9-бандидан кўринадики, ассистанс хизматлари мураккаб фаолият турлари бўлиб, жисмоний шахс ассистанс хизматларини кўрсата оладими? Лойиҳа иловасида бу ҳам аниқлаштирилмаган.
Лойиҳа иловасида аджастер, ассистанс ва сюрвейер фаолиятларини юридик шахслар томонидан амалга ошириш тартиби ва шартлари назарда тутилган бўлиб, жисмоний шахслар учун мазкур масалалар очиқ қолдирилган. Шунингдек, лойиҳа иловасида кўплаб масалалар аниқлаштирилмаган.
- Лойиҳа иловасининг 32-бандига кўра, “Аджестер, сюрвейер ва ассистанслар фаолияти ташкил этилган вақтдан бошлаб 10 кун ичида Агентликка ёзма равишда хабар бериши лозим”, - деб белгиланган.
Ушбу норма мазмунига кўра, мазкур фаолият турлари билан шуғулланиш ваколатли органни (бу ерда Агентлик) хабардор қилиш тартибида амалга оширилиши назарда тутилмоқда.
Аммо, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 августдаги “Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6044-сонли Фармонида бу назарда тутилмаган.
Юқоридаги норма эса, мазкур Фармон талабларига зид кўринади.
- Лойиҳа иловасининг 33-бандига кўра, “Аджестер, сюрвейер ва ассистанслар томонидан қуйидаги ҳужжатлар Агентликка ҳар чоракда чорак ўтгандан кейинги ойнинг 5 санасигача амалга оширилган ишлар юзасидан Агентлик директори томонидан тасдиқланадиган шаклдаги ҳисоботни тақдим этади”, - деб белгиланган.
Бироқ, ушбу нормада назарда тутилган “қуйидаги ҳужжатлар” лойиҳа иловасида келтириб ўтилмаган.
Бундан ташқари, аджестер, сюрвейер ва ассистанслар томонидан ўз фаолиятида амалга оширилган ишлар юзасидан Агентликка ҳисобот тақдим этилиши, амалиётда Агентликнинг ушбу субъектлар фаолиятига аралашиш эҳтимолини келтириб чиқаради.
“Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун 34-моддасига кўра, “Давлат органлари, бошқа ташкилотлар ҳамда уларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлик фаолияти субъектларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошираётган фаолиятига аралашишга ҳақли эмас”.
Шу боис, лойиҳа иловасида юқоридаги каби нормаларни назарда тутиш мақсадга мувофиқ эмас.
- Лойиҳа иловасининг 35-бандига кўра, “Аджестер, сюрвейер ва ассистанслар ўз фаолияти доирасида зиммасига юклатилган мажбуриятларнинг бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун таъсир чоралари Агентлик томонидан амалга оширилади”, - деб белгиланган.
Лойиҳа иловасининг 37-бандига кўра эса, “Таъсир чоралари бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:
а) огоҳлантириш юбориш (бузилиш фактини эълон қилиниши билан);
б) Агентлик томонидан шакллантирилган рўйхатга улар томонидан йўл қўйилган ҳуқуқбузарликларни қайд этиш”.
Бироқ, бунда ушбу таъсир чораларининг ҳуқуқий оқибатлари қандай бўлиши аниқлаштирилмаган. Бу эса, амалиётда мазкур нормаларни турлича талқин қилиниши оқибатида салбий оқибатларни, коррупция ҳолатларини келтириб чиқариши мумкин.
- Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳани қайта кўриб чиқиш, унда очиқ қолдирилган масалаларни лойиҳа иловасида аниқ белгилаш лозим.
05.10.2020
16:33