Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 737 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг “Баҳолаш фаолияти тўғрисида”ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни (ID-20396) лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
1. Лойиҳа 3-моддаси учинчи хатбошига кўра, “баҳоловчи ташкилот – баҳолаш объекти қийматини баҳолаш бўйича баҳолаш фаолиятини амалга оширувчи ҳамда қўшимча хизматларни кўрсатувчи, баҳолаш фаолияти соҳасидаги профессионал жамоат ташкилоти аъзоси бўлган юридик шахс бўлиб, у ҳақидаги маълумотлар ваколатли орган веб-сайтига жойлаштирилади”, - деб белгиланган.
Бунда, баҳоловчи ташкилотлар ҳақидаги маълумотларнинг ваколатли давлат органи веб-сайтида жйолаштирилиши назарда тутилган.
Бу эса, мазмунан ушбу ташкилотларни давлат томонидан бошқарилишини назарда тутади.
Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 августдаги “Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6044-сонли Фармони 1-иловаси 10-бандига кўра, баҳолаш фаолияти соҳасида “Ўзини-ўзи бошқариш ташкилотларига мажбурий аъзоликни белгилаган ҳолда ўзини-ўзи бошқариш механизмини ривожлантириш” белгиланган.
Шу боис, баҳоловчи ташкилотлар ҳақидаги маълумотларнинг
2. Лойиҳа 3-моддаси ўн иккинчи хатбошига кўра, “баҳоловчилар малакасини оширишнинг намунавий дастури – таълим ташкилотлари томонидан ишлаб чиқиладиган ҳамда ваколатли орган томонидан баҳолаш фаолияти соҳасидаги профессионал жамоат ташкилотлари билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган ўқув дастури”, - деб белгиланган.
Ушбу норма орқали, шунингдек, лойиҳанинг бошқа нормаларида баҳоловчиларнинг малака сертификати олинган йилдан кейинги йилдан бошлаб ҳар календарь йил давомида, шунингдек унинг амал қилиши муддатини узайтирганда ваколатли орган томонидан тасдиқланаган малака ошириш дастурлари бўйича камида 40 соатлик малака ошириш курсларидан ўтиши шартлиги назарда тутилган.
Бироқ, бу каби талабларнинг мажбурий қилиб белгиланиши баҳолаш фаолиятини амалга оширишда ортиқча бюрократик тўсиқ бўлиб, мазкур фаолиятни амалга ошириш учун зарурий шарт ҳисобланмаслиги лозим.
Зеро, баҳоловчи ўз фаолиятини доимий амалга ошириш давомида касб маҳорати ва кўникмаларини профессионал шакллантирган бўлиши ҳамда ўқув курсларида малака ошириш учун унда зарурат бўлмаслиги мумкин.
Малака оширишга зарурати бўлган шахслар эса, бундай ўқув курсларида ихтиёрий равишда малака оширишлари мумкин.
Шу сабабли, лойиҳада ўқув курсларида ҳар календарь йил давомида малака оширишни баҳолаш фаолиятинининг мажбурий шарти қилиб белгилаш мақсадга мувофиқ эмас.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, малака ошириш курсларидан мажбурий ўтиш талабини назарда тутувчи нормаларни лойиҳадан чиқариб ташлаш лозим.
3. Лойиҳа 3-моддаси ўн тўртинчи хатбошига кўра, “баҳоловчи ташкилотлар реестри – ваколатли орган веб-сайтида жойлаштирилган баҳоловчи ташкилотлар рўйхати”, - деб белгиланган.
Лойиҳа 27-моддасида эса, “Баҳоловчи ташкилот – баҳолаш фаолияти соҳасидаги профессионал жамоат ташкилотларининг бири аъзоси бўлган ва ваколатли орган томонидан баҳоловчи ташкилотлар реестрига киритилган юридик шахс”, деб келтирилган.
Шунингдек, 34-моддага кўра, “Баҳолаш объектини баҳолаш ваколатли органнинг баҳоловчи ташкилотлар реестрига маълумотлари киритилмаган баҳоловчи ташкилот томонидан ўтказилиши лицензиясиз фаолият билан шуғулланишга тенглаштирилади ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тегишли жавобгарликни келтириб чиқаради, бу ташкилот тузган баҳолаш ҳақидаги ҳисоботлар ёки эксперт ҳулосалари эса ҳақиқий эмас деб ҳисобланади”.
47-моддага кўра эса, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган баҳоловчи ташкилот баҳоловчи ташкилотлар реестрига маълумотлар киритиш учун ваколатли органга бориб ёки электрон шаклда мазкур моддада келтирилган маълумотларни тақдим этади.
Баҳоловчи ташкилотни баҳоловчи ташкилотлар реестрига киритиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида давлат божи ундирилади.
48-моддага кўра, Баҳоловчи ташкилот уни баҳоловчи ташкилотлар реестридан чиқариш ҳақида қарор қабул қилинган санадан бошлаб баҳолаш фаолиятини амалга оширишга ҳақли эмас.
Баҳоловчи ташкилотлар реестридан ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган асослар бўйича чиқарилган баҳолаш ташкилоти уни баҳоловчи ташкилотлар реестридан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч йил мобайнида баҳоловчи ташкилотлар реестрига киритиш ҳақида ариза билан қайта мурожаат қилишга ҳақли эмас.
Юқоридагилардан кўриниб турганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6044-сонли Фармони асосида бекор қилинган баҳолаш фаолиятини амалга ошириш лицензияси ўрнида янгича бир рухсат берувчи тартиб-таомилни жорий этиш белгиланган.
Ваҳолангки, мазкур Фармон билан соҳани тартибга солишнинг муқобил механизми аниқ белгилаб берилган.
Унга кўра, баҳолаш фаолиятини амалга ошириш тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатга олиш, баҳоловчиларга малака сертификатини бериш, ўзини-ўзи бошқариш ташкилотларига мажбурий аъзоликни белгилаган ҳолда ўзини-ўзи бошқариш механизмини ривожлантириш орқали тартибга солинади.
Яъни, бунда баҳолаш ташкилотларини ваколатли орган томонидан реестрга киритиш ҳамда буни фаолиятни амалга оширишнинг зарурий шарти қилиб белгилаш назарда тутилмаган.
Қолаверса, бундай талаблар амалиётга эски тартибнинг яна қайтишига, коррупция ва сансалорлик, ортиқча бюрократик тўсиқлар пайдо бўлишига олиб келади.
Шу боис ҳамда юқоридаги талаблар амалдаги қонунчилик нормаларига зид бўлганлиги сабабли, ушбу нормаларни ва лойиҳанинг бу каби бошқа нормаларини лойиҳадан чиқариб ташлаш лозим.
Шунингдек, лойиҳада баҳолаш ташкилотлари реестрини у аъзо бўлган жамоат ташкилотлари томонидан юритилишини, бу маълумотларнинг эса БФЯАП дастурий комплексида жойлаштирилишини назарда тутиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.
4. Лойиҳа 3-моддаси ўн олтинчи хатбошига кўра, “баҳолаш фаолияти соҳасидаги профессионал жамоат ташкилотлари – жисмоний ва/ёки юридик шахслар томонидан баҳоловчи ташкилотлар ва баҳоловчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ўз аъзоларининг фаолиятини ушбу Қонун, баҳолаш стандартлари, баҳоловчининг профессионал аҳлоқ кодекси талабларига риоя этилиши борасида назорат қилиш учун ихтиёрийлик асосида ташкил этилган, фаолиятининг асосий мақсади сифатида даромад (фойда) олишни кўзламайдиган ҳамда олинган даромад (фойда)ни иштирокчилари ўртасида тақсимламайдиган, ваколатли органда аккредитациядан ўтган нодавлат нотижорат ўзини ўзи бошқарадиган ташкилотлар”, - деб белгиланган.
“Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Қонун 2-моддасига кўра, “Нодавлат нотижорат ташкилоти — жисмоний ва (ёки) юридик шахслар томонидан ихтиёрийлик асосида ташкил этилган, даромад (фойда) олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олмаган ҳамда олинган даромадларни (фойдани) ўз қатнашчилари (аъзолари) ўртасида тақсимламайдиган ўзини ўзи бошқариш ташкилотидир”.
Мазкур норма, шунингдек амалдаги қонунчилик нормаларида нодавлат нотижорат ташкилотининг ваколатли давлат органида аккредитациядан ўтиши белгиланмаган.
Юқоридаги норма амалдаги қонунчилик талабларига зид бўлганлиги боис, ундаги “ваколатли органда аккредитациядан ўтган” сўзларини, лойиҳа 12-моддаси тўққизинчи хатбошини, 13-модда иккинчи қисмидаги “ваколатли орган белгилаган тартибда аккредитация қилинган” жумласини ҳамда 14-модда 2-қисми тўққизинчи хатбошисини чиқариб ташлаш лозим.
5. Лойиҳа 3-моддаси ўн еттинчи хатбошига кўра, “баҳоловчи фаолиятни тартибга солувчи ваколатли орган (бундан буён матнда ваколатли орган деб юритилади) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан баҳолаш фаолиятини тартибга солиш ваколати берилган орган”, - деб белгиланган.
Бунда, баҳолаш фаолияти соҳасидаги ваколатли орган Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши назарда тутилган.
Мазкур қонун ушбу соҳадаги асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжат бўлганлиги боис, баҳолаш фаолияти соҳасидаги ваколатли органни мазкур Қонуннинг ўзида кўрсатиш мақсадга мувофиқ.
6. Лойиҳа 5-моддаси биринчи қисмида келтирилган мустақиллик принципига кўра, “Баҳоловчи тарафкашликдан холи бўлиши, ўзининг номига доғ туширадиган омилларга йўл қўймаслиги лозим”, - деб белгиланган.
Бироқ, мазкур нормада “ўзининг номига доғ туширадиган омилларга йўл қўймаслиги лозим” деганда, айнан қандай ҳаракат ёки ҳаракатсизлик назарда тутилиши аниқлаштирилмаган.
Бу эса, амалиётда ҳар қандай ҳолатларни “ўзининг номига доғ туширадиган омиллар” деб баҳоланишига ва натижада ушбу принципнинг бузилган деб топилишига олиб келиши мумкин.
Шу боис, юқоридаги нормадан “ўзининг номига доғ туширадиган омилларга йўл қўймаслиги лозим” сўзларини чиқариб ташлаш зарур.
7. Лойиҳа 7-моддасида келтирилган профессионал лаёқатлилик принципига кўра, “Баҳоловчи ушбу Қонун талабларига риоя қилиши, муносиб профессионал лаёқатлилик даражасига эга бўлиши ҳамда касбий билимлар ва кўникмаларини баҳоловчи ташкилот таркибида баҳолаш хизматларини сифатли кўрсатиш учун етарли даражада сақлаб туриши лозим”, - деб белгиланган.
Аммо, ушбу нормада профессионал лаёқатлилик тушунчаси очиб берилмаган.
Бундан ташқари, ундаги “касбий билимлар ва кўникмаларини баҳоловчи ташкилот таркибида баҳолаш хизматларини сифатли кўрсатиш учун етарли даражада сақлаб туриши лозим”, деган норма тушунарсиз ҳамда амалиётда билим ва кўникмани етарли даражада сақлаб туриш механизми ҳам мавжуд эмас.
Мазкур норма амалиётда турли ноаниқликлар ва тушунмовчиликларни келтириб чиқариши мумкинлигини инобатга олган ҳолда, уни қуйидаги таҳрирда баён этиш тавсия этилади:
“Баҳоловчи ушбу Қонун талабларига риоя қилиши, муносиб профессионал лаёқатлилик даражасига эга бўлиши лозим ҳамда касбий билим ва кўникмаларини шакллантириб бориши керак”.
8. Лойиҳа 8-моддасида келтирилган махфийлик принципига кўра, “Баҳоловчилар ҳамда баҳоловчи ташкилотлар ходимлари баҳолаш хизматларини кўрсатиш чоғида ўзларига маълум бўлиб қолган маълумотларни ушбу баҳолаш хизматлари кўрсатилган шахсларнинг ёзма розилигисиз ошкор қилишга ва бошқа шахсларга беришга ҳақли эмас”, - деб белгиланган.
Бироқ, бунда амалдаги қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолатлар инобатга олинмаган.
Мисол учун, баҳоловчилар ўз фаолияти давомида жиноят содир этилганлиги тўғрисида хабардор бўлиб қолган ҳолларда бу ҳақда тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар беришлари лозим.
Амалиётда қонунчилик нормалари ўртасида қарама-қаршиликлар келиб чиқмаслигининг олдини олиш мақсадида, норма охирига “қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно” сўзларини киритиш таклиф этилади.
9. Лойиҳа 12-моддаси ўн иккинчи хатбошига кўра, ваколатли орган “баҳолаш фаолияти соҳасидаги профессионал жамоат ташкилотларини нодавлат нотижорат ўзини ўзи бошқарадиган ташкилотлар давлат реестридан чиқариш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат қилади”, - деб белгиланган.
Аммо, лойиҳада нодавлат нотижорат ўзини ўзи бошқарадиган ташкилотлар давлат реестри ва уни ким томонидан юритилиши билан боғлиқ нормалар келтирилмаган.
Бу эса, амалиётда ноаниқликларга олиб келиши мумкин.
Шу сабабли, юқоридаги масалаларни қайта кўриб чиқиш тавсия этилади.
10. Лойиҳа 15-моддаси 2-қисми ўн тўртинчи хатбошига кўра, профессионал жамоат ташкилотлари “баҳоловчилар малакасини ошириш тизими мониторингини таъминлайди ҳамда йил якунлари бўйича 10 январгача ваколатли органга баҳоловчиларнинг ўқув марказларида малака ошириш курсларидан ўтгани ҳақида ахборот тақдим этади”, - деб белгиланган.
Ушбу Хулоса 2-бандида келтирилган асосларни инобатга олган ҳолда, мазкур хатбошини чиқариб ташлаш лозим.
11. Лойиҳа 22-моддаси 3-қисмига кўра, малака сертификатининг амал қилиш муддатини узайтириш учун талабгор бошқа ҳужжатлар билан бирга 20 тадан кам бўлмаган миқдорда ўзи бажарган (мустақил ёки баҳоловчилар гуруҳи таркибида) баҳолаш ҳақидаги ҳисоботлар рўйхатини тақдим этиб, баҳолаш фаолиятини амалга оширганини тасдиқлаши лозим.
Аммо, бу талаб ортиқча кўринади ҳамда амалиётда бюрократик тўсиқларни келтириб чиқариши мумкин.
Ваҳолангки, малака сертификати муддатини узайтиришда талабгорнинг билим ва кўникмалари текширилиши, шунга асосан сертификат муддатини узайтириш ёки узайтирмаслик масаласи ҳал этилиши мумкин.
Шу боис, лойиҳа 22-моддасидан 3-қисмни чиқариб ташлаш тавсия этилади.
12. Лойиҳа 24-моддаси 3-қисмига кўра, “Малака имтиҳонига қўйилиши рад этилган талабгор малака имтиҳонига қўйилишини рад этишга сабаб бўлган камчиликларни бартараф этгандан кейингина қайта ариза билан мурожаат қилиши мумкин, камчиликларни бартараф этишга талабгорга ўн беш иш кунидан кўп бўлмаган мухлат берилади”, - деб белгиланган.
Мазкур нормадаги “ўн беш иш кунидан кўп бўлмаган мухлат” тушунчаси амалиётда турлича талқин қилиниши ва оқибатда ўн беш иш кунидан кўп бўлмаган ҳар қандай муддатнинг (мисол учун, беш ёки уч иш куни) белгиланишига, натижада талабгор манфаатларига путур етказилишига олиб келиши мумкин.
Шу сабабли, нормадаги “ўн беш иш кунидан кўп бўлмаган мухлат” сўзларини “ўн беш иш кунидан кам бўлмаган мухлат” сўзларига ўзгартириш тавсия этилади.
13. Лойиҳа 26-моддаси 1-қисми бешинчи хатбошига кўра, “малака сертификати берилган санадан бошлаб бир йил мобайнида баҳолаш объектларини баҳолашда иштирок этмаслик” қонун ҳужжатлари талабларини бир марта қўпол равишда бузиш деб топилиши ва малака сертификатининг амал қилишини тугатиш учун асос бўлиши белгиланган.
Бироқ, бу юридик нуқтаъи назардан тўғри ҳисобланмайди.
Ваҳолангки, баҳоловчи турли сабабларга кўра, баҳолаш объектларини баҳолашда иштирок этмаслиги мумкин.
Шу боис ҳамда бундай талаб малака сертификатининг амал қилишига ҳеч қандай таъсир этмаслиги сабабли, юқоридаги хатбошини чиқариб ташлаш лозим.
14. Лойиҳа 26-моддаси 4-қисмига кўра, “Қонун ҳужжатларини бузганлик учун малака сертификатлари бекор қилинган ёки амал қилиши тугатилган баҳоловчилар, малака сертификатлари бекор қилинган ёхуд амал қилиши тугатилган санадан бошлаб уч йил мобайнида малака сертификатини такроран олиш учун имтиҳонга қўйилмайди”, - деб белгиланган.
Бироқ, бу битта ҳуқуқбузарлик учун икки карра жавобгарликни назарда тутади.
Ушбу норманинг белгиланиши асоссиз. Бундан ташқари, шахс фақат жиноий жавобгарликка тортилганда маълум фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилади.
Шу боис, лойиҳадан юқоридаги нормани чиқариб ташлаш лозим.
15. Лойиҳа 26-моддаси 5-қисмига кўра, “Малака сертификатининг амал қилишини тугатиш ёки бекор қилиш ваколатли органнинг қарори бўйича амалга оширилади”, - деб белгиланган.
Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6044-сонли Фармони 10-бандига кўра, ваколатли органлар ташаббуси билан лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни тугатиш ва бекор қилиш фақат суд тартибида амалга оширилади.
Шу боис, юқоридаги нормада малака сертификатини тугатиш ва бекор қилиш фақат суд тартибида амалга оширилишини белгилаш лозим.
16. Лойиҳа 27-моддаси 3-қисми 4-6-хатбошиларига кўра, баҳоловчи ташкилот ўз фаолиятида қуйидаги мажбурий шартларга риоя қилиши лозимлиги белгиланган:
“баҳоловчи ташкилотда баҳоловчи ташкилотнинг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурталовчининг мажбуриятлари кучга кирганлигини тасдиқловчи суғурта полисининг мавжудлиги ва унинг миқдори:
кўчар мулкни баҳолаш учун, қимматли қоғозлар, улушлар, интеллектуал мулк объектлари ва бошқа номоддий активлар бундан мустасно ва штатида камида битта баҳоловчи бўлса – базавий ҳисоблаш миқдорининг 2000 бараварига тенглиги;
кўчмас мулкни баҳолаш учун, мулкий комплекс сифатидаги корхона бундан мустасно, ва штатида камида иккита баҳоловчи бўлса – базавий ҳисоблаш миқдорининг 2500 бараварига тенглиги;
бизнесни (мулкий комплекс сифатидаги корхона, барча турдаги моддий ва номоддий активлар) баҳолаш учун, ва штатида камида учта баҳоловчи бўлса – базавий ҳисоблаш миқдорининг 3000 бараварига тенглиги”.
“Баҳолаш фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг амалдаги таҳририда бундай талаблар келтирилмаган.
Мазкур қўшимчанинг киритилиши эса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 июндаги “Баҳолаш хизматлари бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3764-сонли Қарори 5-банди билан асослантирилган.
Унга кўра эса, баҳоловчи ташкилотнинг жавобгарлигини суғурта қилиш шартномаси амал қилиши даврида суғурта ҳодисаси содир бўлган тақдирда суғурталовчининг суғурта қопламаси тўловини амалга ошириши юзасидан мажбурияти бўйича суғурта пули:
кўчар мулкни баҳолаш учун, қимматли қоғозлар, улушлар, интеллектуал мулк объектлари ва бошқа номоддий активлар бундан мустасно — базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 000 бараваридан;
кўчмас мулкни баҳолаш учун, мулкий комплекс сифатидаги корхона бундан мустасно — базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 500 бараваридан;
бизнесни (мулкий комплекс сифатидаги корхонани, барча турдаги моддий ва номоддий активларни) баҳолаш учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 000 бараваридан кам бўлмаслиги керак.
Кўринадики, бунда штатдаги баҳоловчилар сони ҳақидаги талаб белгиланмаган.
Амалиётда турли ноаниқлик ва тушунмовчиликлар келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида, юқоридаги нормаларни мазкур Қарор талабларига мувофиқлаштириш лозим.
17. Лойиҳа 29-моддаси 1-қисми 12-14-хатбошиларига кўра, баҳоловчи ташкилот мажбуриятлари сифатида қуйидагилар келтирилган:
“ўзининг почта ва электрон манзили ўзгаргани, баҳоловчи ташкилот раҳбари алмашингани ва (ёки) баҳоловчиларнинг таркиби ўзгаргани ҳақида беш кун муддатда ваколатли органни электрон шаклда ёки БФЯАП дастурий мажмуаси орқали хабардор қилиши;
баҳолаш фаолияти тўғрисидаги маълумотларнинг ишончлилиги ва долзарблигини таъминлаш ҳамда уларни ваколатли органга ваколатли орган томонидан белгиланган шаклда, йил якунлари бўйича – 20 январгача электрон шаклда ёки БФЯАП дастурий мажмуаси орқали тақдим этиши;
ваколатли орган томонидан ўрнатилган шаклдаги баҳолаш ҳақидаги ҳисоботлар тўғрисидаги маълумотларни ҳамда эксперт хулосаларини БФЯАПга жойлаштириши”.
Бундан кўринадики, баҳоловчи ташкилотнинг ваколатли давлат органи олдидаги ҳисобдорлиги, уларни бошқариб ва назорат қилиб бориш ваколатли орган томонидан амалга оширилиши назарда тутилган.
Мазкур Хулоса 1-бандида келтирилган асосларни инобатга олган ҳолда, юқоридаги нормаларни қайта кўриб чиқиш ҳамда баҳолаш ташкилотларнинг ўзини-ўзи бошқариш жамоат ташкилотлари томонидан бошқарилишини назарда тутиш мақсадга мувофиқдир.
18. Лойиҳа 48-моддаси 3-қисмига кўра, “Баҳоловчи ташкилотни ушбу модданинг иккинчи қисми иккинчи хатбошида назарда тутилган ҳолларда баҳоловчи ташкилотлар реестридан чиқариш суд қарори асосида, бошқа ҳолларда – ваколатли орган қарори асосида амалга оширилади”, - деб белгиланган.
Бунда, баҳоловчи ташкилотларни реестрдан чиқариш ваколатли органнинг қарори асосида амалга оширилиши белгиланган.
Аввало, қайд этиш лозимки, ушбу Хулосанинг 3-бандида амалдаги қонунчилик талабларини инобатга олган ҳолда, баҳоловчи ташкилотлар реестрини профессионал жамоат ташкилотлари томонидан юритилиши таклиф этилди.
Ушбу реестр мазмунан рухсат бериш тартиб-таомилини назарда тутганлиги боис, мазкур Хулосанинг 15-бандида келтирилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6044-сонли Фармони 10-бандига кўра, баҳоловчи ташкилотларни реестрдан чиқариш фақат суд тартибида амалга оширилишини белгилаш лозим.
Шу боис, лойиҳа 48-моддаси 3-қисми, 51-моддаси 5-қисми тўртинчи хатбошини қайта кўриб чиқиш зарур.
19. Лойиҳа 53-моддаси 1-қисмига кўра:
“Баҳоловчи ташкилотлар ишининг сифатини ташқи назорат қилиш даврийлиги хавф гуруҳига қараб:
юқори хавф гуруҳи учун – ҳар йили камида бир марта;
ўртача хавф гуруҳи учун – ҳар икки йилда камида бир марта;
паст хавф гуруҳи учун – ҳар уч йилда камида бир мартани ташкил қилади”.
Мазкур муддатларнинг белгиланиши мазмунан режали текширишларни назарда тутади.
Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги “Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5490-сонли Фармонининг 4-бандига кўра, 2018 йил 1-сентябрдан бошлаб тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар бекор қилинган.
Шу боис, лойиҳанинг 53-моддаси 1-қисмини чиқариб ташлаш лозим.
05.11.2020
14:29