Биласизми?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 октябрьдаги ПҚ-4850 сонли “Ўзбекистон Республикасида ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2020-2022 йилларда ўрмон фонди ерларини ижарага олган ижарачиларга қуйидаги шартларда ижара тўловининг “ноль” ставкаси қўлланилади.
• ўрмон фондининг ўзлаштирилмаган ер участкаларида янгидан барпо этилган ва ижарага берилган ёнғоқ мевали боғлар (писта, бодом, ёнғоқ) ва тез ўсувчи дарахтлар (павлония, терак) плантациялари эгаллаган майдонларга –
5 йил давомида;
• ўрмон фондининг чўл ҳудудларида жойлашган, сув билан таъминланмаган ва ўрмон билан қопланмаган ерлари ўзлаштирилиб, чўл ўсимликлари (саксовул, черкез, қандим, қорабуроқ) плантациялари барпо этилганда –
10 йил давомида;
• ўрмон фондининг сув билан таъминланмаган ва ўрмон билан қопланмаган ерлари ўзлаштирилиб, қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат экинлари (дуккакли, мойли, бошоқли экинлар, сабзавот, полиз) ва доривор ўсимликлар плантациялари барпо этилганда – тегишлича 1 йил ва 3 йил давомида.
2021 йил 1 январдан бошлаб ижарачилар аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказида рўйхатдан ўтган ишсиз шахсларни ишга қабул қилган тақдирда, уларга иш ҳақи тўлаш харажатларини қоплаш учун – 6 ой давомида ўртача иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида, бироқ ҳар ой учун базавий хисоблаш миқдорининг 2 баробаридан ошмаган миқдорда субсидия тўланади.
Қарор билан Ўзбекистонда ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси ҳамда уни 2020-2022 йилларда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.
Концепцияга кўра, 2030 йилга келиб:
• ўрмон фонди ерлари майдонини 14 миллион гектарга, шундан ўрмон билан қопланган ерларни 6 миллион гектарга;
• тайёргаш ҳажмини йилига 840 тоннага;
• асалари оилалари сонини 300 мингтага;
• қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини йилига 32 минг тоннага;
• доривор ўсимликлар етиштириш ҳажмини йилига 11,6 минг тоннага етказиш назарда тутилган.
Шунингдек, қарорга мувофиқ “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ўрмончи” фахрий унвони таъсис этилиши белгиланди.
16.11.2020
14:37