Ўзбекистон-Эрон палаталари раҳбарлари ўртасида учрашув бўлиб ўтди
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икрамов Эрон Савдо, саноат кончилик ва қишлоқ хўжалиги палатаси президенти Гуламхусейн Шафи билан видеоконференцалоқа форматида учрашув ўтқазди.
Шунингдек мазкур учрашувда Ўзбекистоннинг Эрон Ислом Республикасидаги Фавқулотда ва муҳтор элчиси Баҳодир Абдуллаев ҳамда Эроннинг Ўзбекистондаги Фавқулотда ва муҳтор элчиси Хамид Наерабади иштирок этди.
Учрашувда Савдо-саноат палатаси раиси А.Икрамов ўз нутқи билан иштирок этиб, Ўзбекистон ва Эрон мамлакатлари азалий ҳамкор мамлакатлар эканлигини, ҳозирги кунда икки томонлама ҳамкорлик янада ривожланаётганини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, таъкидлаш жоизки Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икрамовнинг Теҳронда бўлиб ўтган савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Хукуматлараро қўшма комиссиясининг 12-чи йиғилиши доирасидаги ташрифи давомида жаноб Хосейн Селахварзи билан ҳамкорликда икки мамлакат палаталари ўртасида Ҳамкорлик бўйича ишбилармонлик қўмитасини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилган эди.
Шу билан бирга икки мамлакат Савдо-саноат палаталари раҳбарлари Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги мустаҳкам салоҳиятни ҳисобга олган ҳолда, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, заргарлик ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни кўчайтириш масалаларида ўзаро фикр алмашдилар.
Тадбир давомида Эрон Савдо, саноат кончилик ва қишлоқ хўжалиги палатаси президенти Гуламхусейн Шафи Ўзбекистон ва Эрон давлатлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ўтган йиллар мобайнида шиддат билан ривожлангани ва бу кўрсаткичлар янада ошиб бораётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва маҳсулот айрибошлаш ҳажмини ўтган йиллар нисбатан янада ошириш устовор вазифалардан бири эканлиги таъкидлаб ўтилди.
Учрашув якунида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Икрамов ҳамда Эрон Савдо, саноат кончилик ва қишлоқ хўжалиги палатаси президенти Гуламхусейн Шафи томонидан Ўзбекистон-Эрон Ишбилармонлик қўмитаси ташкил этишга доир келишув имзоланди.
Маълумот учун: 2019 йилда савдо айланмаси - 424,2 млн.долл., шундан экспорт - 219,6 млн.долл., импорт - 204,6 млн.долл. Ўзбекистонда Эрон инвестициялари иштирокидаги корхоналар сони 1,5 баробар кўпайиб 268 тани ташкил этди
17.11.2020
18:14