652-сонли Ўзбекистон Республикаси Қонуни мазмун-моҳияти
“Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ–652-сон, 01.12.2020 й.) мазмун-моҳияти
Қонун билан 2019 йил 9 декабрда қабул қилинган “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги ЎРҚ–589-сонли Қонунига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
“2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунига киритилган ўзгартишларга кўра:
Қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш ва балиқни кўпайтириш (етиштириш) учун фойдаланиладиган сув ҳажмлари бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 2020 йил учун белгиланган ставкалардан 50 фоизга пасайтирилди.
2020 йил 1 апрелдан 2020 йил 31 декабрга қадар бўлган даврда умумий овқатланиш корхоналари алкоголь маҳсулотини чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғим тўлашдан озод қилинади.
Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра, солиқ тўловчиларга айрим ҳолларда солиқларни, солиқлар бўйича бўнак тўловлари бўйича фоизсиз кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади.
Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган (хизмат кўрсатиладиган), акциз солиғи солинадиган товарларга (хизматларга) акциз солиғи ставкаларига ўзгартишлар киритилди.
Солиқ кодекси 3 моддадан иборат 72-боб билан тўлдирилди.
Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти 2020 йилнинг алоҳида шароитларида қуйидагиларни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишга ҳақлидир:
1) ушбу Кодексда ва 2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунда белгиланган айрим солиқлар ва йиғимлар (бундан қўшилган қиймат солиғи ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ мустасно) ставкаларини ўзгартириш;
2) ушбу Кодексда белгиланган солиқлар, шу жумладан улар бўйича бўнак ва жорий тўловлар ҳамда йиғимларни тўлаш муддатларини узайтириш;
3) солиқ, молиявий ҳисоботларни ва (ёки) солиқларни ҳисоблаб чиқариш билан боғлиқ бошқа ҳужжатларни, шунингдек уларни тақдим этмаганлик (ўз вақтида тақдим этмаганлик) учун жавобгарликни қўлламаслик асослари ва (ёки) шартларини тақдим этиш муддатларини узайтириш;
4) солиқлар, пенялар ва жарималарни тўлаш бўйича кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш, шунингдек уларни бериш тартиби ва шартларини қайта кўриб чиқиш;
5) солиқлар, йиғимлар, пенялар ва жарималарни тўлаш тўғрисидаги талабномаларни жўнатиш ва ижро этиш муддатларини, шунингдек солиқлар, йиғимлар, пенялар, жарималарни ундириш тўғрисида қарорлар қабул қилиш муддатларини узайтириш;
6) солиқлар ва йиғимлар бўйича (бундан қўшилган қиймат солиғи ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ мустасно) солиқ имтиёзларини бериш;
7) солиқлар, пенялар ва жарималарни мажбурий ундириш чораларини тўхтатиб туриш.
Шунингдек, солиқларни, солиқлар бўйича бўнак тўловларини тўлаш бўйича фоизсиз тўлашни кечиктиришнинг ёки бўлиб-бўлиб тўлашни қўллашнинг ва алоҳида шароитларда солиқ мажбуриятларини бажаришнинг вақтинчалик тартиби белгиланди.
Вақтинчалик солиқ имтиёзлари берилиб, жумладан 2020 йил 1 октябргача бўлган давр учун фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда тижорат банклари томонидан молиявий қийинчиликларга дуч келган юридик ва жисмоний шахсларнинг, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорларнинг кредитлари бўйича тўловларни кечиктириш имконияти берилган даврда ҳисобланган ва кечиктирилган фоизлар суммаси жами даромад таркибига киритилмаслиги кўрсатилди.
Қонун мазмун-моҳияти тўғрисида тайёрланган тақдимот билан қўйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин.
11.12.2020
09:18