"Ўзбекистон-Саудия Арабистони" бизнес-форуми ташкил этилди
2020 йилнинг 15-декабр куни Савдо-саноат палатаси биносида “Ўзбекистон-Саудия Арабистони қишлоқ хўжалиги соҳасидаги бизнес форуми” ташкил этилди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасининг Саудия Арабистони билан муносабатлари сезиларли даражада фаоллашди.
Ўзбекистон ва Саудия Арабистони сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, илмий-техникавий ва ижтимоий-маданий соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришдан манфаатдорлар.
Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йил февраль ойида ўрнатилган.
Маълумки, сўнгги 2-3 йил ичида Саудия Арабистони ва Ўзбекистон ўртасида айниқса, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий ва диний ҳамкорлик алоқалари ҳар томонлама ривожланиб бормоқда.
Ҳозирги кунда жаҳон миқёсида кенг тарқалган ва мамлакатлар иқтисодиётига салбий таъсир этаётган коронавирус пандемиясига қарамасдан икки давлат ўзаро ҳаморлик муносабатларини кенгайтиришга тайёрдирлар.
Икки давлат савдо айланмасининг ҳажми жорий йилнинг 9 ойида 23,5 млн. АҚШ долл.га тенг бўлиб, бунда экспорт ҳажми – 0,4 млн. АҚШ.долл. ва импорт ҳажми – 23,1 млн. АҚШ долл.ни ташкил этган.
Бугунги кунда Саудия Арабистони ва Ўзбекистон икки томонлама товарлар савдо айланмасини жадал ривожлантириш учун барча имкониятларга эгадирлар.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Саудия Арабистони инвесторлари иштирокида 14 та корхона фаолият кўрсатмоқда ва уларнинг 4 таси 100 % Саудия капитали асосида фаолият юритади.
Сўнгги йилларда Саудия Арабистони ва Ўзбекистон Савдо-саноат палаталарининг саъй-ҳаракатлари билан қатор бизнес делегацияларнинг ташрифлари амалга оширилди. Икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларининг мустаҳкамланишида ишбилармон доираларининг ҳам ҳиссаси катта бўлмоқда.
15 декабр санасида ўтқазилган Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Риёз Савдо палатаси билан ҳамкорликда ташкил этилган “Ўзбекистон-Саудия Арабистони қишлоқ хўжалиги соҳасидаги бизнес форуми” савдо-иқтисодий ва инвестицион қишлоқ хўжалиги йўналишида янада кенгайтиришга қаратилди.
Ушбу бизнес-форумда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адхам Икрамов, Риёз Савдо палатаси раиси ўринбосари Наиф Аль Раджи, шунингдек, Наманган ва Хоразм вилояти инвестиция ва ташқи савдо бўйича ҳоким ўринбосарлари, икки давлатнинг маъсул вазирлик ва идора вакиллари, ҳамда қишлоқ хўжалиги йўналишида Ўзбекистон томонидан 30 дан ортиқ, Саудия Арабистон томонидан 20 га яқин тадбиркорлик субъектлари иштирок этишди.
Ўзбекистон Саудия Арабистони бозорига озиқ-овқат, янги узилган ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб беришга тайёрдир.
Шу муносабат билан тадбир давомида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Икрамов томонидан Риёз Савдо палатасига савдо-алоқаларининг давомийлиги сифатида, 2021 йил февраль ойида икки давлат тадбиркорлари иштирокида онлайн бизнес мулоқотни ташкил этиш, савдо-иқтисодий соҳани тартибга солиш мақсадида 2021 йил давомида икки давлат ваколатли идоралар хусусан, стандардизация, карантин ва божхона каби идоралар ўртасида онлай учрашувларни ташкил этиш ва фикр алмашиш ҳамда транспорт ва инвестиция йўналишида ҳамкорлик қилиш каби ўзаро ҳамкорлик масалалари бўйича келишувга эришилиши кўзда тутилмоқда.
15.12.2020
17:46