ССП томонидан Хива шаҳрида ички туризмни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни муҳокама этишга бағишланган видеомулоқот ўтказилди
2020 йил 17 декабрь куни Хоразм вилояти, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятлари ҳокимликлари, Туризмни ривожлантириш қўмитаси, Савдо-саноат палатаси ва маҳаллий тадбиркорлар иштирокида Хива шаҳрида ички туризмни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни муҳокама этишга бағилшанган видеоконференцалоқа шаклида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Ушбу видеомулоқот Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг жорий йил 12-13 декабрь кунлари Хоразм вилоятига ташрифлари доирасида ички туризмни ривожлантириш, хусусан Хоразм вилоятида меҳмонхона ўринларини кўпайтириш, туристлар сонини янада ошириш, салоҳиятли мамлакатлардан Урганчга доимий ва чартер рейслар ташкил этиш бўйича топшириқлари ижросини ўз вақтида таъминлашга қаратилди.
Ушбу тадбирни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Икрамов кириш сўзи билан очиб, дунёда кенг тарқалган коронавирус пандемияси туризм соҳасига жиддий таъсир кўрсатаётганлиги, оқибатда 2020 йилда туристлар оқими кескин камайганлиги, Хоразм вилоятининг туризм соҳасини қайта тиклаш, аввало, ички туризмни жонлантириш, маҳаллий туристлар оқимини шакллантириш ҳамда бунинг учун туристик объектлар, туристик маршрутларни тузиш масалаларига атрофлича тўхталиб ўтилди.
Муҳокама давомида туроператорлар, меҳмонхона фаолиятини юритувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан Хива шаҳрида ички туризмни ривожлантиришга қаратилган қатор таклифлар илгари сурилди.
Жумладан, Фарғона вилоятида фаолият кўрсатувчи “Fargona Vodiy Sayyoh” МЧЖ рахбари Х.Абдурахимов томонидан қуйидаги таклифлар билдирилди:
-пандемия даврида ички туризмни ривожлантириш учун тижорат банклари томонидан аҳолига 2 млн.сўмгача миқдорда саёҳат кредитларини ажратишни йўлга қўйиш. Бунда саёҳат кредитларини ажратиш фуқароларнинг бошқа йўналишлар бўйича кредитларидан қарздорлигидан қаътий назар берилишини назарда тутиш;
-пандемия даврида ички туризмни ривожлантириш учун Хива шаҳридаги туристик объектларга кириш чиптаси, мини тур ва тўлиқ тур чипталари учун 25% чегирмаларни жорий этиш;
-вилоятлардаги касаба уюшмалари бошқармалари томонидан иқтисодиётнинг турли тармоқлари меҳнат жамоалари учун ички туризм бўйича турпакетларни харид қилишда 25% гача тўлов миқдорини қоплаб беришни кўзда тутиш.
Наманган вилоятидаги туроператорлар томонидан Хива шаҳрига саёҳат қилиш учун турпакетлар маҳаллий туристларга имтиёзли нархларда берилиши ва бунда транспорт ҳаражатларидан чегиримларни мавсумга қараб жорий этилиши таклиф қилинди.
Ўзбекистон отельерлар уюшмаси раиси Ф.Абдуллаева томонидан Хива шаҳридаги меҳмонхоналар учун меҳмонхона бекалари, ошпазлар, официантларни малакасини ошириш ва бунда қисқа муддатли ўқув курсларини юқори стандартлар асосида ташкил этиш таклифлари билдирилди.
Тадбирда Хива шаҳридаги “Арқончи Хотел” меҳмонхонаси раҳбари Р.Рузметов томонидан транспорт воситалари хайдовчиларини Хива шаҳрини тарихи тўғрисида билимларини ошириш ва туристларга Хива шаҳрида бўлишларида қизиқарли тарихий маълумотларни етказиб боришлари кераклигини таклиф қилди.
"XIVA AVTO TUR" МЧЖ раҳбари Д.Якубов томонидан маҳаллий турстлар учун хизмат кўрсатувчи микроавтобус ва автобусларга тузатиш-таъмирлаш хизматини кўрсатувчи автосервис шаҳобчаларини жорий этиш ва транспорт воситаларини жорий таъмирлаш хизматларини ташкил этилиши транспорт соҳасида ташувларни хавфсиз ва юқори сифат билан амалга ошириш имконини беришини маълум қилди.
Хива шаҳар ҳокими Т.Давлетов томонидан Савдо-саноат палатаси ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда аҳоли учун 4 та хил турпакетлар лойиҳалари ишлаб чиқилгани маълум қилиниб, булар зиёрат туризми, гастрономик туризм, экотуризм ва маданий туризм йўналишларини ўз ичига олади.
Хива шаҳридаги “Умар” меҳмонхонаси раҳбари Х.Маликов томонидан Хива шаҳрида республика миқёсидаги спорт мусобақалари ва турли касб вакилларининг анжуманларини мунтазам равишда ўтказиш орқали ички туризмни ривожлантиришга хизмат қилишини билдирди.
Муҳокамада Хива шаҳрида хунармандлар фестивали, спорт мусобақалари, ёшлар ва олий ўқув юртларининг анжуманлари, турли касблар сеъздларини ташкил этиш масаласида мутасадди вазирлик ва идораларни жалб этиш таклифи билдирилди.
Муҳокама якунида Фарғона, Андижон, Наманган вилоятлари ҳокимликлари маҳаллий туроператорлари билан Хива шаҳрига ички туризмни йўлга қўйиш бўйича таклифларни тайёрлаб киритишлари келишиб олинди.
Хива шаҳар ҳокимлиги томонидан Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда Хива шаҳрида ички туризмни ривожлантириш бўйича аҳолининг барча қатламларини эътиборга олган ҳолда қариялар, хотин-қизлар, ёшлар, талаба ва ўқувчилар, бюджет ташкилотлари, меҳнат жамоалари ва спортчилар учун турли тарифдаги турпакетларни ишлаб чиқишга келишиб олинди.
17.12.2020
20:27