Аёлларга тадбиркорлик билан шуғулланишда кўмак кўрсатилади
Вазирлар Маҳкамасининг 8.01.2021 йилдаги «Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2-сон қарори билан Хотин-қизлар муаммоларини «Аёллар дафтари»ни юритиш орқали тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича вақтинчалик тартиб тасдиқланди.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан ҳокимликлар билан биргаликда 2021 йил 1 декабрга қадар ушбу тартибнинг амалиётда қўлланилиши таҳлил қилинади ва синовдан ўтказилади.
«Аёллар дафтари»га 30 ёшдан ошган қуйидаги тоифадаги хотин-қизлар киритилади:
- ишсизлар;
- боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд хотин-қизлар;
- ижтимоий йордамга муҳтож 1 ва 2 гуруҳ ногиронлиги бўлган қизлар;
- уй-жойини таъмирлашга муҳтож I гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизлар;
- нотурар жойларда истиқомат қилаётган, турар жой мавжуд бўлмаган хотин-қизлар;
- қарамоғида бир ва ундан ортиқ I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган болалари мавжуд ёлғиз аёллар;
- тиббий ҳимояга, ҳуқуқий ёрдам олишга ва психологик маслаҳатга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар.
Секторлар ишчи гуруҳлари томонидан бириктирилган маҳаллаларда фуқаролар йиғинлари ходимлари ва фаоллари билан биргаликда ҳар ярим йилда бир маротаба, бунда ярим йиллик биринчи ойининг дастлабки 15 кунида уйма-уй юриш орқали хотин-қизларнинг муаммолари, эҳтиёжлари ва қизиқишлари ўрганилади. Шу билан бирга индивидуал анкеталар тузилади ва 1 кун ичида кўриб чиқилади.
Сўнгра 3 кундан ошмаган муддатда анкеталардаги маълумотлар вазирликлар ва ташкилотларнинг маълумотлари билан солиштирилади ҳамда хотин-қизларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтожлик даражаси (тоифаси) аниқланади.
«Аёллар дафтари»га киритиладиган хотин-қизларнинг рўйхатлари ҳамда уларнинг муаммоларини бартараф этишга қаратилган «Йўл харитаси» лойиҳаси 7 кундан ошмаган муддатда халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига тасдиқлаш учун киритилади.
Тасдиқланган рўйхатлар 3 кундан ошмаган муддатда «Маҳалла» ягона ахборот тизимига киритилади, ва бунинг асосида вақтинчалик тартибда келтирилган хизматлар кўрсатилади.
Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизларга 150 БҲМгача миқдорда (33 млн 450 минг сўм) кредитлар ажратилади.
Кредитлар Халқ банкининг филиаллари томонидан 6 ойгача имтиёзли давр билан 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга ажратилади. Бунда кредитлар қатъий навбат асосида (алфавит тартибида) тақдим этилади.
Бундан ташқари, айрим тоифадаги ёрдамга муҳтож хотин-қизларга бир йилда 2 БҲМдан 4 БҲМгача бўлган миқдорда (446 минг сўмдан 892 минг сўмгача) бир марталик моддий ёрдам берилади.
Шунингдек «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларга турар жой ижара компенсацияси белгиланган тартибда тўлаб берилади. Бунда турар жой ижараси тўғрисидаги шартнома 2021 йил 31 декабрга қадар бўлган муддатга тузилади, турар жой ижараси учун тўловлар ижарага берувчига тўғридан-тўғри тўланади.
«Аёллар дафтари»га икки ва ундан ортиқ масалаларини ҳал этиш учун киритилган хотин-қизларнинг барча масалалари тўлиқ ҳал этилиши дафтардан чиқариш учун асос бўлади. «Аёллар дафтари»дан чиқарилган хотин-қизлар туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари томонидан 5 кун ичида бу ҳақда ёзма равишда хабардор қилинади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 9.01.2021 йилдан кучга кирди.
Манбаа Norma.uz
18.01.2021
10:15