Ташқи савдо операцияларини молиялаштиришда замонавий банк хизматларига бағишланган вебинар бўлиб ўтди
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан 2021 йил 29 январь куни текстиль саноати корхоналари учун ташқи иқтисодий фаолият операцияларида тижорат банклари томонидан таклиф этилаётган замонавий молиялаштириш хизматларига бағишланган вебинар ташкил этилди ва ушбу тадбирда 60 га яқин текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналар иштирок этди.
Вебинарда ташқи савдони олиб боришда экспорт ва импорт операцияларини банк томонидан молиялаштиришнинг замонавий услублари маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга таклиф этилди.
Бунда импорт операцияларида хорижий давлатлардан харид қилинадиган товарлар бўйича ишончли хорижий банклар билан ҳамкорликда товар харид қилишни молиялаштириш ва товарни Ўзбекистонга етиб келишини кафолатлашга қаратилган банк хизматлари бўйича тақдимот ўтказилди.
Шунингдек, текстиль корхоналари учун миллий маҳсулотларни хорижий бозорларга экспорт қилишда харидордан тўлов маблағларини қисқа муддатда тўлақонли туширишни таъминловчи банк хизматлари тўғрисида ҳам маълумот берилди.
29.01.2021
14:29