Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 62 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан ишлаб чиқилган Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмаси асосида ишлаб чиқариладиган фильмлар ва сериаллар танловини ўтказиш ҳамда уларни молиялаштириш тўғрисида”ги Қарори (ID-28119) лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
1. Лойиҳа 1-иловаси 3-бандида мазкур иловада қўлланилган тушунчаларга таъриф бериш назарда тутилган.
Унга кўра, “кинолойиҳа”, “мини-сериал лойиҳаси” ва “телесериал лойиҳаси” тушунчаларига таъриф беришда, шунингдек бундай лойиҳаларни танлов учун юборишда улар бўйича “бош роль ижрочилари рўйхати” тасдиқланган бўлиши ҳамда лойиҳани ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган “бошқа қўшимча материаллар мажмуаси” мавжуд бўлиши белгиланган.
Бироқ, бу каби талабларни белгилаш ортиқча кўринади. Ваҳолангки, “бош роль ижрочилари рўйхати” лойиҳанинг танловда иштирок этиши учун ҳеч бир аҳамият касб этмайди. Зеро, танловда бош роль ижрочилари маҳоратига эмас, балки лойиҳанинг ўзига баҳо берилади.
Қолаверса, буни алоҳида бир талаб қилиб белгиланиши амалиётда турли коррупция ҳолатларига йўл очиши, танлов иштирокчиси фаолиятига аралашиш ҳолатларини келтириб чиқариши мумкин.
Шунингдек, юқорида келтирилган “бошқа қўшимча материаллар мажмуаси” тушунчаси амалиётда турлича талқин қилиниши оқибатида, иштирокчилардан ортиқча ҳужжатларнинг талаб қилинишига олиб келиши мумкин.
Шу боис, лойиҳа 1-иловасида лойиҳаларга қўйиладиган талаблардан “бош роль ижрочилари рўйхати” ва “бошқа қўшимча материаллар мажмуаси” талабларини чиқариб ташлаш лозим.
2. Лойиҳа 1-иловаси 14-хатбошига кўра, “ташаббускор – давлат кўмагини олиш учун мини-сериал ёки телесериал лойиҳасини давлат буюртмачисига тақдим қилувчи, мулкчилик шаклидан қатъи назар, асосий фаолият тури фильмлар ва телесериалларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган юридик шахс”, - деб белгиланган.
Бунда, давлат кўмагини олиш учун мини-сериал ёки телесериал лойиҳасини давлат буюртмачисига тақдим қилиниши назарда тутилган бўлиб, филмлар лойиҳаси эътибордан четда қолдирилган.
Ваҳолангки, мазкур илова 1-бандига кўра, “Ушбу Низом “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмаси асосида фильмлар ва сериалларни ишлаб чиқариш ва молиялаштириш тартибини белгилайди”.
Шу сабабли, юқоридаги нормани қуйидаги таҳрирда баён қилиш тавсия этилади:
“ташаббускор – давлат кўмагини олиш учун фильм, мини-сериал ёки телесериал лойиҳасини давлат буюртмачисига тақдим қилувчи, мулкчилик шаклидан қатъи назар, асосий фаолият тури фильмлар ва телесериалларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган юридик шахс”.
3. Лойиҳа 1-иловаси 6-7бандларига кўра, “Адабий сценарийни тайёрлаш ёки сотиб олиш бўйича жисмоний ёки юридик шахсни белгилаш, адабий сценарийни тайёрлаш ёки сотиб олиш муддатлари, тўлов миқдори ва бошқа талаблар Бадиий кенгаш томонидан белгиланади.
Бадиий кенгаш қарори асосида Давлат буюртмачиси томонидан адабий сценарийни тайёрлаш ёки сотиб олиш бўйича муаллиф билан шартнома имзоланади”, - деб белгиланган.
Бунда, адабий сценарийни тайёрлаш бўйича жисмоний ёки юридик шахс бўлган муаллифни танлаш Бадиий кенгаш томонидан тўғридан-тўғри амалга оширилиши назарда тутилган.
Бироқ, адабий сценарийни тайёрлаш ҳам лойиҳада назарда тутилган давлат харидининг бир қисми ҳисобланади.
Шу боис, бу жараён ҳам давлат харидлари тамойиллари (очиқлик ва шаффофлик, тортишув ва холислик, коррупцияга йўл қўймаслик ва б) асосида амалга оширилиши лозим.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳа 1-иловасида адабий сценарийни тайёрлаш бўйича муаллифни танлаш танлов асосида амалга оширилишини белгилаш зарур.
4. Лойиҳа 1-иловаси 16, 34, 47-бандларида танловда иштирок этиш учун лойиҳалар фақат “муҳрланган конвертда” ҳамда айрим ҳужжатлар ҳам босма ҳам электрон шаклда тақдим этилиши назарда тутилган.
Бироқ, ҳозирги ислоҳотларга биноан, барча соҳаларни электронлаштириш амалга оширилмоқда. Бунда, давлат органлари ва бошқа ташкилотларга юбориладиган ҳужжатларни электрон тарзда топшириш белгиланмоқда.
Бундан ташқари, ҳужжатларнинг ёки босма ёки электрон шакллардан бири тарзида юборилиши етарли бўлиб, уларни икки хил шаклда ҳам тақдим этилиши талаби ортиқчадир.
Шу боис, мазкур лойиҳада ҳам ҳужжатларни электрон шаклда ҳам юборилиши мумкинлигини, шунингдек, ҳужжатларнинг электрон ёки босма нусхаларидан бири юборилишини белгилаш лозим.
5. Лойиҳа 1-иловаси 18-банди 3-хатбошига кўра, “Танловда бирорта иштирокчи қатнашмаган тақдирда танлов ўтказилмаган деб топилади. Бундай ҳолатда Давлат буюртмачиси томонидан Бадиий кенгаш қарори асосида белгиланган юридик шахс (киностудия) билан шартнома имзоланади ва фильмни ишлаб чиқариш таъминланади”, - деб белгиланган.
Бироқ, бу норманинг белгиланиши соҳадаги кўплаб давлат харидларининг тўғридан-тўғри шартнома тузиш орқали ўтказилишига имкон яратиб, бунга кенг йўл очади.
Ваҳолангки, лойиҳани ишлаб чиқишдан асосий мақсад соҳадаги оқилона, холис рақобатни таъминлаш, очиқлик ва шаффофлик, коррупцияга йўл қўймаслик принципларини соҳада жорий этиш ҳисобланади.
Юқоридаги норма эса, мазкур мақсадларнинг йўққа чиқарилишига олиб келиши мумкин.
Шу боис, лойиҳа 1-иловасидан юқоридаги каби нормаларни (шу жумладан, 26-банд 2-хатбошини ҳам) чиқариб ташлаш ҳамда танлов ўтказилмаган деб топилган ёхуд ғолиб ёки захирадаги иштирокчи томонидан шартнома тузиш рад этилган ҳолатларда танловни қайтадан ўтказилишини назарда тутиш лозим.
6. Лойиҳа 1-иловаси 23-банди 1- ва 3-хатбошиларига кўра, “Танлов ҳужжатларида ва кинолойиҳада кўрсатилган мезонлар асосида энг яхши шартларни таклиф қилган иштирокчи ғолиб деб топилади.
Ғолибни аниқлашда устун тарзда фильмни юқори савияда ва сифатли ишлаб чиқаришга эътибор қаратилади”, - деб белгиланган.
Кўриниб турганидек, на мазкур нормада ва на лойиҳа 1-иловасининг бошқа нормаларида лойиҳаларни танлаб олиш мезонлари аниқ белгиланмаган.
Бундан ташқари, юқоридаги нормага кўра, танлов ҳужжатларида ва кинолойиҳада кўрсатилган мезонлар асосида энг яхши шартларни таклиф қилган иштирокчи ғолиб деб топилиши назарда тутилган.
Бунда, ўз-ўзидан савол туғилади: нега кинолойиҳада кўрсатилган мезонлар асосида энг яхши шартларни таклиф қилган иштирокчи ғолиб бўлиши керак? Мазкур нормада “танлов ҳужжатлари” деганда қандай ҳужжатлар назарда тутилган?
Зеро, лойиҳани танлаб олиш мезонлари иштирокчилар томонидан топшириладиган лойиҳаларда кўрсатилмайди. Балки, бундай мезонлар давлат буюртмачиси томонидан белгиланади ҳамда танлов ўтказилиши ҳақида эълон берилганда бу ҳақидаги маълумотлар ҳам эълон билан бирга жойлаштирилади.
Шу боис, мазкур масалаларни лойиҳа 1-иловасида аниқ кўрсатиб ўтиш лозим.
7. Лойиҳа 1-иловаси 30, 44, 58-бандларига кўра, кино, мини-сериал ва телесериал ишлаб чиқариш бўйича шартномалар ушбу маҳсулотлар “Республика кинофонди” ДУК томонидан қабул қилиб олингандан сўнг бажарилган деб ҳисобланиши ҳамда тўловнинг охирги қисми шундан сўнг тўланиши назарда тутилган.
Бироқ, лойиҳага кўра, лойиҳаларнинг давлат буюртмачиси ваколатли давлат органи – “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ҳисобланади ҳамда тегишли шартнома ушбу орган билан тузилади.
“Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасига кўра, “давлат хариди — товарларни (ишларни, хизматларни) давлат буюртмачилари томонидан пулли асосда олиш”.
Кўриниб турганидек, бунда товарлар, ишлар, хизматларнинг давлат буюртмачиси томонидан олиниши белгиланган.
Шу боис, лойиҳада тайёрланган маҳсулотлар “Республика кинофонди” ДУК томонидан қабул қилиб олингандан сўнг шартномалар бажарилган деб ҳисобланиши ҳамда тўловнинг охирги қисми шундан сўнг тўланишини назарда тутиш тўғри бўлмайди.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, тўловларнинг охирги қисми ҳам маҳсулотлар давлат буюртмачиси томонидан қабул қилингач тўланишини белгилаш лозим.
29.01.2021
18:25