Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари учун консалтинг хизматлари сифатини оширамиз
Сўнгги йилларда мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари барча соҳаларда, шу жумладан маълумот тақдим қилиш борасида ҳам фаол қўллаб-қувватланмоқдалар.
Ахборот ва маслаҳат хизматлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш занжирининг зарур бўғини бўлиб, унинг ёрдамида ҳосилни етиштириш, сақлаш, етказиб бериш ва сотиш билан боғлиқ кўплаб муаммолар аниқланади ва ҳал этилади.
Бунинг чуқур моҳиятини англаган ҳолда жорий йилнинг 26-январ куни Фарғона шаҳрида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва БМТ Тараққиёт дастурининг ҳамкорликдаги ҳамда Россия Федарациясини молиявий кўмагида амалга оширилаётган «Фарғона водийсида фермерларни иқлим ўзгариши хатарларига мослашиши ва барқарорлигини ошириш» лойиҳаси доирасида саралаб олинган вилоят ва туман карантин инспекциялари вакиллари учун "Қишлоқ хўжалигида консалтинг хизматлари" мавзусида семинар ташкил этилди.
Ушбу семинарнинг асосий мақсади иштирокчиларни қишлоқ хўжалигида консалтинг хизматлари асослари ва уларнинг ривожланиш босқичлари, халқаро тажрибалар билан батафсилроқ таништириш ва вилоят ўсимликлар карантини инспексиялари қошида ташкил этилган "Фитоконсултинг марказлари"нинг фаолияти доирасида тақдим этилаётган консалтинг хизматларини ривожлантириш юзасидан муҳокамалар олиб бориш эди.
Семинар мобайнида қишлоқ хўжалиги ахборот-маслаҳат хизматларининг вазифалари нималардан иборат, ушбу хизматларнинг ходимларига қандай талаблар қўйилади, хизматлар ва тақдим этилаётган маълумотларнинг сифатини ошириш учун нима қилиш керак, гуруҳ телеграмлари орқали юқори сифатли маълумотларни тақдим этишда нималарга эътибор қаратиш керак шу ва бошқа кўплаб долзарб масалалар иштирокчилар томонидан батафсил кўриб чиқиб, муҳокама қилинди.
"Тақдим этилаётган ахборот-маслаҳат хизматлари ўз вақтида берилиши, ишончлилиги, тушунарли бўлиши, уйғунлик, амалиётда қўллаш имконияти бўлиши каби бир қатор хусусиятларга жавоб бериши керак. Бу ўз навбатида, мазкур меъзонлар орқали тақдим этилаётган ахборот-маслаҳат хизматлар сифатини маълум даражада баҳолашга имкон беради. Шунинг учун ҳам мижозларнинг қониқиш ҳосил қилиши ахборот-маслаҳат хизматларнинг фаолияти натижалари сифатини баҳолашда муҳим кўрсаткич бўлиб ҳисобланади ", - дейди лойиҳанинг Таск менежери Бахтиёр Тоштемиров.
Шунингдек, семинар давомида иштирокчиларда телеграм-гуруҳларда фермерлар ўртасида ўтказилган сўровнома натижалари билан танишиш имконияти бўлди. Ушбу сўровнома ҳам фермерларнинг берган баҳолари, тавсиялари ва билдирган истакларини инобатга олиш орқали кўрсатилаётган ахборот- маслаҳат хизматларининг сифатини ошириш мақсад қилинган.
Семинар якунида барча иштирокчилар берилган мавзулар бўйича музокаралар олиб бордилар ва ўзаро фикр алмашиб, яқин келажакда бажарилиши лозим бўлган вазифаларни белгилаб олдилар. Зеро, ўз вақтида сифатли ва тўғри маълумотларга эга бўлиш, доимий равишда қишлоқ хўжалиги фаолиятларини олиб бориш учун керакли билим ва кўникмаларини ошириш, илғор агро ишлаб чиқарувчилар ва соҳа мутахассислари билан тажриба алмашиш имконияти учун шароитлар яратиб берилиши бугунги кунда аксарият фермер ва деҳқонларимиз учун зарурий эҳтиёж ҳисобланмоқда.
30.01.2021
08:53