Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Кўрфаз давлатлар ҳамкорлик кенгашининг Савдо-саноат палаталари федерацияси ўртасида ҳамкорлик масалаларига бағишланган видеомулоқоти
Жорий йилнинг 3 февраль куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Кўрфаз давлатлар ҳамкорлик кенгашининг Савдо-саноат палаталари федерацияси ўртасида ҳамкорлик масалаларига бағишланган видеоконференция шаклида бизнес анжумани бўлиб ўтди.
Мулоқотда, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Кўрфаз давлатлар ҳамкорлик кенгашининг Савдо-саноат палаталари федерациясига аъзо мамлакатлар раҳбарлари ва уларнинг вакиллари иштирок этдилар.
Маълумки, Кўрфаз давлатлар ҳамкорлик кенгашининг аъзо мамлакатлари Баҳрайн, Бирлашган Араб Амирликлари, Қувайт, Қатар, Ўмон ва Саудия Арабистони саналади.
Жумладан, мулоқотда Баҳрайн Савдо-саноат палатаси раиси, Кўрфаз давлатлар ҳамкорлик кенгашининг Савдо-саноат палаталари федерацияси раиси Самир Абдулла Насс, ушбу ташкилотнинг Бош котиби Доктор Сауд Аль Машари, Бирлашган Араб Амирликлари палаталари федерациясининг бош котиби Хамид бин Салем ҳамда Ўмон, Қувайт ва Қатар Савдо-саноат палаталари маъсул раҳбарлари қатнашдилар.
Тадбирни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адхам Икрамов кириш сўзи билан очиб, мулоқот иштирокчиларини самимий қутлади.
Шунингдек, Адхам Икрамов ўз сўзида минтақа мамлакатларининг жаҳон ва минтақа иқтисодиётида муҳим ўринга эга эканлигини, Кўрфаз давлатларининг нафақат нефть ва газ соҳасида, балки ҳозирда минтақа давлатлари томонидан саноат тармоқларини чуқур диверсификациялашга қаратилган иқтисодий ислоҳотлар эътирофга сазовор эканлигини таъкидлаб ўтди.
Шу билан бирга Адхам Икрамов мулоқот чоғида Кўрфаз давлатлари инвесторларини Ўзбекистондаги истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, Кўрфаз давлатлари доира вакилларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш, Ўзбекистонда ва Кўрфаз давлатларида бўлиб ўтадиган халқаро кўргазма ва ярмаркаларда иштирок этишга таклиф этиш, томонларнинг ишбилармон доиралари ўртасида бизнес мулоқотларини ўтказиш каби ҳамкорлик таклифларини билдирди.
Мулоқот давомида Кўрфаз давлатлар ҳамкорлик кенгашининг Савдо-саноат палаталари федерацияси раиси Самир Абдулла Насс жаноблари томонидан Кўрфаз давлатларини Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш араб мамлакатларининг Марказий Осиё давлатлари билан савдо-иқтисодий алоқаларини кенг йўлга қўйиш борасидаги интилишларига мос эканлиги, сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида республикамизга хорижий инвестициялар кенг жалб этилаётганлиги ҳамда Ўзбекистон иқтисодиёти юқори суръатлар билан ривожланиб бораётганлиги қайд этиб ўтилди.
Самир Абдулла Насс жаноблари бугунги глобал иқтисодий интеграция жараёнларида ҳамда халқаро иқтисодий муносабатларнинг жадал ривожланишида Ўзбекистон иқтисодиёти Кўрфаз давлатлари ишбилармонларида катта қизиқиш уйғотаётганлигини алоҳида таъкидлади.
Тадбирда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Кўрфаз давлатлар ҳамкорлик кенгашининг Савдо-саноат палаталари федерацияси ўртасида ҳамкорлик алоқаларининг ўрнатилиши республикамиз ва араб давлатлари ишбилармон доиралари учун ўзаро бизнес алоқаларни йўлга қўйишда муҳим қадам бўлишига алоҳида урғу бериб ўтилди.
Видеомулоқот давомида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Кўрфаз давлатлар ҳамкорлик кенгашининг Савдо-саноат палаталари федерацияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Тадбир якунида томонлар бизнес алоқаларини йўлга қўйиш бўйича истиқболли таклифлар юзасидан ўзаро фикр алмашиб, имзоланган Меморандум доирасида ҳамкорликда олиб бориладиган саъй-ҳаракатлар тўғрисида келишиб олдилар.
03.02.2021
19:42