Банкларнинг ички аудитига қўйиладиган янги талаблар ишлаб чиқилмоқда
Марказий банк томонидан янги таҳрирдаги Тижорат банкларининг ички аудитига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги низом лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Низом «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги ва «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонунларга мувофиқ ишлаб чиқилган.
Лойиҳани тайёрлашда Банк назорати бўйича Базель қўмитасининг «Банкларда ички аудитга оид тамойиллар»и ҳамда Ички аудиторлар институтининг Ички аудитнинг халқаро касбга оид стандартлари, шунингдек бир қатор хорижий мамлакатларнинг тажрибалари ўрганиб чиқилди.
Банкларда таваккалчиликларга асосланган ички аудитни ўтказишни ташкил этишда, аудиторлик текширувини режалаштириш ва ўтказишда банкнинг риск-профили, шу жумладан таваккалчиликларни бошқариш тизими ҳолати ва йирик таваккалчиликлар ҳисобга олиниши лозим.
Шу билан бирга, мустақиллик ва холислик тамойилларига мувофиқ ички аудит хизмати ходимларидан аудиторлик текшируви чоғида манфаатлар тўқнашуви келиб чиқишига йўл қўймаслик, банк фаолиятидаги камчиликлар ва ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, шунингдек уларни бартараф этиш ва банк фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш талаб этилади.
Бундан ташқари, корпоратив бошқарув стандартларига мувофиқ тижорат банкларида мустақил таркибий бўлинма сифатида ички аудит хизмати фаолиятини ташкил этиш мақсадида банк аудити кузатув кенгаши, бошқармаси ва қўмитасининг вазифалари ва мажбуриятлари батафсил белгиланмоқда.
Шунингдек низом лойиҳасида Марказий банк ва банк ички аудити хизмати ўртасида ўзаро алоқалар самарадорлигини таъминлаш мақсадида алоҳида нормалар киритилмоқда.
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
ССП Ахборот-хизмати
Манбаа: Norma.uz
12.02.2021
12:21