Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида.
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 96 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тадбиркорлик фаолиятининг айрим соҳаларидаги рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги ягона низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарори (ID-28360) лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
1.Лойиҳа 1-иловаси билан Тадбиркорлик фаолиятининг айрим соҳаларидаги рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги ягона Низом (кейинги ўринларда Низом)ни тасдиқлаш белгиланган.
Кўринадики, бунда, фақат рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни беришни махсус электрон тизим орқали амалга ошириш тартиби ва у билан боғлиқ нормаларгина акс эттирилиши лозим.
Бироқ, Низомда ушбу лойиҳа предмети ҳисобланмайдиган, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тартибга солувчи қонунда тўғридан-тўғри белгиланиши лозим бўлган масалалар ҳам келтирилган.
Хусусан, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш соҳасида қўлланиладиган асосий тушунчалар, фаолиятни амалга ошириш талаблари ва шартлари, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб туриш, бекор қилиш ва тугатиш, тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари соҳасидаги давлат назорати ва жавобгарлик, рухсат бериш тартиб-таомилларининг ўзи хос хусусиятлари, ваколатли органлар қарорларига (ҳатти-ҳаракатларига) нисбатан маъмурий шикоят бериш ва уни кўриб чиқиш тартиби ва бошқалар.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 августдаги ПФ-5505-сонли Фармони билан тасдиқланган Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш Концепциясининг 7-бандида тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларни қабул қилишнинг самарали механизмларини жорий этиш белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил
24 августдаги ПФ–6044-сонли Фармони 15-банди “а” кичик бандига кўра, юқорида келтирилган масалалар “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги ва “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунларни бирлаштириш йўли билан ишлаб чиқиладиган яхлит қонун лойиҳасида белгиланиши назарда тутилган.
Шундан келиб чиқиб, юқорида келтирилган масалаларни лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тартибга солувчи қонунда белгилаш, лойиҳада эса фақатгина махсус электрон тизим билан боғлиқ масалаларни назарда тутиш мақсадга мувофиқ.
2.Лойиҳада фақатгина рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни махсус электрон тизим орқали амалга ошириш тартибини белгилаш назарда тутилмоқда.
Бироқ, шуни эътиборга олиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 августдаги ПФ–6044-сонли Фармони 15-банди “б” кичик бандида Адлия вазирлигига 2021 йил 1 февралга қадар лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари соҳасидаги қонун ҳужжатларини тизимлаштириш мақсадида уларнинг паспортларини ишлаб чиқиш ва кодификациялаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси юкланган.
Яъни, Фармонда лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари бўйича паспортларни ишлаб чиқиш ва кодификациялаш бўйича битта норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини киритиш белгиланган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, шунингдек лицензиялаш ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни махсус электрон тизим орқали бериш тартиби мазмунан бир хил эканлигини инобатга олиб, лойиҳани “Махсус электрон тизим орқали лицензиялаш тартиби тўғрисидаги ягона низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарори лойиҳаси (ID-28345) билан бирлаштириш ҳамда унда фақат лицензиялаш ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни беришни махсус электрон тизим орқали амалга ошириш тартибини назарда тутиш лозим.
3.Низом 13-банди 2-хатбошига кўра, “Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни кўриб чиққанлик ва/ёки берганлик, амал қилиш муддатини узайтирганлик, қайта расмийлаштириш учун давлат божи ундирилмайди”, - деб белгиланган.
Бироқ, Низомнинг 26-иловаси 7-бандида фильмни оммавий намойиш этишга бир марталик рухсатнома берилганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баробари миқдорида давлат божи ундирилиши белгиланган.
Кўринадики, бунда нормалар ўртасида ўзаро номувофиқликлар юзага келган. Бу эса, юридик нуқтаи назардан мутлақо нотўғридир.
Шу сабабли, Низомнинг 26-иловаси 7-бандини чиқариб ташлаш лозим.
4.Низом 16-бандига кўра, “Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш ёки беришни рад этиш тўғрисидаги қарор паспортларнинг 8-бандида белгиланган муддатларда қабул қилинади”, - деб белгиланган.
Бироқ, айрим паспортларда, хусусан, Низомнинг 1, 11-12, 17, 35, 42, 46, 47, 48-иловаларида аризани кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш муддатлари кўрсатилмаган.
Бу эса, амалиётда турли ноаниқликлар ва тушунмовчиликларга, муддатларнинг асоссиз равишда узайтирилишига олиб келади.
Шу боис, ҳар бир паспортда аризани кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш муддатлари аниқ кўрсатиб ўтиш лозим.
5.Низомнинг айрим иловаларида, хусусан, 7, 21-22, 25-28, 32-34, 39, 45-иловаларда рухсатнома (хулоса, қарор, сертификат, розилик ва бошқа) берилганлиги учун йиғим ундирилиши белгиланган.
“Давлат божи тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддаси биринчи қисмига кўра, “Давлат божи юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни амалга оширганлик ва (ёки) бундай ҳаракатлар учун ваколатли муассасалар ва (ёки) мансабдор шахслар томонидан ҳужжатлар берганлик учун ундириладиган мажбурий тўловдир”.
Шунингдек, мазкур Қонуннинг 5-моддаси 14-бандига кўра, фаолиятнинг айрим турларини амалга оширишга доир лицензиялар ва рухсатномалар берганлик учун давлат божи ундирилиши белгиланган.
Бундан кўринадики, учун йиғим ундирилишини белгилаш мазкур Қонун талабларига зиддир.
Юқоридагиларни инобатга олиб, лойиҳага тегишли ўзгартиришлар киритилиши лозим.
6.Низомнинг айрим иловаларида, мисол учун, 16, 25, 33, 38, 40, 42, 45-49-иловаларда рухсатнома (хулоса, қарор, сертификат, розилик ва бошқа)нинг амал қилиш муддати кўрсатилмаган.
Низомнинг 6-бандида эса, “Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат паспортларнинг 8-бандида назарда тутилган муддатга бир марта ва(ёки)лик ҳаракатни бажариш ва (ёки) фаолиятни амалга ошириш учун берилади”, - деб белгиланган.
Аввало, мазкур норманинг ўзи аниқ ифодаланмаган, ундаги маъно англашилмаган.
Бундан ташқари, паспортларнинг 8-бандида мазкур нормада айтилганидек рухсат берувчи ҳужжатларнинг амал қилиш муддати эмас, балки Низомнинг
16-бандида айтилганидек, аризаларни кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш муддатлари белгиланган.
Кўриниб турибдики, Низом ва унинг иловаларида рухсат берувчи ҳужжатнинг амал қилиш муддатлари мавҳум бўлиб, аниқ белгиланмаган.
Бу эса, амалиётда тадбиркорлик субъектларига турли ноқулайликларни келтириб чиқариши билан бирга, тушунмовчиликлар ҳамда суиистеъмолчилик ҳолатларини ҳам келтириб чиқаради.
Шу боис, Низом ва унинг иловаларига тузатишлар киритиш, рухсат берувчи ҳужжатнинг амал қилиш муддатларини кўрсатиш лозим.
7.Шу билан бирга, рухсат берувчи ҳужжатларнинг айрим ўзига хос алоҳида хусусиятга эга (мисол учун, бир марталик) бўлганларидан бошқа барча турларини чекланмаган муддатга бериш масаласини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлар эди (хусусан, 3-4, 18-19, 22, 27, 30-32, 50-иловаларда назарда тутилган рухсат берувчи ҳужжатларни чекланмаган муддатга бериш).
8.Низомнинг 2-иловаси 11-бандида ҳаракатланадиган таркибнинг умумий фойдаланадиган темир йўлларга чиқиши учун рухсат беришда рухсат берувчи ҳужжатнинг амал қилиш муддати 1 йилдан ошиқ бўлмаган муддат қилиб белгиланган.
Бироқ, муддатнинг бу шаклда ноаниқ қилиб белгиланиши амалиётда мазкур норманинг турлича қўлланилишига ҳамда бир хил ҳужжатнинг турлича муддатларга берилишига олиб келиши мумкин. Буни эса, коррупция ва суиистеъмолчилик ҳолатларига олиб келувчи маъмурий тўсиқ сифатида баҳолаш мумкин.
Амалиётда бу каби салбий ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида, мазкур муддатнинг аниқ чегарасини аниқлаштириш мақсадга мувофиқ.
9.Низомнинг 4-иловаси 5-бандига кўра, ихтисослашган сўйиш корхоналарида ҳайвонларни сўйиш, ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хомашёларни ишлаб чиқариш, сақлаш ва сотиш фаолиятига ветеринария-санитария хулосасини олишда талабгор томонидан қуйидаги ҳужжатларни ҳам тақдим этиш белгиланган:
объект номи, ҳайвон турлари;
в) ихтисослашган сўйиш корхонаси учун унинг жойлашиш схемаси”.
Бироқ, бунда амалдаги тартибда назарда тутилмаган, қўшимча ва ортиқча талабларни белгилаш назарда тутилган.
Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги 139-сонли Қарори (ҳозирда амалда бўлган) 1-2-иловаларига кўра, тегишли ветеринария-санитария хулосасини олиш учун ариза ҳамда хоналар ва иншоотларнинг қурилиш, техник ва ишлаб чиқариш тавсифи тўғрисидаги, шунингдек биноларнинг ўз мулки ёки ижарага олинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари тақдим этилиши, бундан ортиқ ҳужжатларнинг талаб қилинишига йўл қўйилмаслиги белгиланган.
Кўриниб турибдики, юқоридагилар оғирлаштирувчи ҳолатларни назарда тутади ва бу ҳозирги кунда амалга оширилаётган ислоҳотларга мутлақо зиддир.
Шу боис, Низомнинг 4-иловаси 5-бандидан мазкур талабларни чиқариб ташлаш лозим.
10.Низомнинг 4-иловаси 9-банди “г” кичик бандига кўра, ихтисослашган сўйиш корхоналарида ҳайвонларни сўйиш, ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хомашёларни ишлаб чиқариш, сақлаш ва сотиш фаолиятини амалга оширишнинг талаблари ва шартларидан бири сифатида ихтисослашган сўйиш корхоналарида ҳайвонларни суйишда алоҳида ихтисослашган сўйиш корхонасининг мавжудлиги белгиланган.
Кўриниб турганидек, бунда мантиқсиз талаб назарда тутилган. Яъни, ихтисослашган сўйиш корхоналари ҳайвонларни сўйиш фаолияти билан шуғулланиш учун ташкил этилади. Демакки, бу фаолият билан бевосита ўзи шуғулланади. Тегишли хулосани олиш учун эса, унга алоҳида ихтисослашган сўйиш корхонасининг мавжудлиги талаби қўйилмоқда.
Бу эса, умуман кераксиз талаб бўлиб, ортиқча маъмурий тўсиқларни назарда тутади.
Шу сабабли, Низомнинг 4-иловаси 9-бандидан “г” кичик бандни чиқариб ташлаш лозим.
11.Низом 6-иловаси билан Бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни келишишнинг паспортини тасдиқлаш назарда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 августдаги
ПФ–6044-сонли Фармони 5-иловаси 28-бандида бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни келишишни рад этишнинг аниқ асосларини белгилаш лозимлиги кўрсатилган.
Шу боис, ушбу Паспортда бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни келишишни рад этишнинг аниқ асосларини белгилаш лозим.
12.Низом 10-иловаси билан Ўрнатилган технологик жараёнлар ва асбоб-ускуналарнинг ҳолати техник жиҳатдан тартибга солиш бўйича норматив ҳужжат талабларига мувофиқлиги тўғрисидаги хулоса Паспортини тасдиқлаш назарда тутилган.
Бироқ, унинг 8-бандида аризани кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш муддати белгиланмаган.
Низом 16-бандига кўра эса, “Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш ёки беришни рад этиш тўғрисидаги қарор паспортларнинг 8-бандида белгиланган муддатларда қабул қилинади”, - деб белгиланган.
Аризани кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш муддатининг белгиланмаслиги амалиётда мазкур муддатларнинг асоссиз равишда чўзилиб кетишига, тадбиркорлик субъектлари мурожаатларининг вақтида кўриб чиқилмаслигига олиб келади.
Шу боис, ушбу бандда аризани кўриб чиқиш муддатини аниқ кўрсатиб ўтиш зарур.
13.Низом 11-иловаси билан Автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаси нефть маҳсулотларини қабул қилиш, сақлаш, ҳисобини юритиш ва тарқатиш талабларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса бериш паспортини тасдиқлаш назарда тутилган.
Унинг 11-банди хулосанинг амал қилиш муддати деб номланган бўлиб, махсус Хулосанинг бир марталик берилиши белгиланган. Яъни, бунда унинг чекланмаган муддатга амал қилиш ёки қилмаслик масаласи очиқ қолдирилган.
Ваҳолангки, ушбу Паспортнинг 2-бандига кўра, бундай Хулоса автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаси нефть маҳсулотларини қабул қилиш, сақлаш ва тарқатиш фаолиятини амалга ошириш учун берилади ва бу фаолият чекланмаган муддатда амалга оширилади.
Шу сабабли, мазкур Паспортнинг 11-бандида Хулосанинг амал қилиш муддатини чекланмаган муддат деб кўрсатиш лозим.
14. Низом 15-банди билан Саноат учун аҳамиятини йўқотган ёки кейинчалик ўтказилган геология-қидирув ишларида ёхуд конни ишга солишда тасдиқланмаган фойдали қазилма захираларини ер ости бойликларидан фойдаланувчининг ҳисобидан чиқариш тўғрисида қарорни бериш паспортини тасдиқлаш назарда тутилган.
Унинг 8-бандида аризани кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш муддати
3 ой қилиб белгиланган, шунингдек, 6-7-бандларида аризани кўриб чиқиш ва қарор чиқарилганлиги учун йиғим ундирилмаслиги кўрсатилган.
Бироқ, 12-бандда келтирилган изоҳнинг 1-бандида “Материалларни кўриб чиқиш муддати ер қаъридан фойдаланувчи билан тузилган шартномада белгиланади. Кўрсатилган иш турлари ва хизматлар нархлари ДЗК қарори билан тасдиқланади”, - деб белгиланган.
Кўриниб турганидек, ушбу нормадан маъно ва мазмун аниқ англашилмаган. Ундаги “материалларни кўриб чиқиш муддати” ва “кўрсатилган иш турлари ва хизматлар нархлари ДЗК қарори билан тасдиқланади” жумлалари қандай муносабатларни ифодалаши аниқ эмас.
Қолаверса, мазкур норма юқорида келтирилган 6-8-бандлар талабларига зид бўлганлиги боис, нормалар ўртасида ўзаро қарама-қаршилик юзага келган.
Шу сабабли, 12-банддан 1-кичик бандни чиқариб ташлаш мақсадга мувофиқ.
15.Низом 17-иловаси билан Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун рухсатнома беришнинг паспортини тасдиқлаш белгиланган.
Унинг 9-бандида рухсатнома талаблари ва шартлари кўрсатилган.
Бироқ, мазкур талаблар ва шартлар аниқ белгиланмаган. Бундай талаб ва шартлар белгиланган қонунчилик ҳужжатларига ҳаволалар келтирилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 августдаги
ПФ–6044-сонли Фармони 1-банди 3-хатбошида лицензиялаш ва рухсат бериш соҳасидаги қонун ҳужжатларини тизимлаштириш, давлат хизматлари кўрсатишнинг паспортларини ишлаб чиқиш, айрим турдаги лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар беришнинг намунавий маъмурий регламентларини жорий қилган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сонини тубдан қисқартириш белгиланган.
Бунда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сонини тубдан қисқартириш мақсадида давлат хизматлари кўрсатишнинг паспортларида барча талаб ва шартларнинг ҳам кўрсатилиши назарда тутилган.
Мазкур илова 9-бандида эса, қуйидаги талаблар ноаниқ ифодаланган:
“ер қаърини геологик ўрганиш бўйича йириклаштирилган техник-иқтисодий ҳисоб-китобларни ишлаб чиқиш ва Давлат геология қўмитасига топшириш муддати;
норуда фойдали қазилмалар захираларини тасдиқлаш учун материалларни Давлат геология қўмитаси ҳузуридаги фойдали қазилмалар захиралари бўйича Давлат комиссиясига топшириш тартиби ва муддатлари;
ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқининг чекланиши, тўхтатиб қўйилиши ёки муддатидан олдин бекор қилиниши мумкин бўлган шарт-шароитлар.
фойдали қазилмаларни қазиб олиш бўйича техник-иқтисодий асосларни ишлаб чиқиш ва Давлат геология қўмитасига топшириш муддати;
ер қаъридан фойдаланганлик учун тўловларни тўлаш шартлари;
зарур малакали мутахассисларга эга бўлиш;
ер қаъридан фойдаланувчининг ижтимоий мажбуриятлари (маҳаллий аҳоли учун иш жойларини ташкил қилиш, керакли малакали мутахассисларни жалб қилиш ва ходимларни касбга тайёрлаш);
техник ва технологик имкониятлар, шунингдек, белгиланган тартибда шартнома асосида жалб қилинадиган техника ва асбоб-ускуналар мавжудлиги;
техноген минерал ҳосилаларни сақлаш ва қайта ишлаш шартлари;
ер қаъридан фойдаланувчининг инвестиция мажбуриятлари;
ер қаъри участкаларидан фойдаланишнинг чекланиши, тўхтатиб қўйилиши ёки муддатидан олдин бекор қилиниши мумкин бўлган шарт-шароитлар” ва б.
Кўриниб турганидек, мазкур талабларда кўплаб “белгиланган тартибда” жумлалари қўлланилган бўлиб, бундай талаблар қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда келтирилганлиги кўрсатилмаган.
Бу эса, тадбиркорлик субъектларига қўшимча ноқулайликлар келтириб чиқаради. Шунингдек, юқоридаги Фармонда келтирилганидек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сонини тубдан қисқартириш имконини бермайди.
Шу боис, мазкур фаолиятни амалга ошириш шартлари ва талабларини тўғридан-тўғри ушбу паспортда назарда тутиш мақсадга мувофиқдир.
16.Низом 17-иловаси 9-бандида рухсатнома талаблари ва шартларидан бири сифатида:
“атроф муҳитга таъсири тўғрисида ариза лойиҳасига Давлат экология экспертизаси томонидан бериладиган ижобий хулосани Давлат геология қўмитасига топшириш муддати” белгиланган.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 августдаги ПФ-6044-сон Фармони 10-бандига кўра, лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари босқичма-босқич тўлиқ электрон тарзда “Лицензия” ахборот тизими орқали амалга оширилади.
Яъни, бундан кўзланган асосий мақсадлардан бири талабгорлар томонидан тақдим этилиши лозим бўлган ортиқча ҳужжатларни қисқартириш, бошқа давлат органларида мавжуд бўлган маълумотларни ўзаро электрон ҳамкорлик орқали олиш ҳисобланади.
Бундан кўринадики, рухсатнома берувчи ваколатли орган юқоридаги хулосани тегишли давлат органидан тўғридан-тўғри олиши мумкин.
Шу боис, Низом 17-иловаси 9-бандидан юқоридаги хулосаларни топширишни назарда тутувчи нормаларни чиқариб ташлаш зарур.
17.Низом 20-иловаси билан Кон ажратиш далолатномаси паспортини тасдиқлаш белгиланган.
Унинг 10-бандида фаолиятни амалга ошириш талаблари ва шартлари келтирилган. Унинг айрим нормаларида эса, ноаниқ жумлалар қўлланилган.
Хусусан, унда “ушбу Низомда белгиланган тартибда” жумласи икки ўринда қўлланилган бўлиб, бунда айнан қайси низом назарда тутилганлиги аниқ эмас.
Бу эса, амалиётда турли тушунмовчилик ва ноаниқликларни келтириб чиқариши мумкин.
Шу сабабли, ушбу паспортда фаолиятни амалга ошириш талаблари ва шартларини аниқ ва қатъий кўрсатиш тавсия этилади.
18.Низом 26-иловаси билан Фильмнинг оммавий намойиш этишга бир марталик рухсатнома беришнинг паспортини тасдиқлаш белгиланган.
Унинг 5-банди “г” кичик бандида талабгор томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлардан бири сифатида “фильмда болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотнинг мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги, унинг муайян ёш тоифасига мослиги ёки мос эмаслиги тўғрисидаги аккредитациядан ўтган эксперт хулосаси” белгиланган.
Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 августдаги
ПФ–6044-сонли Фармони 5-иловаси 20-бандига кўра, мазкур ҳужжатни тақдим этиш талабини бекор қилиш назарда тутилган.
Шу боис, мазкур “г” кичик бандни чиқариб ташлаш зарур.
12.02.2021
14:35