Давра суҳбати: 2021 йилга мўлжалланган Давлат дастурини амалга ошириш механизмлари
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурининг мазмун-моҳияти, амалга ошириш механизми ва кутилаётган натижалар” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси вакиллари, вазирлик ва идоралар қатори Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вакили ҳам иштирок этиб, Давлат дастурида белгилаб берилган «Ёшлар: 1+1» дастури доирасида уюшмаган ва ишсиз ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш ҳамда «Ҳар бир тадбиркор — ёшларга мададкор» тамойили асосида кўнгилли тадбиркорларни жалб этган ҳолда 1 нафар тадбиркорга 1 нафардан ишсиз ёшларни бириктириш ташаббусини амалга ошириш механизмлари, мазмун-моҳияти, ҳозирги ҳолат ва кутилаётган натижалар тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йил 27 январь куни “Ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ўтказган видеоселекторида ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича олдинда турган муҳим вазифалар белгилаб берилганлиги таъкидлаб ўтилди.
Мақола, "Тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича дастурлар ишлаб чиқиш ва уларни мониторинг қилиш бошқармаси" томонидан тайёрланди.
13.02.2021
16:50