“САVЕХ” - Марказий Осиё виртуал кўргазмасининг очилиши маросими бўлиб ўтди.
2021 йил 15 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Республикасининг Япониядаги элчихонаси ҳамда Япониянинг “РОТОБО” ташкилоти ҳамкорлигида “САVЕХ” - Марказий Осиё виртуал кўргазмасининг очилиши доирасида Ўзбекистонга бағишланган кун бўлиб ўтди.
“САVЕХ” - Марказий Осиё виртуал кўргазмаси 15 дан 19 февралгача давом этиб, унинг доирасида Марказий Осиё давлатлари томонидан ўз инвестицион ва экспорт салоҳиятини намойиш этиш учун вебинарлар ташкил этиш кўзда тутилган.
Виртуал кўргазмани ташкил этишдан кўзланган мақсад, пандемия шароитида жахонда рўй бераётган иқтисодий инқирозга қарамасдан Ўзбекистон ва Япония ўртасида ўзаро савдо ва инвестициявий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, Япониянинг етакчи инвестицион компанияларини мамлакатимизга жалб қилиш ҳамда Япония бозорига маҳаллий маҳсулотларимизни экспорт қилишга қулай шарт-шароитлар яратишдан иборатдир.
Ушбу тадбирда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси А.Икрамов, Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари И.Жасимов, Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Япония-Ўзбекистон қўмитасининг раиси Микио Сасаки, Ўзбекистон Республикасига хорижий инвестицияларни жалб қилиш агентлиги директори ўринбосари О.Элмурадов, “Ўзэлтеҳсаноат”акциядорлик жамияти раиси ўринбосари М. Хашимов, ҳамда бир қатор иқтисодий сектор вакиллари қатнашдилар.
Шунингдек мазкур виртуал кўргазмада Марказий Осиёнинг Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ҳамда Қирғизистон давлатлари ҳам иштирок этмоқда.
Тадбирда Савдо-саноат палатаси раиси А.Икрамов иштирокчиларга табрик сўзи билан мурожаат қилиб, мазкур кўргазма орқали Ўзбекистоннинг иқтисодий имкониятларини батафсил намойиш этилишига, шунингдек Япониянинг ишбилармон доиралари билан қўшма бизнес лойиҳаларини амалга ошириш учун мамлакатнинг етакчи корхоналарининг экспорт ва инвестиция салоҳияти билан таништирилишига ишонч билдирди.
Мазкур виртуал кўргазма доирасида республикамиз тадбиркорлик субъектларининг миллий брендларини Япониядаги салоҳиятли харидорлар, тижорат компаниялари ва истеъмолчилар эътиборини қозониш, япон бозорига миллий маҳсулотларни киришларига қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда Ўзбекистонда миллий брендлар остида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни Японияда ўз харидорларига эга бўлишлари учун имкониятлар яратиб бериш кўзланмоқда.
15.02.2021
11:44