Ўзбекистон-Исроил фармацевтика соҳасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига бағишланган видеомулоқот бўлиб ўтди.
2021 йил 16 февраль куни Ўзбекистон Республикасининг Исроилдаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон-Исроил тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари бўйича онлайн учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон томонидан Ўзбекистон Республикасининг Исроилдаги элчихонаси, Ўзбекистон Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вакиллари ҳамда Исроил томонидан Исроил ишлаб чиқарувчилар Ассоциацияси, Исроил-Осиё Савдо палатаси вакиллари қатнашдилар.
Тадбирни Ўзбекистон Республикасининг Исроилдаги элчиси Ф.Маҳмудова кириш сўзи билан очиб бериб, ушбу онлайн учрашув Ўзбекистон ва Исроил фармацевтика соҳасида ўзаро ҳамкорликнинг янада кенгайиши ва ривожланишига сабаб бўлишини таъкидлади.
Онлайн видеомулоқот давомида Исроил ишбилармон доиралари эътиборига Ўзбекистон Республикаси Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги республикамизда фармацевтика саноати, соҳада замонавий рақобатбардош корхоналар яратишда илғор хорижий тажриба ва технологияларни жалб қилиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Учрашув якунида томонлар фармацевтика соҳасида инвестиция ва савдо-иқтисодий лойиҳаларни ҳамкорликда амалга оширишни ҳамда ўзаро ташрифларни ташкил этишга келишиб олдилар.
17.02.2021
15:46