Ўзбекистон Республикасининг “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикасининг “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги Қонуни (ЎРҚ–674-сон, 16.02.2021 й.) қабул қилинди.
Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, уни ишлаб чиқишда 10 дан ортиқ вазирлик ва идоралар иштирок этган.
Қонун БМТнинг Халқаро савдо ҳуқуқи бўйича комиссияси томонидан 1985 йил 21 июнда қабул қилинган ва БМТ Бош Ассамблеяси томонидан маъқулланган ЮНСИТРАЛнинг Халқаро тижорат арбитражи тўғрисидаги Намунавий қонуни асосида, шунингдек, БМТнинг Халқаро савдо ҳуқуқи бўйича комиссияси ва Осиё тараққиёт банкининг ижобий мулоҳазалари инобатга олинган ҳолда ишлаб чиқилган.
Қонунда қуйидаги асосий қоидалар белгиланган:
Ушбу Қонун Ўзбекистон ва бошқа давлат ўртасида амалда бўлган келишувларга риоя этган ҳолда, халқаро тижорат арбитражига нисбатан қўлланилади.
Халқаро тижорат арбитражига тарафларнинг келишувига биноан тижорат хусусиятига эга бўлган ҳам шартномавий, ҳам шартномадан ташқари барча муносабатлардан юзага келадиган низолар берилиши мумкин.
Арбитраж судлари ўз фаолиятида ҳеч кимга бўйсунмайди ва мустақилдир. Арбитраж судларининг фаолиятига бирор-бир аралашувга, унга бевосита ёки билвосита таъсир кўрсатишга йўл қўйилмайди ҳамда бу Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.Тарафлар ўз хоҳишига кўра арбитрлар сонини белгилаши мумкин. Бундай келишув бўлмаганда уч нафар арбитр тайинланади.
Тарафлар арбитраж муҳокамасида фойдаланиладиган тил ёки тиллар тўғрисида ўз хоҳишларига кўра келишиб олиши мумкин.
Арбитраж иш юзасидан ёзма ҳал қилув қарори чиқаради. Арбитражнинг ҳал қилув қарори, у қайси мамлакатда қабул қилинганидан қатъи назар, мажбурий деб тан олинади ва судга ёзма ариза берилган тақдирда ижро этилади.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.
23.02.2021
11:33