Апрелдан солиқ аудити: бу кимларга тааллуқли?
Солиқ органлари ҳалол тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ҳамда бизнесда тенг рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида солиқ тўлашдан қасддан бўйин товлаётган, яъни фаолиятида юқори хавф даражаси аниқланган айрим хўжалик субъектларида Солиқ кодекси нормалари асосида солиқ аудити ўтказишни бошламоқда.
Айни вақтда «Солиқ хавфини аниқлаш, таҳлил қилиш ва баҳолаш» автоматлаштирилган тизими орқали 66 та мезон асосида солиқ хавфи даражаси юқори бўлган соҳалар аниқлаб олинган. Булар қурилиш, ишлаб чиқариш, импорт, хизмат кўрсатиш, савдо ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидир.
Аниқ мисолларда кўриб чиқамиз
Қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва реализацияси билан шуғулланувчи субъектлар томонидан 2021 йилинг январь ойида цемент маҳсулотлари реализациясидан 14 млрд. сўм солиқлар тўланмаган. Бунинг оқибатида давлат бюджетига йўқотишларнинг йиллик миқдори тахминан 160-170 млрд. сўмга етади.
Алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва реализациясида ҳам шунга ўхшаш ҳолат. 2021 йилинг январь ойида алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва реализацияси билан шуғулланувчи субъектлар томонидан 22 млрд. сўмдан ортиқ солиқлар тўланмаган. Бунда давлат бюджетига йўқотишлар ўрта ҳисобда йиллик 260-270 млрд. сўмни ташкил этиши мумкин. Бу каби мисоллар кўплаб топилади.
Давлат солиқ қўмитасининг «Солиқ хавфини аниқлаш, таҳлил қилиш ва бошқариш» тизими 2021 йил 17 март ҳолатига солиқ хавфи даражаси ўта юқори бўлган 200дан зиёд корхонани аниқлади. (тўлиқ рўйхат бу ерда)
Шу муносабат билан, жорий йилнинг 20 апрелидан ушбу корхоналар (шу жумладан, йирик импортёрлар, қурилиш, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ва реализация қилувчи фирмалар, шунингдек хизмат кўрсатиш соҳаси)да босқичма-босқич солиқ аудити ўтказилади.
Солиқ аудити ўтказиш фақатгина юқорида кўрсатилган фаолият турларига тааллуқли эмас. Агар солиқ тўловчиларда солиқлардан қочишнинг юқори хавф даражаси аниқланса, амалдаги қонунчилик талаблари доирасида солиқ аудити ўтказилади.
Бинобарин, эълон қилинган рўйхат «Солиқ хавфини аниқлаш, таҳлил қилиш ва баҳолаш» автоматлаштирилган тизими натижаларига кўра солиқ тўлашдан бўйин товлаш хавфи юқори бўлган янги субъектлар билан тўлдирилиши мумкин.
Солиқ аудити ўтказиш босқичлари:
I-босқичда 2021 йил 20 апрелдан давлат солиқ органлари томонидан 56 та корхонага нисбатан солиқ аудити ўтказилади;
II-босқичда 2021 йил 1 июлгача юқори солиқ хавфи мавжуд бўлган 150 та корхона текширилади;
III-босқич 2021 йил 1 июлдан бошлаб ўтказилиши назарда тутилган. Бу босқичда дастлабки аниқланган маълумотлар асосида яна 500-800 та корхонада солиқ аудити ўтказилади.
Шулардан келиб чиқиб, барча солиқ тўловчилардан солиқ қонунчилигига риоя этган ҳолда фаолият юритишларини ҳамда хавфи юқори бўлган корхоналар рўйхатига кирмаслик учун «шубҳали» операцияларни амалга оширмасликларини сўраб қоламиз.
Маълумот учун. Солиқ аудити ташкил этиш ва ўтказиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 7 январдаги «Солиқ хавфини бошқариш, солиқ хавфи мавжуд солиқ тўловчиларни (солиқ агентларини) аниқлаш ва солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида»ги 1-сон қарори билан тасдиқланган.
Манбаа: soliq.uz
19.03.2021
15:24