Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 215 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг Соғлиқни сақлаш кодекси (ID-23138) лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
1. Лойиҳа 4-моддаси 16-хатбошига кўра, “давлат-хусусий шериклик - давлат шериги ва хусусий шерикнинг муайян муддатга юридик жиҳатдан расмийлаштирилган, давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун ўз ресурсларини бирлаштиришга асосланган ҳамкорлиги”, - деб белгиланган.
Бунда, давлат-хусусий шериклик тушунчасига таъриф беришда “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги Қонун нормаси қайта айнантакрорланган.
Аммо, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонун 24-моддаси талабига кўра, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатда, қоида тариқасида, худди шундай юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳуқуқий нормалари қайта айнан такрорланмайди”.
Шу сабабли ҳамда ушбу тушунча мазкур соҳадаги асосий тартибга солувчи Қонунда белгиланганлиги боис, юқоридаги хатбошини лойиҳадан чиқариб ташлаш тавсия этилади.
2. Мазкур Хулоса 1-бандида келтирилган асосларни инобатга олган ҳолда, лойиҳа 4-бандидан 22-хатбоши (даъвогар) ва 68-хатбошини (рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси) чиқариб ташлаш тавсия этилади.
3. Лойиҳа 4-банди 35-хатбошига кўра, “зарур фармацевтика амалиётлари (GxP) -дори воситаларини истеъмолчи учун сифати, самарадорлиги ва хавфсизлигини таъминловчи зарур ишлаб чиқариш амалиёти (GMP), зарур дистрибьюторлик амалиёти (GDP), зарур клиника амалиёти (GCP), зарур лаборатория амалиёти (GLP), зарур фармакологик назорат амалиёти (GVP), зарур сақлаш амалиёти (GSP), зарур дорихона амалиёти (GPP) талаблари мажмуаси”, - деб белгиланган.
Бироқ, мазкур тушунчада ва лойиҳанинг бошқа нормаларида бундай амалиётларнинг ким томонидан тасдиқланиши назарда тутилмаган.
Бу эса, амалиётда турли ноаниқликларни келтириб чиқариши мумкин.
Мазкур Кодекс соҳадаги асосий тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланиши, қонунчиликда тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларни қабул қилиш талаби белгиланганлигини инобатга олиб, ушбу амалиётларни тасдиқлаш тартибини ҳам лойиҳада назарда тутиш тавсия этилади.
4. Лойиҳа 6-моддасига кўра, “Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлашнинг давлат, хусусий ва бошқа тизимлари йиғиндисидан иборат ягона соғлиқни сақлаш тизими амал қилади”, - деб белгиланган.
Бунда, соғлиқни сақлаш ягона тизимига “бошқа тизимлар” ҳам кириши назарда тутилган.
Аммо, лойиҳада бундай “бошқа тизимлар”га тушунча берилмаган, шунингдек, ушбу тушунча аниқлаштирилмаган.
Бундан ташқари, ҳозирги кунда амалиётда соғлиқни сақлаш тизимида давлат ва хусусий тиббиёт тизимларигина мавжуд.
Юқоридаги тушунча эса, амалиётда турлича талқин қилиниши, тушунмовчиликларни келтириб чиқариши мумкин.
Шу боис, лойиҳада “бошқа тизимлар” тушунчасига таъриф бериш ёки уни лойиҳадан чиқариб ташлаш тавсия этилади.
5. Лойиҳа 15-моддаси 2-3-бандларига кўра, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг ваколатларидан бири сифатида давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан ҳужжатлар, статистик маълумотлар, ҳисоботлар, таҳлилий материаллар, хулосалар ва бошқа маълумотларни сўраш ва олиш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, етакчи лойиҳа институтлари, илмий-таълим муассасалари, халқаро ташкилотлар, хорижий компанияларнинг юқори малакали ходимларини ва мутахассисларни жалб қилиш белгиланган.
Бироқ, мазкур норманинг бундай таҳрирда баён қилиниши амалиётда турлича талқин қилинишига, Агентлик томонидан исталган субъектдан турли маълумотлар ва ҳужжатларнинг, исталган ходимларни жалб этишни талаб қилинишига олиб келиши мумкин.
Зеро, мазкур масалалар қонунчиликда белгиланган тартибда, шунингдек, юқори малакали ходимларни ва мутахассисларни жалб қилиш каби масалалар икки субъект ўртасида ўзаро келишув асосида ҳал этилади.
Бундан ташқари, давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан ҳужжатлар, статистик маълумотлар, ҳисоботлар, таҳлилий материаллар, хулосалар ва бошқа маълумотларни сўраш ва олиш ҳамда мутахассисларни жалб этиш ўзининг юридик табиатига кўра ваколат бўла олмайди. Бу ҳар қандай ташкилотнинг ҳуқуқи бўлиши мумкин.
Шу боис, юқоридаги нормада мазкур масалаларни назарда тутиш, яъни ташкилотлардан ҳужжатларни талаб қилиш ҳамда мутахассис ва ходимларни жалб этиш амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилишини белгилаш лозим.
6. Лойиҳа 46-моддаси иккинчи қисмига кўра, “Тиббиёт фаолияти субъектлари раҳбарлари ҳар бир тиббиёт ходими ўз жавобгарлигини мажбурий суғурталаш тўғрисидаги суғурта шартномаси мавжудлигига хамда беморга ёки унинг ҳуқуқий ворисига суғурта товони тўланишида кўмаклашишга шахсан жавобгардир”, - деб белгиланган.
Бунда, тиббиёт ходимларининг ўз жавобгарлигини мажбурий суғурталаши ва беморга суғурта товони тўланиши учун тиббиёт фаолияти субъектлари раҳбарлари жавобгар бўлиши назарда тутилган.
Бироқ, бундай норманинг белгиланиши асоссиз равишда тиббиёт фаолияти субъектлари раҳбарларининг жавобгар бўлишига олиб келиши мумкин.
Бундан ташқари, суғурта соҳасидаги амалдаги қонунчиликка кўра, ходимнинг ўз жавобгарлигини мажбурий суғурталаши бўйича шу ходимнинг ўзи шахсан жавобгар бўлиши назарда тутилган.
Юқоридагиларни инобатга олган олиб, лойиҳада ходимнинг ўз жавобгарлигини мажбурий суғурталаши бўйича шу ходимнинг ўзи шахсан жавобгар бўлишини белгилаш мақсадга мувофиқдир.
7. Лойиҳа 52-моддаси биринчи қисмига кўра, “Суғурта ҳодисаси бўйича суғурта товони тўлаш суғурта воқеаси содир бўлган жойдаги суднинг суғурталовчи юборган материал бўйича чиқарган қарори асосида амалга оширилади”, - деб белгиланган.
Яъни, бунда суғурта товонини тўлашга фақат суднинг қарори асос бўлиши назарда тутилган.
Бироқ, бу юридик жиҳатдан тўғри бўлмайди.
Шунингдек, суғурта товонини тўлашга фақат суднинг қарорини асос қилиб белгилаш, суғурта товонини олишни мураккаблаштириб, суғурталанган шахс ҳуқуқларининг асоссиз чекланишига олиб келиши мумкин.
Амалдаги қонунчиликка, мисол учун, “Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Қонунга кўра, суғурта товонини тўлаш ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисани махсус текшириш далолатномаси, тиббий-меҳнат экспертиза комиссиясининг хулосаси, низолар юзага келган ҳолларда эса — суднинг қарори асосида амалга оширилади.
Кўриниб турганидек, суғурта соҳасининг бошқа йўналишларида суднинг қарори фақат низолар юзага келганда суғурта товонини тўлашга асос бўлиши белгиланган.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, суғурта товонини тўлаш учун асос бўладиган ҳужжатлар доирасини қайта кўриб чиқиш зарур.
8. Шунингдек, лойиҳада суғурта товонини олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар аниқ келтирилмаган.
Бу эса, амалиётда турли ноаниқликларни, ортиқча ҳужжатларнинг асоссиз талаб этилиши ҳолатларини келтириб чиқариши мумкин.
Шу боис, лойиҳада суғурта товонини олиш учун тақдим этилиши лозим бўлган ҳужжатларни аниқ келтириб ўтиш тавсия этилади.
9. Лойиҳа 153-моддасига кўра, корхона, муассаса, ва ташкилотларнинг қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги бўйича мажбуриятларини белгилаш назарда тутилган.
Бироқ, бу норма исталган корхона, муассаса, ва ташкилотларга қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги бўйича ортиқча мажбуриятларнинг асоссиз равишда юклатилишига олиб келиши мумкин.
Бу эса, юридик жиҳатдан тўғри бўлмайди.
Шу боис, лойиҳада мазкур соҳадаги ташкилотларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини алоҳида, бошқа ташкилотларнинг ҳуқуқларини эса алоҳида кўрсатиш лозим.
10. Лойиҳа 218-моддаси 10-11-қисмларига кўра, наркологик касалликка чалинган шахсларни суд мажлисига келтириш тартиби, суд қарори устидан шикоят қилиш тартиби каби процессуал нормаларни белгилаш назарда тутилган.
Мазкур масалалар ушбу лойиҳанинг тартибга солиш предмети ҳасобланмаслиги ҳамда бундай масалалар процессуал қонунлар билан тартибга солинганлигини инобатга олган ҳолда, лойиҳадан бу каби нормаларни чиқариб ташлаш лозим.
11. Лойиҳа 233-моддаси 2-қисми учинчи хатбошига кўра, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачига, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар, шаҳарлар бош давлат санитария врачларига, уларнинг ўринбосарларига ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқлар берилади:
"...
санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари бузилишлари бартараф этилгунига қадар, ишлаб турган иншоотлардан, турар жойлардан, ишлаб чиқариш объектларидан, маданий-маиший бинолардан фойдаланишни, умумий овқатланиш ва савдо корхоналарининг, таълим, даволаш-профилактика, санаторий-курорт муассасаларининг ва бошқа муассасаларнинг фаолиятини тўхтатиб туриш, ускуналарни, асбобларни ишлатишни, транспорт воситаларидан фойдаланишни тақиқлаш”.
Таъкидлаш лозимки, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун 42-моддасида тадбиркорлик субъектларига нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари қандай ҳолатларда суд томонидан, қайси ҳолатларда ваколатли давлат органи томонидан қўлланилиши аниқ белгилаб берилган.
Унга кўра, фаолиятни чеклаш, тўхтатиб туриш ва тақиқлаш билан боғлиқ ҳуқуқий таъсир чоралари фақат суд тартибида қўлланилади, бундан фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи учун бошқа ҳақиқий хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолда фаолиятни ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга чеклаш, тўхтатиб туриш ҳоллари мустасно.
Кўриниб турганидек, юқоридаги нормада ушбу Қонун талабларидан четга чиқиш ҳолатлари мавжуд.
Шу боис, лойиҳанинг юқоридаги ва бошқа нормаларини мазкур Қонун талабларига мослаштириш лозим.
12. Лойиҳа 268-моддасида соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-ҳусусий шериклик билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш белгиланган.
Бироқ, унда “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги Қонун талаблари тўлиқ инобатга олинмаган.
Хусусан, модданинг иккинчи қисмига кўра, “Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган ҳоллардан ташқари хусусий шерикни танлаб олиш тендер асосида ёки тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш орқали амалга оширилади”, - деб белгиланган.
Юқоридаги Қонуннинг 25-моддасида эса, “Тарафлар давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни давлат шеригининг қарорига мувофиқ қуйидаги ҳолларда тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш асосида тендер ўтказмасдан тузиши мумкин:
давлатнинг мудофаа қобилиятини ва хавфсизлигини таъминлашда;
давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишнинг зарурий шарти ҳисобланган интеллектуал фаолият натижаларига доир мутлақ ҳуқуқлар, бошқа мутлақ ҳуқуқлар, ер участкаси, бошқа кўчмас мол-мулк объекти ва ўзга мол-мулк муайян шахсга тегишли бўлганда;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан белгиланган ҳолларда”, - деб кўрсатилган.
Кўриниб турганидек, ушбу нормалар ўртасида ўзаро номувофиқликлар келиб чиққан.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳада давлат-ҳусусий шериклик билан боғлиқ масалалар мазкур Қонун билан тартибга солинишини назарда тутиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.
13. Лойиҳада Тиббиёт ва фармацевтика фаолиятини, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолиятни лицензиялаш, Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникани давлат рўйхатидан ўтказиш тартиб-таомилларини назарда тутувчи нормалар белгиланган.
Мазкур масалалар лицензия ва рухсатномалар бериш тўғрисидаги махсус қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тўғридан-тўғри тартибга солинади.
Шу боис, юқоридаги масалалар билан боғлиқ нормаларни лойиҳадан чиқариб ташлаш тавсия этилади.
14. Лойиҳанинг кўплаб моддаларида, хусусан 7-8, 11, 13, 32, 35, 43, 47-48, 50-51, 53, 62, 73, 87, 96-97, 115, 129, 140, 142-145, 148, 152, 158, 161, 163-164, 209, 218, 229, 242, 249, 250, 260-265, 270, 276-моддаларда ва лойиҳанинг бошқа нормаларида соғлиқни сақлаш соҳасидаги кўплаб масалалар Вазирлар Маҳкамаси ёки Махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланиши ва тасдиқланиши назарда тутилган.
Яъни, лойиҳада кўплаб ҳаволаки нормалар қўлланилган.
Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 августдаги ПФ-5505-сонли Фармони билан тасдиқланган Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш Концепциясининг 7-бандида тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларни қабул қилишнинг самарали механизмларини жорий этиш белгиланган.
Бу талаб, айниқса, бир соҳани кенг қамровли тартибга солишга қаратилган кодексларга тааллуқлидир.
Шуни таъкидлаш лозимки, лойиҳада бу каби ҳаволаки нормаларни назарда тутиш амалда ушбу соҳадаги ҳуқуқий муносабатларни тўлиқ тартибга солиш имконини бермайди. Натижада, мазкур Кодекс лойиҳасининг ҳам регулятив ҳам юридик аҳамияти йўққа чиқади. Яъни, бу лойиҳа кодекс сифатида ўз вазифасини бажара олмайди.
Шу боис, лойиҳада ҳаволаки нормаларни кескин камайтириш, юқорида келтирилган тартибларни эса лойиҳанинг ўзида назарда тутиш лозим.
15. Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳани қайта кўриб чиқиш, унда соғлиқни сақлаш соҳасидаги амалдаги қонун ҳужжатлари нормаларини тўлиқ бирлаштириш ҳамда уларни ўз кучини йўқотган деб топиш масаласини назарда тутиш лозим.
29.03.2021
14:22