Ўзбекистон-Саудия Арабистони Ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди
2021 йил 5-апрель куни “UzExpomarkaz”нинг “ITC” залида видеоконференция шаклида Ўзбекистон-Саудия Арабистони Ишбилармонлар кенгашининг бириничи йиғилиши бўлиб ўтди.
Ушбу видеоконферециядан кўзланган мақсад: экспортга йўналтирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш, фрмацевтика соҳасида мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш шунингдек, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги савдо-иқтисодий, сармоявий ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси, Ишбилармонлар кенгашининг Ўзбекистон томонидан ҳамраиси Адҳам Икрамов, Инвестиция ва ташқи савдо вазири ўринбосари Ш.Вафоев ва бир қатор мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.
Саудия томонидан Саудия Арабистонининг ACWA Рower компанияси раиси, Ишбилармонлар кенгашининг Саудия томонидан ҳамраиси Муҳаммад Аббунайян,Соғлиқни сақлаш хизмати гуруҳининг бош директори Доктор Сулаймон Ал Ҳабиб ва турли соҳа мутаҳассислари иштирок этди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А. Икрамов ўз нутқида, сўнгги йилларда икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик фаоллашганини, ташкил этилган қўшма тадбирлар бунинг тасдиғи эканлигини таъкидлади.
Онлайн тарзда бўлиб ўтган конференцияда мева-сабзавот, чорва молларини етиштириш, шунингдек, Ўзбекистонда мева ва сабзавотларни йиғиш, саралаш, қайта ишлаш, совутиш тизимлари, мазкур йўналишларда инвестицион лойиҳаларини амалга ошириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Тадбир давомида, Қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва текстиль соҳалари мутасаддилари томонидан тақдимотлар ўтқазилиб, мамлакатимизнинг инвестицион салоҳияти ва мавжуд имкониятлар намойиш этилди. Саудия Арабистони вакиллари томонидан тақдимотлар ижобий баҳоланди ва бир қатор таклфилар билдирилди.
Хусусан қишлоқ хўжалиги ва фармацевтика соҳаларида кенг ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида икки мамлакат мутасаддилари томонидан яқин кунларда учрашувлар ўтказишга келишиб олинди.
Маълумот учун: Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Саудия Арабистони инвесторлари иштирокида 14 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Жумладан, улардан 4 таси 100% Саудия капитали асосида фаолият юритади.
07.04.2021
12:28