Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-681-сон 2021 йил 1 апрелдаги “Томорқа хўжалиги тўғрисида”ги Қонунни мазмуни ва моҳияти
Қонуннинг мақсади – томорқа хўжаликларини юритишни ташкил этиш ва уларни ривожлантириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Ушбу Қонун 19-моддадан иборат.
Томорқа хўжалиги шахсий томорқа ер участкаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини эркин савдо ва оила эҳтиёжлари учун етиштириш билан боғлиқ меҳнат фаолияти ҳисобланади.
Томорқа хўжалиги тадбиркорлик фаолияти ҳисобланмайди ва томорқа хўжалигини давлат рўйҳатидан ўтказиш талаб этилмайди.
Томорқа хўжалигида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича шахсий меҳнати билан иштирок этишга асосланган фаолиятни мустақил равишда амалга оширувчи шахс аҳоли бандлиги тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда ўзини-ўзи банд қилган шахс мақомини олиши мумкин. Томорқа хўжалигини юритиш учун ажратилган шахсий томорқа ер участкасида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари хусусий мулкдир.
Томорқа хўжалигини юритишда қуйидаги ер участкаларидан фойдаланилади:
- эркин савдо ва оила эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш мақсадида ушбу Қонун кучга киргунга қадар мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлар, ўрмон фонди ерлари ҳамда аҳоли пунктлари ерларидан берилган ер участкаларидан;
- мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун берилган ер участкаларидан.
Аслида томорқа ризқ-рўз, қўшимча даромад манбаи, бандликни, арзончиликни таъминлашнинг самарали йўлидир.
Қонуннинг амал қилиши белгиланган тартибда хусусийлаштирилган, якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун берилган ер участкалари, шунингдек мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган ер участкалари билан боғлиқ муносабатларга нисбатан тадбиқ этилмайди.
Қонунда шахсий томорқа ер участкаларидан томорқа хўжалигини юритиш учун фойдаланувчи шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланган. Бунда, томорқа хўжаликларини эркин ва мустақил тарзда қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини эркин реализация қилиш, мустақил равишда нарх белгилаш ва олинган даромадларни тассарруф этиш ҳуқуқларидан иборатдир.
Шахсий томорқа ер участкаларидан томорқа хўжалигини юритиш учун фойдаланувчи шахслар ер участкаларидан мақсадли ва оқилона фойдаланишини таъминлаши, шу жумладан, ер участкаларида қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ёки ободонлаштиришни амалга ошириши, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш чораларини кўриши, сув ресурсларидан оқилона ва тежаб фойдаланиши, уй-жой қуриш ҳуқуқисиз ажратилган ер участкаларида бинолар ва иншоотлар қурмаслиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда экология ҳамда санитария талаблари ва нормаларига риоя этиши мажбуриятларини олади.
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
12.04.2021
18:07